ГЕРМАНИЯЛИК ТАДҚИҚОТЧИЛАР ИСЛОМ ДИНИНИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЎРГАНАДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари Кристофер Фукс ҳамда Германия Академик алмашинуви хизматининг (DAAD) мамлакатимиздаги  координатори Симон Кречмер ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Б.Мамадиев, Хорижий талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Хўжаев, Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази бўлими мудири А.Таджиев, Илмий ва педагогик кадрларни тайёрлаш бўлими бошлиғи О.Эрназаров самимий кутиб олишди.

Учрашувда Б.Мамадиев меҳмонларга академия фаолияти, мақсад ва вазифалари, келажакдаги режалари, академия таркибидаги ташкилотлар, таълим муассасалари, шунингдек, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Кристофер Фукс ташрифдан мамнун эканини билдириб, элчихона академия ва Германия олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиши учун ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида Германия Академик алмашинуви хизматининг Ўзбекистондаги координатори Симон Кречмер мулоқотни давом эттириб, академия ва Германиянинг Мюнстер университети ўртасидаги ҳамкорлик жараёнидан хабардор эканлигини билдирди. Координатор Ўзбекистон олий таълим муассасаларида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашини айтиб, бу борада Германия таълим муассасаларида қўлланилган тажрибаларни академия ўқув жараёнига ҳам, жумладан, кредит-модул тизимини жорий этишга ёрдам берувчи лойиҳа мавжудлигини таъкидлади. Бунга эса Германиядан мазкур соҳа мутахассисларини жалб этишда кўмаклашишини айтди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Германия олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари билан дўстона алоқаларни ўрнатган. Хусусан, академия ва Германиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Мюнстер университети билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унга мувофиқ, Симон Кречмер ўз сўзида кейинги қадам айнан ушбу меморандумнинг ҳар бир банди бўйича ҳамкорликни йўлга қўйилиши ва буни DAAD дастури орқали амалга ошириш мумкинлигини билдирди.

Шунингдек, С.Кречмер имзоланган меморандум доирасида Мюнстер университети академияга бир гуруҳ тадқиқотчиларни юборишни режалаштираётгани, улар ислом оламининг муҳим манбаларини академияда тадқиқ этиш, мамлакатимизнинг исломшунослик соҳасидаги бой тажрибасини ўрганиш истагида эканини алоҳида таъкидлади. Германиялик тадқиқотчилар немис тилини ўрганаётган академия талабаларига ёрдам берадиган бўлди.

Учрашув сўнгида ҳар иккала мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан Германия таълим муассасаларининг узвий алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Симон Кречмер:

- Дўстона ўтган учрашув мамлакатларимиздаги олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш тўғрисида бўлди. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш биз учун ҳам фойдали, деб ўйлайман.  Чунки, Ўзбекистондан етишиб чиққан олимларни бутун дунё танийди. Масалан, Имом Бухорий ҳазратларининг диний ва дунёвий илмлар ривожидаги ҳиссаси беқиёс. Буни ҳамма тан олади. Бизга яхши маълумки, Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон заминидан дунё илм-фани ривожига ҳисса қўшган жуда кўп алломалар етишиб чиққан. Албатта, бу олимларнинг шу заминдан экани ва бой маънавий меросга эгалиги мамлакатларимиз ўртасида илмий изланиш, тадқиқотлар олиб боришга асос бўлади.

Шу мақсадда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, академияда мавжуд йўналишлар бўйича илмий тадқиқот ишларини амалга оширишни ўз олдимизга устувор вазифалардан бири сифатида қўйдик. Бу билан эса ҳар икки мамлакат олимларининг қилган буюк ишларини ўрганиб, олий таълим муассасаларидаги ўқитувчилар, талабалар ҳамда тадқиқотчилар билан бу илмларни оммалишишига хизмат қилишимиз зарур.

Айнан бугунги учрашувда ҳам ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан биргаликда келажакда бошқа кўплаб соҳаларда ҳам ўзаро алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олдик.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email