ЎЗБЕКИСТОН – ИЛМ-МАЪРИФАТ ВА ТАМАДДУН ОСТОНАСИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Покистон Нақшбандия тариқати етакчиси Муҳаммад Нақиб ур-Раҳмон бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Б.Мамадиев кутиб олди. Дастлаб делегация аъзолари академия ҳудудидаги “Шайх Хованди Тоҳур”, “Қалдирғочбий”, “Юнусхон” меъморий ёдгорликларини зиёрат қилишди.

Шундан сўнг меҳмонлар ва академия раҳбарияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашинув борасида самимий мулоқот ташкил этилди. Меҳмонларга академия фаолияти, мақсад ва вазифалари, академия таркибидаги ташкилотлар, таълим муассасалари, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтилди.

Марказий Осиёда нуфузли таълим муассасаларидан бири бўлган Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил топиши, академия ҳудудида жойлашган тарихий ёдгорликлар, қадимий қўлёзмаларнинг сақланиши ва илмий тадқиқ этиш борасидага ўзига хос тажрибларга аҳамият қаратилди.

Шунингдек, академияда таҳсил олаётган талабалар орасида нафақат юртимиз, балки хорижий давлатлардан ҳам келиб ўқиётган ёшлар, уларга дарс беришда дунёнинг кўплаб давлатларидаги нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари жалб этилгани таъкидлаб ўтилди.

Ўз ўрнида, делегация вакиллари ҳам юртимизга меҳмон бўлиб келганидан мамнун экани, қадимдан Ўзбекистон илм-маърифат, тамаддун бешиги ҳисобланишини эътироф этган ҳолда, сайёҳат давомида юртимиздаги кўплаб тарихий ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишлари, дунё илм-фанига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган буюк мутафаккир ва алломалар қолдирган бебаҳо мерослар билан яқиндан танишиш энг асосий ниятлари эканини билдиришди.

Ўзбекистонга ташрифларининг иккинчи кунида Ўзбекистон халқаро ислом академиясига келганликлари ва бу ердаги илм-маърифат, маданият-маънавият, аждодлар илмий-маънавий меросига бўлган эҳтиром, чексиз ҳурмат, айниқса, ёш-авлодни тарбиялашда улуғ алломалар меросига таянган ҳолда иш кўрилаётганини кўриб хурсанд бўлганликларини ўз фикр ва мулоҳазаларида ифода этишди.

Шунингдек, дунё цивилизацияси бешиги ҳисобланган юртимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбандий, Мотуридий каби алломалар ҳаёти ва ижоди, қолдирган илмий-маънавий мероси, ҳозирда бу меросни ўрганишда нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё олимлари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақида ўз кузатишлари ва тўплаган маълумотлари билан ўртоқлашишди.

Бугунги кунда барча давлатларнинг нигоҳи ва диққат марказида Марказий Осиё давлатларидан айнан Ўзбекистон тургани, бу ерда бўлаётган ривожланиш, тараққий этиш ва олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, Бухоро, Самарқанд, Хоразм сингари тарихий шаҳарларни бориб кўриш, у ерда ижод қилган улуғ мутаффакирларни зиёрат қилиш барча инсонлар учун катта бир шараф ва орзуга айланаётганини фахр ва ифтихор билан тилга олишди.

Дўстона ўтган учрашув давомида илм-фан ва бошқа қатор соҳаларда Покистон ва Ўзбекистонда эришилаётган ютуқлар, тўпланган бой тажрибалар, олимлар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари хусусида суҳбатлашилди. Якунда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки давлатлар ўртасида таълим соҳасида олий таълим муассасаларининг алмашинувини йўлга қўйиш, замонавий билимларни ўртоқлашишга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот
хизмати

 


Print   Email