ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO)  Бош директори ўринбосари, Маданият йўналиши бошлиғи Рихиати Салих Нажиб раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмонлар билан учрашув “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедрасида бўлиб ўтди.

Унда ISESCO Бош директори ўринбосари, Маданият йўналиши бошлиғи Рихиати Салих Нажиб, ISESCO Бош директори маслаҳатчиси Бенарафа Абдел Иллах ва ISESCO Маданият дастури мутахассиси Чебби Билал, академия профессор-ўқитувчилари Абдулҳаким Жузжоний (Швеция), Сўнмез Кутлу (Туркия), Д.Махсудов, И.Убайдуллаев, А.Ганиев, Ж.Тохиров, Ў.Полвонов, Ш.Умаралиев ҳамда докторантлар ва илмий тадқиқотчилар иштирок этди.

Ҳамкорлик доирасида ташкил этилган учрашувда 2020 йилда Бухоро шаҳрининг Ислом олами маданияти пойтахти, деб эълон қилингани муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган Халқаро конференцияни юқори даражада ташкил этиш мақсадида академия томонидан 10 га яқин китоб ва рисолалар тайёрланаётгани, “Ислом тафаккури” журналининг махсус сони Бухорога бағишланиши алоҳида таъкидланди.

Маълум қилинишича, академиянинг 5 нафар талабасига ISESCOнинг махсус стипендиясини бериш бўйича қарор қабул қилинган ва бу бўйича ISESCOдан расмий хат келган. Ушбу стипендияларни олиш тартибларини белгилаш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Шунингдек, академияда ISESCOнинг араб тили марказини очиш ва араб тили ўқитувчилари учун ҳар йили бир маротаба семинар-тренинглар ўтказиш, араб тили бўйича ҳам IELTS, TOEFL каби стандартларни Ўзбекистон учун академия томонидан жорий этиш ва бунга ташкилотнинг кўмагини олиш тўғрисидаги таклифлар билдирилди.

Шу нуқтаи назардан, 2020 йилдан бошлаб араб тили мутахассислиги бўйича ўқитувчиларни тажриба алмашинуви ва илмий тадқиқот ишларига юбориш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув сўнгида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, билдирилган таклифлар бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Рихиати Салих Нажиб:

ISESCO ташкилоти делегациясининг Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ташриф буюриши, энг аввало, биз учун ҳам катта шараф. Хусусан, академияда фаолият юритаётган “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедрасидаги учрашувимиздан мамнунмиз. Шу жумладан, профессор-ўқитувчилар билан биргаликда ISESCO ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида суҳбатлашдик.

 Юртингизга ташриф буюришмизнинг яна бир асосий мақсади шуки, яқинда Бухоро шаҳри Ислом олами маданияти пойтахти, деб танланди. Шунинг учун ҳам биз, бу жойдаги тадбирларни юқори даражада ўтказилаётганини кўриш учун келдик. Айнан бугунги учрашувимизда муҳокама этилган масалаларда ҳам шу жиҳатларга кўпроқ тўхталдик.

Шунингдек, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси мудири ва ўқитувчилари билан кафедра фаолиятини янада ривожлантириш, эҳтиёж сезилган масалаларга ўз кўмагимизни айямаслигимизни билдириб ўтдик. Яқинда биз, ISESCO ташкилотида янгидан ривожланиш дастурини қабул қилдик ва бунга асосан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида очилган кафедра сингари бўлимлар бошқа давлатлардаги таълим муассасаларида ҳам фаолият юритишини режалаштирганмиз.

Юртингизда араб тилини ўқитиш, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қошида қўлёзмаларни тадқиқ этиш марказларини очиш таклифларини билдирдик. Бу орқали академияда ҳам кўплаб илмий тадқиқот ишлари бўйича қатор лойиҳаларни олиб бориш мумкин. Ўйлайманки, биргаликдаги ҳамкорлигимиз ўз натижасини беради.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати

 


Print   Email