Пайғамбар (алайҳис-салом) етук ахлоқ тимсоли

Пайғамбар (алайҳис-салом) етук ахлоқ тимсоли

Бугун дунёда кечаётган глобаллашув даврида халқларнинг маънавияти, маданияти, адабиёти, санъати ҳаттоки, имон-эътиқодига ҳам ёвуз кучлар томонидан тажовузлар бўляптики, буни дунёнинг турли нуқталарида кунора содир бўлаётган нотинчликлардан ҳам кўриб турибмиз. Бунинг натижасида халқлар ўртасидаги дўстлик, яқин қўшничилик алоқаларига путур етмоқда. Муқаддас ислом динимиз эзгу амалларига риоя этиш, аждодлар илмий-маънавий меросини ўрганиш, инсонни камолотга етакловчи муҳим омиллардан ҳисобланади.

Шу боис аждодларимиз илмий-маънавий меросини ўрганиш, муқаддас динимиз мусаффолигини ҳимоя қилиш йўлидаги кураш, мусулмон одоб-ахлоқ қоидаларини, жумладан, мўътадиллик, кечиримлилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниб яшашга интилишдек олижаноб фазилатларни қадрлаш, уни жамоатчиликка етказиш бугунги давр учун муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Пайғамбар (алайҳис-салом) етук ахлоқ тимсоли” мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда мисрлик мотуридийшунос олим, ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида фаолият олиб бораётган доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ўз маърузаси билан бевосита иштирок этди.

Шунингдек, семинарда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутахассислари, Академия профессор-ўқитувчи ва ходимлари, олимлар, докторант, магистрант ҳамда талабалар билан бир қаторда Туркия, Иордания, Россия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан исломшунос олимлар ҳам қатнашди.

Тадбирда гўзал хулқ-атвор маъноси ва унга хос бўлган фазилатлар, Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг ўз оилаларига бўлган муносабатлари, адолат, сўзлашиш одоблари, болаларга бўлган ўзгача самимийлик, бошқа дин вакиллари билан ҳам яхши муносабатда бўлганликлари, кечиримлилик, камтарлик, сабр-тоқат, кишиларга ёрдам қўлини чўзиш каби инсонга хос бўлган ахлоқий фазилатлар ҳақида суҳбатлашилди.

Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ўз нутқида ҳозирги кунда асрий анъаналар билан инсониятга етиб келган айрим ахлоқий одобларнинг унутилаётгани, кишилар ўртасидаги самимийлик, ўзаро меҳр-оқибат, оиладаги тартиб-қоидалар, фарзандлар тарбияси каби масалаларга жиддий эътибор қаратилмаётганини ҳаётий мисоллар орқали айтиб ўтди. Бунинг натижасида ҳар бир давлат ривожига салбий таъсир кўрсатаётган омилларнинг вужудга келиши, фаровонлик, тараққиёт, тинчлик-тотувлик аслида бошланғич пойдевор бўлган оиладан бошланишини таъкидлади.

Ўз ўрнида бу каби инсониятга ёт бўлган муаммоларга мутафаккир алломаларнинг илмий-маънавий мероси, гўзал хулқ соҳиби бўлиш каби даъватлари ечим бўлиши пировардида, Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг етук ахлоқ тимсоли бўлганликлари ҳақида илмий асосга эга маълумотларни семинар иштирокчилари эътиборига ҳавола қилди.

-  Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом гўзал хулқ соҳиби бўлганлар, — дейди мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурий. — У кишининг оилаларига меҳрибон бўлганликлари тарихий манбаларда ҳам мавжуд. Бекорчи гапларни сўзламаслик, болалар билан саломлашганда ҳам иззат-икром билан муомалада бўлиш, ҳеч кимга озор етказмаслик, кишиларга доимо яхшилик қилиш каби фазилатлар кундалик одатларига айланган.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон гўзал хулқ эгаси бўлмоғи лозим. Бунда болаликдан шаклланиб келган таълим-тарбия, оиладаги муҳит, ота-она масъулияти катта аҳамиятга эга. Бундай хислатга эга бўлиш учун эса Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг ибратли ҳаёт тарзлари барчамизга намуна бўлиб хизмат қилади.

Мазмунли ўтган семинарда мавзу бўйича профессор-ўқитувчилар, олимлар ҳам бу борада олиб борган ўз илмий-тадқиқот ишлари, яратган асарлари ҳақида маълумот беришди. Якунда иштирокчилар томонидан берилган саволларга Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий атрофлича жавоб берди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 


Print   Email