Инсон ҳаётида жуда муҳим бир дўст бор...

Адабиёт ҳар қандай исталган ёшдаги китобхонга инсон ҳаётида нималарга эришиши ёки кутилмаган ҳодисаларга рўбарў келганда қандай ҳолатга тушиб қолиши мумкинлигини кўрсатиб, хулоса чиқаришга сабабчи бўлиб, унинг асосида ҳиссий тажрибани оширади, бадиий дидни шакллантиради, қайсидир ўринларда эстетик завқ бағишлайди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “...Ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда... Имом Бухорий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Жалолиддин Рўмий, Алишер Навоий мероси халқимизнинг миллий юксалишига катта ҳисса қўшган”.
 
Аслида китобхонлик, бадиий адабиёт тарбия, таълим ва ривожланиш каби ташқи омилларни шакллантирувчи восита сифатида саналса, унда ифодаланган воқеий лаҳзалари шахсиятга таъсир қилади ва натижада, инсон мазкур бир доира ёки соҳага оид билим манбаини ошириб, баъзи ўринларда ҳатто маданий озуқа ҳам олади. Ҳаётда жуда муҳим дўст борки, соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда: «...Барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму дониши асосидир ва ҳаётни ўргатувчи мураббийдир». Ана шу садоқатли, ишончли ҳамроҳ – китоб, бошқача айтганимизда – бадиий адабиётдир. Ҳар доим баркамол шахсни тарбиялаш ва шакллантириш таълимнинг асосий таркибий қисмларидан ҳисобланиб келинган. Таълим жараёнида бадиий адабиётнинг энг муҳим, асосий вазифаси ўсиб келаётган ёш авлодга умумлаштирилган бошқа фанлар кесимидаги назарий билимлар билан бир қаторда, адабий асар орқали ёшларда чуқур ва барқарор инсоний туйғуларни шакллантириш, фикр юритишга ундаш, дунёқарашини кенгайтириш, оламдаги ўзгаришларни илғаш, шахснинг хулқ-атворини тўғри йўналтиришга ундовчи таъсир кучидан фойдаланиш саналади.
 
Бадиий адабиёт таъсирининг китобхон учун яна бир фойдали жиҳати шундаки, ўқувчи идеал ва асосий шахсий муносабатларни шакллантирадиган маълум бир асар қаҳрамони билан танишгач, у учун ушбу «идеаллик» ҳолати аниқ ҳаётий тимсолга айланади ва бу асосий муносабат - унинг ҳаётий тажрибаси ва дунёқарашини ўзгартиради.
 
Биз биламизки, кўпинча бадиий асарларда тўқималарга бой ҳаётий воқеалар ҳам тасвирланади. Китобхон ҳар бир ўқиган асаридан тегишли хулосани чиқариши ва ўзи учун нима муҳимлигини идрок қилиши мумкин. Нима бўлганда ҳам – ҳар бир ҳодисотдан бир ҳикмат излаш мумкин... хоҳ у реалистик, хоҳ фантастик жанрдаги асар бўлсин.
 
Одамларга фантастика жанрига хос бўлган асарлар таъсири ҳақида гапирсак, ўқилган турли хил китобларнинг якуний таъсирида эмоционал ҳиссий импульсларнинг яратувчанликка ундаши, бирорта янгиликка сабабчи бўлганини ҳам кўришимиз мумкин.
 
Мумтоз адабиёт шахсиятни ривожлантиришнинг маълум босқичларида, китобхонни эзгуликка чорлаши, воқеалар ва қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракати бугунги замонавий ҳаёт тажрибасига мос келмаса-да, барибир ҳаётга бўлган соф инсоний туйғулар маълум бир руҳий куч сифатида таъсир қилиши мумкинлигини эътироф этиш ўринли. Л.Н.Толстой айтганидек: «..... Турли хил эртаксифат ҳикояларни - аслида тинчланиш учун ўқийман, зеро уларда гўзал ҳаёт манзараси эҳтиросларга бой бўлса-да, баъзи кезлари олижанобликка ундайди, бу каби асарлардан ўзим учун бир қаҳрамон образини яратишда фойдаланаман».
 
Бугунги кун китобхони учун китоблар силсиласи турли-туман. Хоҳ қўлёзма ҳолатида, хоҳ босма, хоҳ рақамли электрон тарзда олиб ўқиш имконияти мавжуд. Аслида ким учундир босма нашрни қўлга олиб ўқиш завқ берса, кимдир планшетдан ўқиган асарини тўлқинланиб ҳикоя қилиб бериши мумкин. Ўсиб келаётган болаларни гўдаклигидан бадиий адабиёт намуналари билан таништириб бориш, адабиётга ошно қилиш, кичик ёшдан китобсевар қилиб улғайтириш – чамамда бутун жамият вакилларининг муҳим вазифаси. Зеро, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек: «...китобни ўқиш, ўқитиш етарли даражада эмас. Болаларимизни боғча ёшидан, бошланғич синфлардан кичик-кичик китобларга ўргатиш, шу орқали уларни китобсевар этиб улғайтириш зарур. Шундагина жамиятимизда китобхонлик муҳити шаклланади, бошқалар ҳам китоб ўқишга қайтади».
 
Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар бежизга эмас, бинобарин, келажак авлоднинг камолоти илм олиш, билимли бўлиш билан белгиланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 12 январь куни «Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган» фармойиши эълон қилинган эди. Шу фармойиш билан бир қаторда Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелда «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида»ги қарори ҳам имзоланди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, боғ ҳудуди ободонлаштирилди. 2020 йил баҳорда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида «Адиблар хиёбони» барпо этилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ушбу хиёбонда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биноси, Зулфия, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Ғафур Ғулом ва бошқа атоқли ватанпарварлар сиймоси акс этган ҳайкалларни кўриш мумкин.
 
Қадимда донишмандлардан бири: «...Асарни ўқишга шайланган китобхон, аввало муқовага қараб китобни жавондан олади, аммо уни ўқиб, уқиб олгач – мазмун-моҳиятига қараб баҳо беради...», деган экан. Ҳақиқатдан ҳам, китобнинг асл моҳиятини у билан танишгач, ўқиганда билиш мумкин.
 
Ўзбек халқимиз азалдан китобхонликни азиз санаган, биз биламизки, тарихдан мушоирахонлик, китобхонлик давралари уюштирилган, кейинчалик оила вакиллари жамланганда асар муҳокамаси бўлиб ўтган, баъзи кезларда эса оилавий йиғилиб бадиий китоб ўқилган. Қаҳрамонлар муҳокама қилиниб, уларнинг хатти-ҳаракатлари баҳоланган. Ана шундай оилаларда фарзандлар китобга меҳр қўйиб вояга етишган. Аслини олганда бизнинг ота-боболаримиз китобсевар бўлишган ва биз шундай аждодларнинг авлодимиз, руҳан ва маънан китоб ўқишга ошно миллатмиз. Aдабиётни ўрганиш орқали эса биз - ҳаётни тушунамиз.
 
Азиза Орипова, доцент

Print   Email