Одам борки, одамларнинг нақшидур

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан очилган Ўзбекистон халқаро ислом академиясида юқори илмий салоҳият ва педагогик маҳоратга эга профессор-ўқитувчилар талайгина. Буюк Алишер Навоий бундай инсонларга “Одам борки, одамларнинг нақшидур” дея таъриф беради.

Қ У Т Л О В

Юртимиз қадимдан илму маърифат ўчоғи бўлиб келгани тарихий ҳақиқат. Таъбир жоиз бўлса, билим, маънавият – донишманд аждодларимизнинг асосий бойлиги ҳисобланган.

Бинобарин, ўлкамиз, айниқса, ўрта асрларда дунё зиёлилари учун бамисоли оҳанрабо вазифасини ўтаган. Турли халқлар ва юртларнинг маърифатпарвар кишилари Мовароуннаҳрга интилиб, унинг илмий-маданий марказларидан илм, маърифат излаган, таҳсил олган. Бунинг исботларини ишончли манбалардан кўплаб топиш мумкин. Шунинг учун ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро туризм ташкилотининг собиқ директори Толиб Рифоъий юртимизни ўрта асрлар Силикон водийсига менгзагани бежиз эмас.

Зикр этилган мулоҳазалардан мантиқий савол ҳам келиб чиқади: юртимизнинг бундай улуғвор мақомини таъминлаган кишилар кимлар бўлган?

Мустақиллик шарофати билан халқимиз бундай аллома-устозларни яхшигина таниб олишга муваффақ бўлдик. Дарҳақиқат, диний-маънавий илмлардан бошлаб, аниқ ва табиий фанларгача бўлган кенг кўламда эришилган оламшумул ютуқларнинг муаллифлари ўз даврининг энг нуфузли устозлари бўлганига асло шубҳа йўқ.

Айтиш жоизки, асрлар давомида юртимиз учун анъанавий бўлиб келган маърифатпарварлик руҳияти бугун янги бир кўринишлар ва замонавий мазмун-моҳиятни ўзида мужассамлаштирган ҳолда қайта жонланмоқда. Бунга мамлакатимиз раҳбари, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мисли кўрилмаган саъй-ҳаракатлари ва илму маърифатга садоқати, ушбу қадрият умуммиллий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи эканига бўлган метин ишончи туртки бўлаётгани нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам сидқидилдан тан олинаётгани ҳеч ким учун сир эмас.

Ана шундай шароитларда бутун борлиғини илм-фан ҳамда таълим-тарбияни ривожлантиришга бағишлаган кишилар хизматлари ҳурмат билан эътироф этилаётгани таҳсинга сазовор. Ушбу сўзларни машҳур арабшунос-исломшунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Аҳаджон Аҳмаджонович Ҳасановнинг табаррук 80 ёшга кириши муносабати билан мавжуд шароитдан келиб чиқиб, телефон ва бошқа алоқа воситалари орқали кенг жамоатчилик, оила аъзолари, яқин дўстлари ва шогирдлари томонидан билдирилаётган табрик сўзларида ҳам ўз ифодасини топмоқда, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Аҳаджон Ҳасанов ислом дини ва мусулмон дунёси тарихи ҳамда маданиятига оид кўплаб йирик тадқиқотларнинг муаллифи, эллик йилдан зиёд даврдан буён олий таълим муассасаларида сидқидилдан мураббийлик қилиб келаётган устоз, давлатимиз равнақи ва жамиятимизнинг гуллаб-яшнаши учун бениҳоя муҳим бўлган муаммолар ечимини топишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи инсон сифатида ҳар қандай олқишларга муносибдир. Шуни таъкидлашни истар эдимки, “Илм-фан ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” режаларинининг рўёбга чиқарилишида айнан юбиляримиз каби инсонлар таянч нуқта ва ўзак ўқ вазифасини ўтайдилар, маёқ вазифасини бажарадилар.

Аҳаджон Ҳасановдек заҳматкаш олим ва устознинг бугунги таваллуд айёмининг кўпчилик томонидан кўтаринки кайфиятда кутиб олинаётганининг яна бир ибратли тарафи бор. У ҳам бўлса, бундай инсонлар босиб ўтган йўлни ўрганиш бамисоли энг нуфузли университетни тугатишдек наф келтиришидир. Модомики шундай экан, профессор Ҳасановдек камтарин устозларнинг илмий-ижодий ҳамда тарбиявий-педагогик йўлини оммалаштириш миллий юксалишимизга хизмат қилишини назарда тутмоқ даркор. Чунки Аҳаджон Ҳасановдек йирик олим ва донишманд устозни тарбиялаш учун 80 йиллик заҳмат ва риёзатни бошдан кечирмоқ лозим. 

Халқимизнинг ҳавас қилишга арзигулик анъаналаридан бири – ёши улуғ ва, айни пайтда, эътиборли кишиларга қараб иш тутишдир. Улар томонидан амалга оширилаётган умумманфаатли ишлардан илҳомланиб, бундай хайрли фаолиятни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга интилишдир. Устоз Аҳаджон Ҳасанов мисолида ушбу ҳақиқат ўзининг ёрқин исботини топган ҳамда бардавом бўлиб қолиши муқаррар, иншааллоҳ. Юбиляримизга ўхшаган донишманд, ватанпарвар, элсевар ва зиёли инсонлар қайси томонга юрсалар, истеъдодли ёшлар ҳам уларга эргашишига шубҳа йўқ.

Профессор Аҳаджон Ҳасановни табаррук 80 ёшга кираётганлари билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси номидан самимий табриклаб, Устозга мустаҳкам соғлик ҳамда янги илмий-ижодий ютуқлар тилаб қоламан!

 

Рустам Қосимов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори,
иқтисод фанлари доктори, профессор