ЗИЁРАТ ОДОБИ ДАРСИ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик” факультети “Ислом тарихи ва манбашунослиги” кафедраси ўқитувчи ва талабалари Шайх Абдулқосим Эшон мадрасасини зиёрат қилишди.

XIX асрнинг меъморий ёдгорлиги ҳисобланган Шайх Абдулқосим эшон мадрасаси тарихи, ўзига хос қурилиш архитектураси ҳамда ташқи безакларидаги хаттотлик санъати намуналаридаги битиклар ва уларнинг ўрганилиши хусусида талабаларга кенг маълумот берилди.

Манбаларда келтирилишича, ушбу мадраса 1850 йилда Шайх Абулқосим эшон ташаббуси билан қурилган. Унинг  отаси томонидан бунёд этилган Мўйи Муборак хонақоси билан бир мажмуани ташкил қилган. Мадраса ҳовлисида усти гумбазсимон ёпилган сардоба мавжуд бўлиб, кираверишда, дарвозанинг чап томонида дарсхоналар, ўнг томонида эса масжид бўлган. Бу ерда ўз даврида Мунаввар қори Абдурашидхонов, Ғулом Зафарий, Абдулла Қодирий каб етук маърифатпарвар олимлар таълим олган.

Мустақиллик йилларида юртимиздаги кўплаб тарихий-меъморий ёдгорликлар, қадамжолар сингари Шайх Абдулқосим эшон мадрасаси ҳам қайта таъмирланди.

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни асраш ва уни чуқур ўрганиш ва халқимиз ўртасида кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода талаба-ёшларнинг мазкур тарихий обидага уюштирган зиёрати назарий билимларини мустаҳкамлашга ва аждодларига эҳтиром кўрсатишида ўзига хос сабоқ бўлди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email