Ўзбекистон — Озарбайжон: Қадим илдизи туташ халқларимиз маънавий меросини ўрганишда янги босқич бошланди

Ўзбекистон — Озарбайжон: Қадим илдизи туташ халқларимиз маънавий меросини ўрганишда янги босқич бошланди

 

Ҳар бир соҳа ривожида ўзаро тажриба алмашинув, дўстона ҳамкорлик, янги илмий, инновацион янгилик ва кашфиётлардан баҳраманд бўлиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Шу маънода тез суратлар билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон ҳам барча соҳаларда дунё ва яқин қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, манфаатли янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратиб келмоқда. Албатта, ўзаро дўстона муносабатлар мустаҳкамланишида таълим тизими, кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик ҳамкорлик алоқаларига боғланишига хизмат қилиши билан эътиборлидир.

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Озарбайжон илоҳиёт институти ҳамкорлигида ўтказилган “Диний бағрикенглик давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омили” мавзусидаги онлайн видео-конференция шу маънода ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. Унда ҳар икки таълим муассасаси ўртасида яқин ва узвий ҳамкорликка доир Англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилгани мулоқотларнинг янада самарали кечишига хизмат қилди.

Қатор нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирокида ташкил этилган онлайн видео-конференция юқори савияда бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси ҳамда Республика маънавият ва маърифат марказлари, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Тошкент ислом институти раҳбарияти, таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Шунингдек, анжуманда Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Аллоҳшукур Пашазода, Кавказ мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари, муфтий Салмон Мусаев, Озарбайжон Республикасидан — Диний муассасалар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси раиси Мубариз Гурбанли, Озарбайжон илоҳият институти ректори Агил Ширинов, институт Фан ва инновациялар бўйича проректори Мирнияз Мурсалов, Озарбайжон – Ўзбекистон дўстлиги парламент гуруҳи раҳбари Элдор Иброҳимов, ушбу гуруҳ аъзолари — Жаваншир Пашазаде, Анвар Искандаров, Жейҳун Маммедовлар қатнашди.

Анжуманда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Жумладан, илм-фан, алломалар илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда мунтазам равишда халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказиш борасида ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан “Диний бағрикенглик давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омили” мавзусида тўпланган бой тажрибалар, мулоҳазалар ҳамда таклифлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги пандемия шароитида кишиларнинг бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари, инсоният бошига келган синовларни сабр-бардош, ақл-идрок билан енгиб ўтиши мақсадга мувофиқ. Диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳар бир жамият ривожи учун муҳим аҳамият касб этиши яна бир бор таъкидланди.

Анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Озарбайжон илоҳиёт институти ўртасида ўзаро ҳамкорликка қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.

Илм-фан тараққиёти, соҳага оид олиб борилаётган тадқиқотлар, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, исломшунослик ривожи йўлида ҳар иккала таълим муассасаси салоҳияти ва имкониятидан унумли фойдаланиш имзоланган Англашув меморандум бош мақсадларидан экани таъкидланди.

Шунингдек, анжуманнинг иккинчи қисми — уч йўналишда яъни, “Жамиятда диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш: Ўзбекистон ва Озарбайжон тажрибаси”, “Диний қадриятларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш”, “Исломий таълим ва замонавийлик” мавзуларида олиб борилди. Олимлар, соҳа вакиллари тўплаган ўз тажриба ва маълумотлари билан ўртоқлашишди.

Мазмунли ўтган мулоқот сўнгида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, қадим илдизлари туташ халқларимизнинг дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган алломаларимиз илмий-маънавий меросини чуқур тадқиқ этишда амалий ишларга ўтиш вақти-соати келгани билдирилди. Бунда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш давлат ва жамият ривожининг ажралмас бўлаги бўлиб хизмат қилиши яна бир бор исботланди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 


Print   Email