КОНФЕРЕНЦИЯ – ЎЗАРО ФИКР АЛМАШИШ УЧУН ҚУЛАЙ ФУРСАТ

3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилмоқда.

Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан олимлар, диний уламолар иштирок этмоқда.

Малайзиядаги ислом цивилизацияси маркази директори Муҳаммад Юсуф Усмон халқаро конференция ҳақидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Буюк имом, Мотуридия таълимоти асосчиси Абу Мансур Мотуридий илмий-маънавий меросига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келиб, фурсатдан фойдаланиб, Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Очиғи, амалга оширилаётган бу даражадаги кенг қамровли ислоҳотлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб лол қолдик.

 
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни бутун дунё, хусусан малайзияликлар ҳам катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда.
 
Ислом оламининг энг етук мутафаккирлари Ўзбекистон диёридан етишиб чиққан. Бугун юртингизда ушбу улуғ зотлар илмий-маънавий меросига ҳурмат юқори даражада. Бу борада олиб борилаётган тадқиқот ишлари яхши йўлга қўйилган. Кейинги уч йилда ушбу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кучайтириш мақсадида халқаро даражадаги марказлар ташкил этилгани эътирофга муносиб. 
 
Бугун ушбу марказлар дунё илм аҳли билан фикрлашмоқда, маълумот алмашмоқда. Малайзиядаги ислом цивилизацияси маркази ҳам Ўзбекистондаги қатор муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан самарали келишувларга эришганмиз.
Ўтказилаётган мазкур конференциядан ҳам умидимиз катта. Конференцияда ислом оламининг йирик тадқиқот марказлари раҳбарлари, уламолар иштирок этиши кутилаяпти. 
 
Анжуман илмий ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, Абу Мансур Мотуридий таълимоти бўйича ислом оламида олиб борилаётган тадқиқот ишлари юзасидан маълумот алмашиш имконига эга бўламиз. Конференция ташаббускори бўлган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Print   Email