Ўзбекистон — Малайзия: Ахборот майдонида медиа тузилмалар ҳамкорлиги муҳим

Ўзбекистон — Малайзия: Ахборот майдонида медиа тузилмалар ҳамкорлиги муҳим

 Маълумки, яқинда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Малайзия Исломни англаш институти ўртасида кадрлар тайёрлаш ва илмий-методик ҳамкорлик бўйича Шартнома имзоланганди.

Мазкур хорижий олий таълим муассасаси шунингдек, юртимиздаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳам ўзаро илмий ҳамкорлик алоқаларини узвий ривожлантириб бормоқда.

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Малайзия Исломни англаш институти вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг амалий босқичи доирасида яна бир онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Унда ҳар икки нуфузли халқаро олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида кадрлар тайёрлаш ҳамда ислом дини илм-маърифатини тадқиқ этиш, ундан жаҳондаги бугунги глобал муаммоларни ҳал этишда илмий фойдаланиш борасидаги амалий ишларни кенгайтириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Мулоқотда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Баҳромжон Мамадиев, “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети декани Ашурали Абдирашидов ҳамда Малайзия Исломни англаш институти Бош директор, профессор Азизан Баҳаруддин, Шариат, ҳуқуқ ва сиёсат маркази директори Моҳд Фарид Моҳд Шарҳан, Бош директорнинг махсус ёрдамчиси Моҳд Нур Муса, шунингдек, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси биринчи котиби Широз Абдуллаев иштирок этди.

Дўстона ўтган онлайн мулоқотларда Ўзбекистон ва Малайзия давлатларининг таълим тизимда эришган ютуқлари бўйича ҳар икки томонларнинг соҳа мутахассислари тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, олиб борган илмий-тадқиқот ишлари натижаларидан баҳраманд этиш, биргаликда турли маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ўтказиш ва натижалари бўйича соҳа вакиллар фойдаланиши учун қўлланмалар чоп этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда академиянинг Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Баҳромжон Мамадиев иштирокчиларга янги ўқув йилига пухта тайёргарлик борасида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар ҳамда умуман, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиликлар хусусида батафсил маълумот берди.

Ўз ўрнида Малайзия Исломни англаш институти вакиллари ҳам ўз олий таълим даргоҳларидаги фаолият, илмий-тадқиқотчилик борасида эришилаётган ютуқлар ҳақида ахборот бериб ўтишди.

Музокаралар давомида ҳар икки олий таълим ва илмий тадқиқот  муассасалари ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда улар тасарруфидаги турли ташкилотлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида таклифлар билдирилди. Хусусан, ахборотлар ва янгиликлар алмашинувида ҳар икки таълим муассасаси ҳузуридаги ўз медиа марказлари имкониятдан кенг фойдаланиш ўзига хос самара бериши таъкидланди. Яъни, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази ҳамда Малайзия Исломни англаш институти қошидаги медиа тузилмалар билан ҳамкорликда диний-маърифий кўрсатувлар, илмий-оммабоп медиа дастурлар тайёрлаш борасида амалий таклифлар илгари сурилди.

Якунда томонларнинг имзолаган ҳамкорлик Шартномаси бўйича кўзда тутилган режалар, келгусида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email