“САХОВАТЛИ ОЛТИН КУЗ” БАЙРАМИ ТАРОВАТИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида куз фаслининг ўзига хослигини акс эттириш, бободеҳқонларимизнинг сермаҳсул меҳнати билан далаларимиздан йиғиб олинган халқимиз ризқ-насибасига шукроналик билдириш ҳамда эзгу мақсадлар йўлида бир жамоа бўлиб ҳамжиҳатликда юртимиз тараққиётига хизмат қилиш мақсадида “Саховатли олтин куз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда академиянинг барча устоз-мураббийлари, ходимлар ҳамда талаба-ёшлар фаол иштирок этди. Тадбир доирасида сахий куз таровати ҳамда неъматларини намойиш этиш бўйича академия факультетлари ва кафедралар ўртасида “Энг яхши безатилган дастурхон”, “Қовоқдан тайёрланган энг тотли таом”, “Маҳоратли ошпаз” ҳамда шахмат, шашка, стол тенниси, “Армреслинг” қўл кучини синаш, “Ректор кубоги” учун мини футбол ҳамда бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Дастлаб академия ҳовлисида 20 дан ортиқ жамоа “Маҳоратли ошпаз” беллашувида 2 кг. гуруч ва бир хил миқдордаги масаллиқда ош(палов) дамлашга киришишди. Бунда республикамизнинг барча ҳудудларига хос, бир-бирига ўхшамаган ош турлари тайёрланишига алоҳида эътибор берилди. Айниқса, бободеҳқонларимизнинг заҳматли меҳнатлари билан халқимиз дастурхонига тортилаётган куз фасли ноз-неъматлари ила дастурхон безатилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно мужассам бўлди. Бунда она заминимизнинг сахийлиги ва халқимизнинг меҳнатига шукроналик акс этди.

Тадбир доирасида ўтказилган спорт мусобақалари ҳам катта қизиқишга сабаб бўлди. Шахмат-шашка, куч синашиш, дарвозага тўп тепиш, стол-тенниси ҳамда мини футбол ўйинлари ҳам муросасиз баҳсларга ва ўзига хос таассуротларга бой ўтди.

Тадбирнинг асосий қисми академиянинг файзли ошхонасида барча ноз-неъматлар ҳамда ошнинг дастурхонларга тортилиши билан давом этди.  Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев сўзга чиқиб, бундай маънавий ва маърифий тадбирларнинг доимий равишда ўтказилиб турилиши нафақат байрам сифатида, балки ўзаро яқинлик, бир оила бўлиб, келажакда юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишга ҳар биримизни ундашини алоҳида қайд этиб, яна бир бор акдемия устоз-мураббийларини, жонкуяр ходимларни куз фаслининг таровати ва саховати билан самимий муборакбод этди.

 

Тадбир якунида ўтказилган барча мусобақаларда фаол иштирок этиб ғолиб бўлган жамоалар академия Касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди.

 

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email