РОССИЯНИНГ БОЛГАР ИСЛОМ АКАДЕМИЯ БИЛАН “ЙЎЛ ХАРИТАСИ” ИМЗОЛАНДИ

Хабарингиз бор: куни кеча Самарқанд шаҳрида ўтган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференцияси ўзининг долзарблиги ва илмий-амалий аҳамияти билан бутун ислом олами эътиборини тортди.

Зеро, нуфузли анжуман доирасида дунёнинг кўзга кўринган уломолари ва олимлари бугун дунёни қийнаётган диний ақидапарастлик, терроризим каби глобал муаммоларга “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида курашиш борасида ўз фикр-мулоҳозаларини билдириш асносида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш хусусида ҳам келишиб олишди.

Хусусан, ана шундай амалий ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Россия Федерациясининг Болгор ислом академияси ўртасида тузилди.  Конференция доирасидаги ўзаро мулоқотлар ва унгача бўлган даврдаги ҳамкорлик алоқалари асосида ҳар иккала академия ўртасида мустаҳкам ва узвий яқинликни изчил ва самарали давом эттириш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Анжуманнинг иккинч кунги ялпи йиғилиши якунида икки академиянинг ишончли вакиллари — Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўқув ишлари проректори Иброҳим Усмонов ҳамда Татаристоннинг Болгар ислом академияси проректори Айнур Тимерханов томонида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.

Унга кўра, 2020 йил давомида академияларнинг Магистратура ва Доктарантуралари ўртасида ўқув дастурлари алмашиш, Қуръоншунослик, ислом ҳуқуқшунослиги, уни ўқитиш методологияси каби кўплаб фанлар бўйича ҳамкорликдаги таълим дастурларини яратиш, профессор-ўқитувчилар, докторант ва илмий изланувчилар ҳамда талабалар алмашинувини кенг йўлга қўйиш, мутахассислик йўналишида илмий тадқиқотлар мавзуларини белгилаш ва ҳамкорикда олиб бориш юзасидан кенг қамровли алоқалар кўзда тутилмоқда.

Албатта, бундай ҳамкорлик алоқалари ҳар иккала академияда таълим сифатини ошириш, рақобатбардош етук мутахассис кадрларни тайёрлаш орқали бутун дунёда халқлар ва динлар ўртасида ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга, илм-маърифат, эзгулик ғойлари атрофида жипслашиб давлатлар тараққиётида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email