ЎЗ МАКТАБИНИ ЯРАТГАН ХАТТОТ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида маҳоратли ва тажрибали устоз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ислом Маматов билан учрашув бўлиб ўтди. Унда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.

И.Маматов хаттотлик сир-асрорларини дастлаб устози ва тоғаси Ҳабибула Солиҳдан олганлигини эсларкан, ўрганган илми орқали мана бугун юртимизнинг кўплаб меъморий ёдгорликлари, хусусан, Ҳазрати Имом мажмуаси, Тиллашайҳ масжиди, Мўйи Муборак мадрасаси ва кўплаб бошқа меъморий обидаларни безашда ўзининг бетакрор асарлари билан муносиб иштирок этганидан фахрланишини билдирди.

Манбашунослик қўлёзмаларини ўрганаётган талабалар, хаттотлик санъатидан хабардор бўлиши муҳим аҳамиятга эга, — дейди устоз Ислом Маматов. — Чунки тарихий манбаларни ўрганишда ҳар хил хат турларига дуч келиш мумкин. Хатдан хабари бор мутахассис қўлёзмаларни бемалол тушуна олади ва бошқаларга ҳам тушунтира олади.

Ҳозирги кунда устоз Ислом Маматов 50 нафардан ортиқ шогирдига хаттотлик илмини ўргатиб келмоқда. Уларнинг орасида яқинда Ўмон Султонлиги элчихонаси томонидан академияда ўтказилган “Ўмон ислом рисоласи” халқаро кўргазмаси доирасида “Араб хаттотлик санъати” йўналишидаги танловда ғолиб бўлган, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Хаттотлик ва миниатюра” факультети 2-босқич талабаси Фазлиддин Пўлатов ҳам борлиги эътиборлидир.

Сермазмун ва янгиликларга бой ўтган учрашувда талаба-ёшлар хаттотлик санъати, унинг ўзига хос жиҳатлари ва бой тарихига доир қизиқарли маълумотлар билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email