“ACADEMY TALKS” ЛОЙИҲАСИНИНГ ИЛК МАҲОРАТ ДАРСИ

Ёш ва муваффақиятли иқтисодчи тадбиркорлар томонидан ўтказилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети томонидан “Academy Talks” лойиҳаси доирасида “Маҳорат дарс” ташкил этилди.

Эътиборлиси, маҳорат дарсларини “LeBazar.uz”, “Paynet”, “Khan Academy O‘zbek” ва бошқа кўплаб лойиҳалар асосчилари, иқтисодчи ва ташаббускор бизнесменлар Зоҳид Ўлмасбоев ҳамда Ботир Орифжонов ўтди.

Тажрибали мутахассислар талаба-ёшлар ва қизиқувчиларга “StartUPlar va biznes loyihalar” мавзусида дастлабки тушунчаларни бериш билан бирга, ўзлари асос солган “LeBazar.uz”, “Khan Academy O‘zbek” лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот беришди.

Бизнес лойиҳалар, “StartUPlar”, инвестиция, иқтисодий билим ва кўникмаларни шакллантириш, бизнес лойиҳаларни тўғри бошқариш ҳамда кўплаб шу каби мавзуларда ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, маҳорат дарсларида мутахассислар ушбу соҳада ўзлари эгаллаган билим ва тажрибаларини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб ўтдилар ҳамда талаба-ёшларни мавзу бўйича қизиқтирган кўплаб саволларига батафсил жавоб бердилар.

— Инсоннинг шахс сифатида камол топишида, албатта, илм олишнинг ўрни юқори, — дейди З.Ўлмасбоев. — Бу борада ёшлар учун юртимизда кенг имконият яратилган. Ҳар бир ёш олий ўқув даргоҳини тамомлаганидан сўнг ҳам илм ва тажриба олишдан тўхтамаслиги керак. Ўшанда ўзи танлаган соҳада юқори марраларни қўлга киритиши шубҳасиз.

Якунда академия раҳбарияти “Academy Talks” лойиҳаси доирасида ўтказилган биринчи маҳорат дарсининг муваффақиятли ўтгани билан барчани табриклаб, мутахассисларга эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, тадбирдан сўнггида меҳмонлар академия ҳудудида жойлашган Юнусхон мақбарасини зиёрат қилиб, обиданинг бунёд этилиши билан боғлиқ тарихий маълумотлар билан танишиш имконига эга бўлди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email