“ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК — ЎЗАРО ТУШУНИШ, ТИНЧ-ТОТУВ ЯШАШ”

“ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК — ЎЗАРО ТУШУНИШ, ТИНЧ-ТОТУВ ЯШАШ”

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўмон Султонлигининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулотда ва мухтор элчиси Ахмад Саид Ал-Катири ҳамда унинг ўринбосари Ал-Балуши Абдул Рахим Исса билан учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонларни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев ва Халқаро алоқалар бўйича проректор Б.Мамадиев самимий кутиб олди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги ўзаро сиёсий-иқтисодий, таълим, фан ҳамда маънавий-маърифий соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Айниқса, диний-маърифий, таълим ва маданий соҳалардаги алоқаларнинг ривожланиши ёшларимизга диний ва дунёвий билимларни эгаллашида кенг имконият бераётганини эътироф этди.

  • Ўзбекистонда ўзаро меҳр-шафқат, меҳмондўстлик ва ҳурмат, диний бағрикенглик туйғулари доимо юксак қадрланиб келинади. — дейди суҳбатда Ўмон Султонлиги элчиси Ахмад Саид Ал-Катири. — Шу сабабли турли миллат вакиллари асрлар давомида тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб яшаб келмоқда. Осмони мусаффо ва тинч юртда ёшларнинг илм ва ҳунар чўққиларини эгаллашга бўлган интилиш ҳам юқори бўлади. Бу омиллар мамлакат тараққиёти, халқнинг фаровон ҳаётида муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис биз ҳам халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Диний бағрикенглик — ўзаро тушуниш,  тинч-тотув яшаш!” мавзусида юртингиз талаба-ёшлари ўртасида халқаро кўргазма ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Ўмон Султонлиги ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур кўргазма анъанавий равишда бутун дунё мамлакатларида ўтказиб келинмоқда.

Учрашув давомида жорий йилнинг 21—25 -октябрь кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказиладиган “Диний бағрикенглик — ўзаро тушуниш,  тинч-тотув яшаш!” мавзусидаги кўргазма доирасида ташкил этиладиган тадбирлар режаси келишиб олинди.

Эслатма: жорий йилнинг 21—25 -октябрь кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўмон Султонлиги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган “Диний бағрикенглик — ўзаро тушуниш,  тинч-тотув яшаш!” мавзусидаги кўргазма доирасида турли тадбирлар режалаштирилган.

    

  • Ўмон Султонлиги ҳақидаги расмлар кўргазмаси;
  • Соя санъати намойиши;
  • Араб ҳаттотлик санъати кўргазмаси;
  • Ўмон Султонлиги маданияти китоблар кўргазмаси;
  • Амалий санъат намойиши;
  • “Бағрикенглик учун мен нима қилдим?” мавзусида талабалар викторинаси;
  • Диний қўшиқлар оҳанги;
  • Қум билан расм чизиш санъати намойиши;
  • Ўмон Султонлиги маданияти фотолар кўргазмаси тадбирлари

шулар жумласидандир.

Тадбирлар “Биз сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб яратдик”, “Ота-онангга мулойим ва дўстона муносабатда бўл!”, “Инсонларга одоб билан муносабатда бўлинг!”, “Ўзингизга раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўр!”, “Сенга ишонганларнинг ишончига муносиб бўл!” шиорлари асосида ташкил этилиши ёшлар учун катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Тадбирларда фаол иштирок этиб, ўз иқтидорини намойиш этган қатнашчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланади.

Ўзингиз олган сурат ёки бир дақиқа видео клип ёки ҳар қандай замонавий санъат асари орқали 1000 АҚШ доллари миқдоридаги ютуққа эга бўлинг! Шунингдек, иштирокчиларнинг 4 нафари 16 ноябрь — “Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан Ўмон Султонлигига 5 кунлик саёҳатга бориш имкониятини қўлга киритиши мумкин.

Барча талаба-ёшларни “Диний бағрикенглик — ўзаро тушуниш,  тинч-тотув яшаш!” мавзусидаги кўргазмада фаол иштирок этишга таклиф этамиз!

 

Print   Email