АКАДЕМИЯ ВА “ИПАК ЙЎЛИ” ХАЛҚАРО ТУРИЗМ УНИВЕРСИТЕТИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

Бугун Самарқанд шаҳридаги “Ипак Йўли” халқаро туризм университетида “Ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш: назария, амалиёт ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Шимолий Кавказ федерал университети (Россия), Белорусия давлат педагогика университети (Белорусия), Қозон Федерал университети Елабуга институти (Россия), Сочи давлат университети (Россия), Хазар университети (Озарбайжон), Арман Туризм институти (Россия Халқаро туризм академиясининг филиали, Арманистон), Киев Миллий технология ва дизайн университети (Украина) каби нуфузли олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманга кўплаб давлатлардан олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий тадқиқотчилар ташриф буюрган.

Анжуманда ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича илмий-методологик, амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, тажриба алмашинуви учун халқаро платформани яратиш каби таклифлар билдирилган.

Эътиборлиси, ушбу илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Б.Мамадиев, “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси ўқитувчиси А.Равшанов ҳамда академиянинг бир неча нафар иқтидорли талабалари ҳам иштирок этмоқда. Конференция доирасидаги тадбирларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан Самарқанд шаҳридаги “Ипак Йўли” халқаро туризм университети ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Меморандумга асосан ҳар икки таълим муассасалари ўқитувчи ва талабаларининг ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.

Конференцияда фаолият юритаётган секцияларда ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг назарий ва методологияси, алоҳида ҳудудларнинг ресурс салоҳиятини инобатга олган ҳолда туризм инфратузилмасини такомиллаштириш ва туристик маҳсулотларни диверсификация қилишнинг долзарблиги, айниқса, Самарқанд вилояти ҳудудларининг туристик салоҳияти ва ундан самарали фойдаланишга инновацион ёндашув каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

“Ипак Йўли” халқаро туризм университети Матбуот хизмати маълумот беришича, дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган соҳа мутахассисларининг илмий маърузалари электрон тўплами ҳам тайёрланган. Мазкур электрон тўплам  “Crossref ва Google Scholar” халқаро тизимларда рўйхатдан ўтказилиб, DOI рақами бириктирилиши анжуманда кўтарилган масалаларнинг дунё миқёсида оммалашувига ҳисса қўшади.

Эслатиб ўтамиз, “Ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш: назария, амалиёт ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция 22 февраль куни ўз ишини якунлайди.


Print   Email