ҚУРЪОН ҚИРОАТИ БЎЙИЧА ЎЗБЕК ТАЛАБАЛАРИ ДУНЁДА ТАН ОЛИНАДИ

Бугун 27 ноябрь куни Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий ҳамда таълим бўлими бошлиғи Жалғас Сандыбаев Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.

Меҳмонларни институт ректори Уйғун Ғафуров ва бошқа мутасадди ходимлар самимий кутиб олди.

Суҳбат давомида Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий жаноблари мазкур институт тарихи, мақсад-вазифалари, ўқув тизими ва таълим дастурлари ҳамда амалдаги ўқув адабиётлари билан қизиқди.

Ўзбекистонга ташрифим давомида юртингизда диний таьлим, олиму уламоларга халқингиз, давлат ва ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилаётгани эътиборимни тортди ва қувонтирди, — дейди ўз сўзида “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад ал-Жиндий. — Мазкур диний олий таълим муассасаси менда катта таассурот қолдирди. Ўқув жараёнларида фиқҳ, ақоид, ҳадис, мусталаҳ-ул-ҳадис, тафсир каби диний фанлар, фалсафа, социология, динлар тарихи, сиёсатшунослик, иқтисодиёт назарияси, экология асослари каби ижтимоий фанлар ҳамда Қуръони карим қироати, тажвид, улумул-Қуръон таҳфизул-Қуръон фанлари қаторида она тили, араб тили, инглиз, форс, рус тили каби дунё тиллари билан бирга хаттотлик санъатининг ўқитилиши ҳайратимни оширди. Демак, ўзбек талабаларининг Қуръон қироати бўйича дунёда тан олиниши бежиз эмас экан!

Ташриф асносида ислом оламидаги таниқли олим Муҳаммад ал-Жиндий томонидан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти муаллим ва талабаларига Ислом динини ўқитиш ва ўрганишдаги ўзига хос долзарб мавзулари юзасидан маъруза ўқилгани барчада катта таассурот қолдирди.

Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий жанобларининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.


Print   Email