СОҒЛОМ ОИЛА — СОҒЛОМ ЖАМИЯТ

Мозийдан аждодларимиз оилани муқаддас билишган. Бу инсонга ином этилган катта бир неъмат ҳисобланади. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамда “Исломшунослик” факультети томонидан “Соғлом оила — соғлом жамият” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда академиянинг профессор-ўқитувчилар, олималар ҳамда барча талаба-қизлар иштирок этди.

Тадбирда ёшларни оилага тайёрлаш, хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни, уларнинг давлат бошқарувидаги фаоллигини ошириш, юртимиздаги ҳар бир соҳада ўз мавқеига эга бўлишда кўмаклашиш ҳамда келажакда барпо этиладиган оилада бахтли ва фаровон яшашлари учун зарур билим ва кўникмалар хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Оиланинг мустаҳкам, умрбоқий бўлишида, албатта, аёлларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Оилашунос олималар бу мавзу хусусида тўхталиб ўтар экан, ёш-талаба қизларга ҳаётлари давомида оилани мустаҳкам билишлари, унинг ҳар бир жабҳасида масъулиятли бўлишларини айтиб ўтишди. Уларнинг қанчалик маънавият, маърифатли ва албатта, ақл-заковат билан иш юритишлари мамлакат тараққиёти, ривожи учун муҳимлиги таъкидланди.

— Фарзанд тарбиясида ҳам отанинг, ҳам онанинг ўз тутган ўрни бор, — дейди педагогика фанлари номзоди, оилашунос олима Сайёра Чинниева — Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Чамбарчас боғланган. Худди таълим-тарбия тушунчалари сингари. Аммо дунё илм-фани, бугунги ривожланган ва илмий асосланган тадқиқотларда оиланинг сарамжон-саришталиги, мустаҳкам бўлиши ва фарзандларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишида онанинг алоҳида ўрни борлиги қайд этилмоқда.

Бундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, бўлажак оналаримиз, ёш-қизларимиз қанчалик маънавиятли, илмли бўлсагина, дунёга келаётган фарзандлар шунчалик оқил, халқпарвар, онгу-тафаккури, дунёқараши юксак ўғил-қизлар бўлади. Шунда, жамиятда ўзгариш, ҳар бир мамлакатда тараққиёт бўлади.

Тадбир давомида кейинги пайтларда оилалардаги соғлом муҳитнинг издан чиқиши оқибатида, юзага келаётган муаммолар: ота-онанинг бир-бирига бемеҳр бўлиши, фарзандлар тарбиясининг салбий томонга ўзгараётгани, миллий қадриятларимизнинг оёқ-ости қилиниши каби ҳолатларнинг юзага келиш сабаблари ва олдини олиш чоралари хусусида маслаҳатлар берилди.

Бир сўз билан айтганда, оила халқнинг, жамиятнинг ажралмас бир бўлаги ҳисобланади. Ўз бағрида униб-ўсаётган фарзандларнинг келажак истиқболларини таъминлайди. Уларни умуминсоний қадриятларга содиқ ҳолда улғайтиради. Шарқда, жумладан, ўзбек оилаларида ҳам оила қадим-қадимдан муқаддас қўрғон саналган. Унинг асрий анъаналари ва қадриятлари сақланиб қолинган. Шунинг экан, ана шу миллий урф-одатларимизни, муқаддас қўрғонимизни асраш ҳар биримизнинг вазифамиз ҳисобланади.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email