Ўзбекистон — Германия: Алломалар илмий-маънавий меросини ўрганишда ҳамкорлик

Ўзбекистон — Германия: Алломалар илмий-маънавий меросини ўрганишда ҳамкорлик

Ҳозирги пандемия шароитига қарамасдан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, соҳада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, уларнинг профессор-ўқитувчи, олимлари, турли соҳа вакиллари билан онлайн мулоқотларни ташкил этиш ишлари давом этмоқда.

Куни кеча Ўзбекистоннинг Германиядаги Бош консуллиги ҳамкорлигида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Германиянинг Мюнстер университети вакиллари иштирокида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Унда ҳар икки нуфузли халқаро олий таълим муассасаси ўртасида илмий-педагогик фаолият ҳамда ислом дини илм-маърифатини тадқиқ этиш, ундан жаҳондаги бугунги глобал муаммоларни ҳал этишда илмий фойдаланиш борасидаги амалий ишларни кенгайтириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Мулоқотда Ўзбекистоннинг Германиядаги Бош консуллиги вакили Н.Мамажонов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази директори Ж.Каримов, “Ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси мудири Д.Махсудов, “Чет тиллари” кафедраси мудири Б.Шамсиметова, тарих фанлари доктори И.Бекмирзаев, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Б.Хўжаев, бўлим услубчиси Ж.Собиров ҳамда Германиянинг Мюнстер университети Ислом илоҳиёти маркази раҳбари Моуханад Корхиде, университет ўқитувчиси Албина Хасс, Халқаро координатор Катрина Рачик, Исломшунослик бўйича тадқиқотчи Раид ал-Дагистани, Қуръон ва Ислом тарихи бўйича тадқиқотчилар — Ясин Яҳё, Силвия Роукамп иштирок этди.

Самимий ўтган онлайн мулоқотларда Ўзбекистон ва Германия ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиб бораётгани, таълим тизимида эришган ютуқлари бўйича ҳар икки томонларнинг соҳа мутахассислари тажриба алмашинуви, алломаларининг илмий-маънавий асарларини тадқиқ этишни тизимли йўлга қўйиш, олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижаларидан баҳраманд этиш, биргаликда турли илмий-амалий анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ва билдирилган таклифлар бўйича ҳамкорлик келишувларига эришиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда академиянинг Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази директори Ж.Каримов иштирокчиларга академия фаолияти, амалга ошираётган ишлари ҳақида батафсил маълумот бериб, ўзбек маърифатпарвар алломаларининг нодир асарлари турли тилларга таржима қилинаётгани ва бундан Германиядаги таълим муассасалари ҳам кенг фойдаланишлари мумкинлигини билдирди.

Ўз ўрнида Германиянинг Мюнстер университети вакиллари ҳам ўз таълим даргоҳидаги илмий-педагогик, тадқиқотчилик фаолияти, бу борада эришилаётган ютуқлар ҳақида ахборот бериб ўтишди. Жумладан, Ислом илоҳиёти маркази томонидан охирги йилларда самарали ишлар амалга оширилгани, илмий-маърифий қўлланмалар чоп этилгани, немис тадқиқотчиларининг ўзбек алломалари асарларига қизиқиши юқори экани таъкидлаб ўтилди.

—  Имом Мотуридий меросини ўрганиш Европа олимлари учун катта қизиқишга сабаб бўлади, — дейди Моуханад Корхиде. — Унинг ўрганилмаган асарларини тадқиқ этиш, ўзбек ва немис олимлари ҳамкорлигида янги илмий рисолаларни чоп этиш, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Музокаралар давомида ҳар икки олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаси ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувга оид амалий тадбирларни мунтазам ўтказиш ва уларнинг якунлари бўйича билдирилган таклифлар юзасидан аниқ режаларни ишлаб чиқиш соҳа ривожи учун ўз самарасини бериши айтилди.

Дўстона ўтган мулоқот сўнгида ҳар икки томон вакиллари учрашув бўйича ўз таклифларини билдиришди. Ҳамкорликда келгусида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 


Print   Email