Жасорат абадий, хотира мангу

Хотира бор экан, инсон аждодларини ёдга олади. Бир зўм бўлса-да, ўтмишга, тарих саҳифаларига қайтади. Тинч-тотув, фаровон ҳаётнинг заҳматкашларини билишга ошиқади. Мард-жасур ўғлонларни, фидойи кишиларни қадрлайди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Халқаро муносабатлар” кафедраси томонидан онлайн конференция ташкил этилди.

Унда профессор-ўқитувчилар, ҳамкор таълим муассасалари вакиллари, олимлар, адабиёт ва санъатшунослар, докторант, магистрант ва талабалар уйда ўтирган ҳолда онлайн уланиб иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори З.Исломов, Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Ш.Мавлонов, “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факулътети декани А.Абдурашидов, ўқитувчилар А.Мўминов, М.Муҳаммадсидиқов, А.Бекузиев ҳамда талаба-ёшлардан С.Худайқулова, М.Эргашбаев, Ж.Жалолиддиновлар ўз маърузалари билан иштирок этди.

“Жасорат абадий, хотира мангу” мавзусидаги анжуманда “Миллитаристик Япония устидан эришилган ғалаба ва халқаро муносабатлар”, “Фашизм билан курашнинг дунё ҳамжамияти учун принципиал аҳамияти”, “Ўзбекистонликларнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси”, “Ўзбекистон халқининг фронт ортидаги шижоатли меҳнати”, “Хотира ва қадрлаш кунида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари иззат икромда” мавзулари бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, юртимизда ҳар йил 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ва II жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар кўлами ва савияси ошиб бораётгани, ёш авлод хотирасида аждодларнинг барҳаёт яшашини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган эзгу ишларга тўхталиб ўтилди.

Айни пайтда иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб пойтахтимизда барпо этилаётган “Ғалаба боғи мажмуаси” ҳам аждодларга бўлган чексиз ҳурматнинг ёрқин намунасидир. Бу ҳақида сўз кетар экан, Давлат раҳбаримизнинг қуйидаги сўзларини эслаш кифоя: “Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак.

Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур”. Дарҳақиқат, бугун аждодларимиз илмий-маънавий меросига содиқ қолган ҳолда, ватанпарварлик руҳида камол топаётган ёш ўғил-қизлар Ватан учун жонини фидо қилган ота-боболаримиз, мард-жасур ўғлонларимиз, фронт ортида оғир меҳнатни бошдан ўтказган қаҳрамон оналаримиз, кексаларимиз ва ёш бўлатуриб ўзининг беғубор болалигини қийинчлик даврларида ўтказган ака-ука, опа-сингилларимиз кимлигини, кўрсатган жасоратини билиши керак.

Уларнинг номлари нафақат тарих зарварақларидан, балки қалблардан ҳам чуқур жой олиши лозим. Айнан шу мақсадда ташкил этилган анжуманда ҳам бу борада ҳукуматимиз томонидан белгиланган аниқ мақсад ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш, олий таълим муассасларида талаба-ёшлар маънавиятини юксалтириш, аждодларга бўлган чексиз эҳтиром ва ҳурматни кучайтириш ҳақида айтилди. А

якунида талаба-ёшлар ҳам олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан эътироф этилган мулоҳазалар юзасидан аждодларга муносиб авлодлар бўлиш катта бахт ва шараф эканини билдирди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати


Print   Email