“ХАЛИФА УСМОН МУСҲАФИНИ ЎҚИШГА МУШАРРАФ БЎЛДИМ”

Бугун Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий ҳамда таълим бўлими бошлиғи Жалғас Сандыбаев Тошкент шаҳрининг қадимий Хастимом даҳасида жойлашган муҳташам Ҳазрати Имом мажмуасида ҳам бўлди.

Янги барпо этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ҳазрати Имом жоме масжиди, икки улкан минора, “Истиқлол” маҳалла гузари ва бошқа иншоотлар шу тарихий биноларга ҳар томонлама уйғун ҳолда, шарқона меъморий услуб ва замонавий шарт-шароитларга эга ҳолда барпо этилгани зиёратчиларда катта таассурот қолдирди.

Жоме масжид нафақат пойтахтимизда, балки юртимиздаги энг катта масжидлардан бири ҳисобланади. Унда бир пайтда айвони билан қўшиб ҳисобланса, беш мингдан ортиқ киши намоз ўқий олади.

Тарихий маълумотларга кўра, мўғуллар истеълоси даврида вайронага айланган мақбарани Соҳибқирон Амир Темур XIV асрда қайтадан бунёд этган. Ҳозирги ёдгорликнинг замин қисмлари X-XI асрларга, юқори қисми эса XIV-XVI асрларга хос бўлиб, Самарқанд услубида қурилган.

Янги жоменинг шимоли-ғарб тарафидаги мўъжазгина бир тарихий бино – Мўйи Муборак мадрасаси ҳам зиёратчилар эътиборидан четда қолмади. Зеро, ушбу мадраса илк бор XV асрда Бароқхон мадрасасининг қаршисида қурилган ва манбаларда айтилишича, Хожа Ахрор Валий то Самарқандга кетгунича, бу ерда бир муддат талабаларга дарс ҳам берган экан.

2007 йилда Мўйи Муборак мадрасаси қайта таъмирланиб, машҳур Мусхафи Усмон музей – кутубхонасига айлантирилди. Халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) ушбу Мусҳафни ўқиб ўтирган пайтларида шаҳид этилганлар. У кишининг муборак қон доғлари Китоб саҳифаларида сақланиб қолган.

Ушбу маълумотлар Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий ҳамда таълим бўлими бошлиғи Жалғас Сандыбаевни ҳайратда қолдирганини яширишмади. Улар Халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафини ўқиш имконига ҳам мушарраф бўлишди.

Шундан сўнг меҳмонлар Тилла Шайх масжидида бўлиб, у ерда фаолият кўрсатаётган амалий санъат усталари томонидан қўл меҳнати билан яратилган нодир буюмлар, бебаҳо китоблар ва қадимий касб эгалари фаолияти учун яратилган шароитлар билан ҳам танишишди.

Эрамизнинг Х асрида ўлкамизда диний билимларни ёйиш ва ислом қонунчилиги асосларининг татбиқ этилишига катта ҳисса қўшган Ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший мақбарасининг зиёрати ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

 


Print   Email