МАКТАБЛАРДА “TARBIYA” ФАНИ ЎТИЛАДИ

Жорий йилнинг 23 августида давлатимиз раҳбарининг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши 24-бандида "Odobnoma", “Vatan tuyg’usi”, “Milliy g’oya" ва  "Dunyo dinlari tarixi” каби фанларни бирлаштирган ҳолда 2020-2021 ўқув йилидан ягона “Tarbiya” фанини босқичма-босқич жорий қилиш белгиланди.

Хусусан, мазкур йиғилишида “Tarbiya” фанининг Давлат таълим стандарти, Ўқув режа ва дастури, дарслик ва ўқув қўлланмаларини яратиш зарурлиги бўйича ҳам зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Шу боис мазкур ишларни самарли ташкил этиш бўйича тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Ziyo-zukko ta’lim maskanida” фаолият олиб бормоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Республика таълим маркази, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда манфаатдор ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ “Tarbiya” фанини яратишда кўплаб ўзбек миллий ва жаҳон адабиёти намуналарини ҳамда хорижий мамлакатларнинг айни соҳадаги ўзига хос тажрибасини ўрганиб чиқмоқда.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email