Ўзбекистон — Малайзия: ДИНИЙ-МАЪРИФАТ СОҲАСИДА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ВА ИЛМИЙ ҲАМКОРЛИК ЯНГИ БОСҚИЧДА

Ўзбекистон Республикаси ва Малайзия давлати ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқалари кўплаб соҳалар қаторида олий таълим тизимида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар йўналишларида ҳам тобора кенгайиб бормоқда.

Жорий йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Малайзиянинг Исломни англаш институти масъуллари ўртасида онлайн видео конференция ташкил этилган эди.

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган ушбу онлайн учрашувда томонлар ўзаро узвий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш мақсадларини билдириб, ҳамкорлик шартномасининг айрим ўзига хос жиҳатлари бўйича музокаралар олиб боришганди.

Бугун Тошкент вақти билан соат 10:00 юксак доирадаги учрашув ва мулоқатлар асосида халқаро ҳамкорлик Шартномасини имзолаш маросими онлайн шаклда бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари томонидан Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Баҳромжон Мамадиев, Молия-иқтисод ишлари бўйича проректори Ахрол Мўминов, “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети декани Ашурали Абдирашидов ҳамда Малайзия Исломни англаш институти томонидан таълим муассасаси раиси Аҳмад Саржи Абдул Ҳамид, Бош директор, профессор Азизан Баҳаруддин, Шариат, ҳуқуқ ва сиёсат маркази директори Моҳд Фарид Моҳд Шарҳан, Бош директорнинг махсус ёрдамчиси Моҳд Нур Муса, шунингдек, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов ва биринчи котиб Широз Абдуллаев иштирок этди.

Онлайн маросимда сўз олган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчиси Р.Усмонов ва Малайзия Исломни англаш институти раиси Аҳмад Абдул Ҳамид икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, хусусан, олий таълим ва илмий-тадқиқотлар йўналишидаги ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ҳар икки давлат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишини алоҳида таъкидладилар.

Шундан сўнг Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Бахромжон Мамадиев онлайн учрашувда сўз олиб, мазкур Шартнома ҳар икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашинув ва тўпланган бой илмий-тадқиқотлар бўйича илмий ҳамкорлик олиб бориш имкониятини кенгайтириши билан муҳим аҳамиятга эгалиги эътироф этилди.

Мулоқотлар сўнгида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Исломни англаш институти ўртасида ҳам ҳамкорлик Шартномаси электрон имзоланди.

Дарҳақиқат, шартномага кўра, энди юксак салоҳиятли, рақобатбардош мутахассис кадрлар тайёрлашда олий ва илмий тадқиқот марказларидаги мавжуд тарихий ва ноёб илмий манбалар ва ахборотлар билан алмашинувни самарали ҳамда тизимли йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, профессор-ўқитувчилар, талаба, магистрант ва докторантларнинг тажриба алмашиши ҳамда стажировкаларини амалга ошириш бўйича изчил амалий ишлар олиб борилади.  

Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, олий таълим ва илмий тадқиқотлар йўналишидаги ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ҳам ҳар иккала давлатлар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email