АКАДЕМИЯ ЎҚИТУВЧИСИ РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИДА ЎТКАЗИЛГАН АНЖУМАНДА МАЪРУЗА ҚИЛДИ

Жорий йилнинг 13-15 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Татаристон Ресубликаси Булғор шаҳридаги Булғор ислом академиясида Россия Федерациясининг Фан ва олий таълим вазирлиги ҳамда Қозон федерал университети ҳамкорлигида “Богословское наследие мусульман России” 1-халқаро Форум доирасидаги 3-халқаро Булғор ўқув кунларида “Традиции и обноленчество в богословском наследии” номли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтганди.

Унда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг  “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси доценти (PHD) Хабибулло Сагдиев ўзининг “Особенности догматического богословия в традиционом (суннизм) Исламе” номли маърузаси билан иштирок этиб, юртимизда сўнгги йиллар давомида дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, юртимиз алломаларининг илмий меросини ўрганишга ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибор ҳақида анжуман иштирокчиларига маълумот берганини маълум қилди.

Конференцияда россиялик исломшунос олимлар билан бир қаторда Ҳиндистон, БАА, Туркия, Беларусия, Литва, Малазия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Азарбайжон давлатларидан исломшунос тадқиқотчи олимлар иштирок этган.

Ушбу форум замонавий инновацион техналогиялар воситасида ташкил этилган бўлиб, форум доирасидаги анжуман давомида кўплаб илмий тадқиқотчилар билан ўзаро фикр-мулоҳазалар ва тажриба алмашиш имконияти яратилган.  Конференциянинг очилиши ва ялпи йиғилишидан ташқари жами 3 та йўналиш бўйича маърузалар тингланиб, ҳар бир чиқишларга оид очиқ мунозаралар билдирилган. 

Шунингдек, анжуман якуний натижаларидан келиб чиқиб, форум ташкилотчиларига халқаро илмий-амалий конференция маърузаларини электрон ва босма ҳолатида нашр қилиш таклифлари берилган.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email