ҚУВАЙТ ДАВЛАТИ ЭЛЧИСИ ТАЛАБАЛАР ДАВРАСИДА

Қувайт давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмад Холид Ал-Жийрон Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари билан “Қувайт — ёшлар нигоҳида мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Б.Мамадиев, Ўқув ишлари бўйича проректор И.Усмонов, “Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар” кафедраси мудири А.Казакбоев, Хорижий талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Хўжаев, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Учрашувда Қувайт давлатининг таълим тизими, ёшларнинг билим олиши учун яратилган шароитлар, давлатлараро халқаро ҳамкорлик муносабатлари хусусида фикр алмашилди. Жумладан, Аҳмад Холид Ал-Жийрон жаноблари талаба-ёшлар билан учрашувга таклиф этилгани учун академия раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси Марказий Осиёда ягона таълим муассасаси ҳисобланиши ва Қувайт давлат университетлари билан таълим соҳасидаги дўстона ҳамкорлик муносабатлари ҳар икки давлат ёшлари учун манфаатли эканини таъкидлади.

Мамлакатларимиз олий таълим муассасаларида талабалар алмашинуви йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди, – деди ўз нутқида элчи жаноблари. — Биз ҳозирда Қувайт давлат бир неча университетлари билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўртасида Англашув мемарандумлари имзолашни режалаштирмоқдамиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги маънавий ва маданий алоқаларнинг ҳам мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшишига ишонаман.

Дўстона руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Қувайт халқлари маданияти, яшаш тарзи ва эътиқодидаги ўхшаш ҳамда муштарак жиҳатлар, ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган вазифаларга ҳам эътибор қаратилди.

Тадбирда талаба-ёшларнинг Қувайт давлати билан яқиндан танишиши учун видео-фильм намойиш қилинди. Унда мамлакатнинг иқтисодий, илмий, маънавий-маърифий салоҳияти, эришган ютуқлари, ёшларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, учрашувда Қувайт давлати тарихи ва бугунги куни билан боғлиқ савол-жавоблар ҳам ўтказилиб, фаол иштирок этган талабалар элчи Аҳмад Холид ал-Жийрон томонидан муносиб тақдирланди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email