ГЕРМАНИЯЛИК ПРОФЕССОРДАН “МАҲОРАТ ДАРСИ”

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси ташаббуси билан Германиядаги “Cologne Business School” (Кёлн олий бизнес-мактаби) университетининг Халқаро туризм менежменти факультети декани, профессор Десмонд Ви “Маҳорат дарси” ўтказди.

Унда ўқитувчилар, талабалар ҳамда илмий тадқиқотчилар иштирок этди.

“Маҳорат дарси”да Десмонд Ви талабаларга жаҳон туризм саноатида рўй бераётган ўзгаришлар, трендлар, янги йўналишлар ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, глобализация таъсирида мамлакатлар ўртасида халқаро мобилликнинг ортиб бориши ва бунинг натижасида жаҳон туризм бозорларида ҳам ўзгаришлар кучайиб бораётганини турли таҳлилий мисоллар орқали тушунтириб ўтди.

Шунингдек, туризмга оид кўплаб терминларни келтириб, уларнинг амалиётдаги маъноларини батафсил изоҳлади. Профессор Ўзбекистон туризм саноатининг ўзига хос жиҳатларини, зиёрат туризми соҳасидаги улкан имкониятлари ва салоҳиятига тўхталди. Соҳадаги ўзгаришларни янги босқичга олиб чиқиш, қатор давлатлар билан рақобатбардош бўлишда айнан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таҳсил олаётган бўлғуси ёш кадрларга бўлган эҳтиёж юқорилигини билдирди.

Машғулот давомида қизиқувчилар учун Германиянинг “Cologne Business School” (Кёлн олий бизнес-мактаби) университети фаолияти, мақсад-вазифалари, йўналишлари, талабалар учун ўқиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Интерфаол тарзда олиб борилган дарс якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.


Print   Email