ИНДОНЕЗИЯЛИК ОЛИМЛАР АКАДЕМИЯДА

ИНДОНЕЗИЯЛИК ОЛИМЛАР АКАДЕМИЯДА

Жорий йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Индонезиянинг Султон Шариф Қосим номидаги давлат ислом университети бир гуруҳ олимлари амалий ташриф билан меҳмон бўлди.

Фиқҳ соҳасидаги таниқли олимлари — Доктор Исмарди Иляс, Камируддин Муҳаммад, Афризал Аҳмад ва Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларидан иборат делегация аъзоларини академия раҳбарияти самимий кутиб олди.

Амалий ташриф давомида делегация аъзолари академиянинг “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедрасида бўлдилар ва оила ҳуқуқи, унинг жамиятдаги ўрни, ҳуқуқий асослари бўйича исломшунос олимлар билан илмий-амалий семинар олиб борилди.

Семинарда Индонезияда оилавий масалалар, унинг ҳуқуқий асослари каби мавзуларда тақдимотлар қилинди. Академиянинг профессор-ўқитувчиларидан Убайдулла Уватов, Абдулҳаким Жузжоний, Илхомжон Бекмирзаев, Абдурашид Абдуллаев Ўзбекистонда оила, унинг тарихи ва бугуни, ҳуқуқий асослари, ҳуқуқий-ижтимоий жиҳатлари, оиланинг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Делегация вакиллари Ўзбекистонда оила, фарзанд таълим-тарбияси, ёши улуғларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳамда унинг ҳуқуқий асослари ва, умуман, юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар борасида ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олишди.

Қизғин кечган илмий учрашув икки томонлама манфаатли ва самарали бўлди. Ўзбекистонлик ва индонезиялик мутахассис олимлар ўзаро фикр алмашинув асносида илмий-маърифий ҳамкорлик йўлида муайян келишувларга, амалий натижаларга эришдилар.

Шу ўринда Султон Шариф Қосим ислом университети ҳақида қисқача маълумот: ушбу олий таълим муассасаси дунё олий таълим муассасалари рейтингида 4246-ўринни ва минтақавий рейтингда 1425-ўринни ҳамда мамлакат миллий рейтингида 48-ўринни эгаллайди нуфузли олий таълим даргоҳи ҳисобланади.

Албатта, олий ўқув юртлари ўртасидаги бу каби учрашув ҳамда ҳамкорлик алоқалари таълим даргоҳлари ўқув жараёнлари ва илмий изланишлар самарадорлигини ошириши шубҳасиз.

“Исломшунослик ва ислом цивилизациясини
ўрганиш ISESCO” кафедраси


Print   Email