ҲАМ НАЗАРИЙ, ҲАМ АМАЛИЙ ОЧИҚ ДАРС

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Дин психологияси ва педагогикаси” кафедраси катта ўқитувчиси, психология фанлари номзоди Феруза Расулова “Умумий психология (ички регуляция)” фанидан “Эмоция ҳақида умумий тушунча” мавзусида “Очиқ дарс” ўтказди.

Ўзига хос инновацион йўналишда ташкил этилган дарсда ўқитувчилар, мустақил тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Очиқ дарсда эмоция тушунчасининг мазмун-моҳияти, ўзига хос жиҳатлари, унинг нерв физиологик асосидаги ўрни ҳамда таъсирчанлиги тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

Манбаларда келтирилишича, эмоция — у ёки бу ҳиссиётнинг инсон томонидан бевосита кечирилиши (кечиши) жараёни. Ҳар қандай вазиятда ҳам эмоционал хатти-ҳаракат, фаолият мотивлари бўлишидан ташқари, улар баъзида фаолиятни ташкиллаштирувчи, гоҳо уни издан чиқарувчи омилга ҳам айланиши табиий. Эмоционал ҳолатлар ё ҳаддан ташқари кучайса ёки сусайса, хуллас меъёри, мароми издан чиқса, у ҳолда шахс фаолияти мақсадга йўналишини йўқотади. Бунинг натижасида объекатлар нотўғри акс эттирилади ва холисона талқин қилинмайди. Баҳолашда эса мантиқий нуқсонларга йўл қўйилиши қайд этилган.

Ф.Расулова очиқ дарс мобайнида ҳиссиёт ва эмоция орасидаги тафовут, эмоциянинг ўзига хос жиҳатлари ва турли кўринишлардаги ташқи ифодаси, турли вазиятларда инсон ўз эмоциясини қандай ифода этиши, яъни  нерв физиологик жараёнида қандай ўзгаришлар кузатилиши ҳақида батафсил тушунтириб берди.

Шунингдек, очиқ дарс давомида ўқувчи-ёшлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан биргаликда назарий билимларини ҳам мустаҳкамлаш мақсадида амалий машғулотларда фаол иштирок этишди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email