ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИ АҚШДА КАШФ ЭТГАН ОЛИМ

Ислом динида тасаввуфий тушунчалар моҳияти, валийлик атамаси, сўфийликни дунёвий илмлар (антропология, космология, археология, қадимшунослик ва ислом илоҳиёти) асосида илк маротаба очиб берган мутафаккир Ҳаким Термизийдир. У дунёда машҳур анъанавий Аристотел-неоплатоник фалсафий ғояларига мурожаат қилмасдан, исломда тасаввуфий қарашларни тизимлаштирган илк олимдир. Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий бўлиб, у яшаган йиллар тахминан 132 – 142/750 – 760 йиллардан 255/869 йилгача бўлган даврга тўғри келади.

Ҳаким Термизий 80 дан (баъзи адабиётларда 400 дан) ортиқ илмий асарлар муаллифи ва Шарқ тасаввуфшунослигининг машҳур намояндаси ҳисобланади. Ҳаким Термизий чуқур илм ва кенг дунёқарашга эга бўлгани учун «Ал-ҳаким» (доно) деган тахаллусни олган. Ғарб ва Шарқда унинг асарларини тадқиқ этишга бағишланган кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган. Америкада Ҳаким Термизий асарлари илк бора Николас Ловсон Ҳир томонидан ўрганилган. 1953 – 1954 йилларда Н.Л.Ҳир англиялик профессор А.Ж.Арберри раҳбарлигида исломий тасаввуфни тадқиқ этган. 1955 йилда у «A critical edition and translation of the Bayan al-Farq bayn al-Sadr wa-al-Qalb wa-al-Fu’ad wa-al-Lubb of al-Hakim al-Tirmidhi (Ҳаким Термизийнинг «Кўкрак, қалб, юрак ва ички моҳият ўртасидаги фарқ баёни» китобининг танқидий нашри ва таржимаси – Н.К.)» номли диссертацияси учун Америкада докторликка лойиқ топилган. У ислом дини ва исломий тасаввуфни ўрганишга оид юзга яқин тадқиқотлар эълон қилган. Шулардан ўндан ортиғи бевосита Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганишга йўналтирилган. 1961 йил «Баян ал-фарқ»нинг инглиз тилидаги таржималари «A Sufi Psychological Treatise» (Сўфийликнинг психологик рисолалари – Н.К.) шаклида «Muslim World» (Мусулмон дунёси)нинг тўрт сонида эълон қилинган. 2003 йил эса китоб шаклида “Three Early Sufi Texts (Илк уч сўфийлик матнлари)” номи билан чоп этилди.

 У 1959 йил «Some Biographical and Bibliographical Notes on Al-Hakim al-Tirmidhi (Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаё­ти ва фаолиятига оид баъзи қайдлар – Н.К.)» номли мақоласи орқали алломани Америка илм аҳлига таништирган. 1960 йилда муаллиф «Америка шарқшунослари жамияти» семинарида «Al-Hakim al-Tirmidhi’s Kitab al-‘Ilal» (Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Китаб ал-Илали) номли маъруза билан қатнашган. 2006 йил Н.Л.Ҳир томонидан «A Sufi Work on the Stations of the Heart» (Юрак маконларида бир сўфий тадқиқоти) номли мақола эълон қилинган.

Яқинда ушбу америкалик олимнинг Ҳаким Термизий фаолияти бўйича олиб борган тадқиқотлари, умуман Николас Ловсон Ҳирнинг буюк алломага бўлган эҳтироми, эътирофи ва муносабати масаласида у билан суҳбат уюштирилди.

Қуйида ўқувчилар эътиборига илмий мулоқотни ҳавола қиламиз.

Н.Каримов: – Ассалому алайкум ҳурматли Николас Ҳир! Аҳволларингиз қандай?  Мен ҳозирги кунда Тошкент давлат шарқшунослик институтининг таянч докторанти сифатида термизийлар илмий меросининг хорижда ўрганилиши бўйича тадқиқот олиб боряпман. Ҳурматли Николас Ҳир! Сизнинг Ҳаким Термизий ёзма меросига бағишланган ишларингиз  маълумотга бойлиги, чуқур илмий асосга эгалиги билан ажралиб туради. Ҳаким Термизийга бағишланган илк диссертациялардан бири ҳам айнан сиз томонингиздан ҳимоя қилинган. Бу мавзуга қизиқиш қачон ва қандай пайдо бўлган?

Профессор Н.Ҳир: – Ҳаким Термизий ижодига қизиқиш 1954 – 1955 йилларда Англиянинг Кембридж университетида таҳсил олиб юрган пайтларимда пайдо бўлган. Профессор А.Ж.Арберри мени исломий тасаввуфга йўналтирган. Ўша йилларда Миср кутубхоналаридан Ҳаким Термизийнинг кўплаб асарлари топилиб, улар устида тадқиқотлар олиб борилаётган эди. Профессор А.Ж.Арберри раҳбарлигида Ҳаким Термизийнинг «Баян ал-фарқ байн ас-садр ва-ал-қалб ва-ал-фуъад ва-ал-лубб» номли асарини ўргана бошладим. 1955 йил айнан мазкур китоб бўйича АҚШнинг Принстон университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим.

Н.Каримов: – Термизий ёзма мероси бўйича узоқ йиллар тадқиқот олиб борган, Ҳаким Термизий асарларини ўрганишга оид кўплаб тадқиқотлар муаллифи Бернд Радтке ва Жон О’Канеларнинг «The concept of Sainthoodin early Islamic Mysticism» китобида «Баян ал-фарқ» асарининг муаллифи Ҳаким Термизий эмас деб кўрсатилган. Бу масалага фикрингиз қандай?

Профессор Н.Ҳир: – «Баян ал-фарқ» асари ким томонидан ёзилганлиги узоқ йиллардан буён жиддий баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Бунинг асосий сабаби мазкур асарнинг фақатгина битта нусхаси топилганлигидир. Б.Радтке ва Ж.О’Канелар ҳам мазкур асар Ҳаким Термизийга бутунлай тегишли эмас деб  айта олмаганлар. Баъзи бир мулоҳазалар туфайли диссертацияда мен ҳам Ҳаким Термизийни муаллиф сифатида кўрсатмаганман. «Баян ал-фарқ» асари муаллифи масаласида Ҳаким Термизийга нисбат берилади сингари тахминий фикрни билдирганман.

Н.Каримов: – Аммо, «Баян ал-фарқ» китобида ишлатилган атамалар «Хатм ул-авлиё» асаридагилар билан шакл ва мазмун жиҳатидан жуда ўхшашлигини кўриш мумкин. Унда «Хатм ул-авлиё» китобининг муаллифи ҳам баҳсли масала бўлиши керак. Шундай эмасми?

Профессор Н.Ҳир: – Юқорида таъкидлаганимдек, бу баҳсли масаладир. Янги тадқиқот якуний хулосаларга олиб келиши мумкин.

Н.Каримов: – Ҳаким Термизий шахсияти ва илмий меросининг кўлами ҳақида фикрингиз?

Профессор Н.Ҳир: – Маълумки, Ҳа­ким Термизий кўп қиррали ижодкор бўл­ган. 1959 йил чоп этилган “Some Biog­raphical and Bibliographical Notes on Al-­Hakim al-Tirmidhi (Ал-Ҳаким ат-Термизий­нинг ҳаё­ти ва фаолиятига оид баъзи қайдлар – К.Н.) номли мақоламда қайд этганимдек, унинг олтмишдан ортиқ асари турли кутубхоналарда сақланиб ке­лин­моқда. Ҳозирги кунда топилган асар­ларининг сони саксондан ошиб кетди. Ҳаким Термизий битта сўз билан айтганда тубсиз уммон. Унинг илмий меросини қанчалик кўп ўргансангиз, бу уммоннинг боши ҳам охири ҳам йўқдек туюлади. Унинг шахсий ҳаёти ҳақида жуда кам маълумот сақланиб қолган.  Туғилган ва вафот этган йиллари ҳам маълум эмас. Алломанинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги асосий манба «Бадувву шаън Абу Абдуллоҳ Термизий» китобидир. Мазкур асардан Термизийнинг ёш­лик чоғлари ҳақида маълумот олиш мумкин.

Н.Каримов: – Ҳаким Термизий туғилиб ўсган жой ҳақида нималарни биласиз?

Профессор Н.Ҳир: – Маълумки, Ҳа­ким Термизий туғилиб ўсган ҳудуд исмидаги нисбатдан ҳам келиб чиқилса Тер­миз шаҳридир. У бугунги кунда Ўзбекис­тон Республикаси таркибидаги шаҳарлардан бири бўлиб,  Афғонистонга яқин жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Кўп йиллар олдин шахсан Термизга бормоқчи бўлганман. Афсуски, собиқ совет ҳукумати бунга ижозат бермаган. Виза олишга кўплаб уринишларим бесамар кетган.

Н.Каримов: – Бугун Ўзбекистон мус­тақил давлат. Бу юртда ота-боболар номи тикланиб, уларнинг илмий мероси алоҳида қизиқиш билан ўрганилмоқда. Қадамжолари таъмирланиб, обод этилган. Ҳозир келишни истамайсизми?

Профессор Н.Ҳир: – СССР парчалангандан сўнг Ўзбекистонда рўй берган воқеалардан хабарим бор. Ҳозир ҳам жуда хоҳлайман. Аммо, афсус кексалик халал беради. Ёшим 90да. Бу ёшда узоқ саёҳат қийин масала.

Н.Каримов: – Ҳаким Термизий илмий меросининг қайси жиҳатлари ўрганилган? Термизийга оид қандай тадқиқотлар амалга оширилиши керак деб ўйлайсиз?

Профессор Н.Ҳир: – Айтиб ўтганим­дек, Термизий кўп қиррали олим сифатида машҳур. Оддийгина унинг исм­и­даги «ал-ҳаким» сўзининг ўзи унинг ма­те­матика, мантиқ, мусиқа, тиббиёт ва астрономия каби соҳалар би­лимдони бўлганидан дарак беради. Тўғриси, алломанинг ҳеч бир жиҳати тўлиқ ўрганилмаган. Амалга оширилган ишлар эса денгиздан томчидир. Демак, Термизийнинг исталган жабҳасида янгиликлар қилиш мумкин. Аммо, биринчи навбатда турли кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмаларининг танқидий матнини яратиш керак. 

Н.Каримов: – Ҳаким Термизийнинг ўзига хослиги нимада? Қандай жиҳатлари билан ажралиб туради?

Профессор Н.Ҳир: – Марказий осиё­лик кўплаб алломалар ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган. Имом Бухорий, Имом Термизийлар асарлари илмий асос­ланганлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Ҳаким Термизий комил инсон ғояси асосларини ишлаб чиққан ва кейинчалик ўзи бошқалар учун намуна сифатида қабул қилинган. Тарихда диний ва дунёвий илмларни Термизийчалик уйғунлаштирган олимлар жуда кам учрайди. Ўша даврда кўплаб сўфийлик мактаблари мавжуд бўлган, аммо Термизий ҳеч бирига аъзо бўлмаган. Кўплаб асарлари бошқа сўфийлик мактабларининг саволларига жавоблар шаклида ёзилган. Ал-Ғаззолий, Ибн Арабий, Ибн ал-Қаййим каби буюк олимлар ижодини Термизий асарларисиз тушуниб бўлмайди. Уларнинг асарлари гўё аллома ёзма меросининг мантиқий давомидир. Қолаверса, кўплаб тариқатларнинг тамойилларига ҳам бевосита Термизий ғоялари асос қилиб олинган.”Валий” ва “валийлик” масаласида “Хатм ул-авлиё” китоби ҳанузгача ўзининг ягоналиги билан бошқалардан ажралиб туради. Сўзларни ўз ўрнида қўллаш санъати борасида ҳам янги изланишлар амалга оширса бўлади. У биринчилардан бўлиб араб ва форс тилларини уйғунлаштирган ҳолда мукаммал асарлар ёзган.

Н.Каримов: – Бугунги кунда Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганишга оид илмий ишлардан хабардормисиз? АҚШда амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳақида нималарни биласиз?

Профессор Н.Ҳир: – Биласизми, қан­дайдир мавзуни узоқ йиллар тадқиқ этсангиз, ўша мавзу сизнинг борлиғингизга айланади. Шу сабабли ёшим кексалигига қарамасдан, аллома ҳақидаги илмий ишларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Ҳозирги кунда Миср, Туркия, Исроил каби давлатларда Термизий ижоди жиддий тадқиқ этилмоқда. Хусусан, исроиллик олима Сара Свири аллома ёзма меросига оид баҳсли масалаларни эълон қилиб келади. АҚШда эса Термизийнинг тасаввуфга оид ишлари кўпроқ ўрганилади. Шарқ давлатларидаги сўфийлик тариқатларининг илдизлари Ҳаким Термизий асарлари билан қиёсланади. Аллома асарлари орқали асл моҳият очиб берилади. Чунки исломий тасаввуф шаклланишида Ҳаким Термизийнинг алоҳида ўрни бор.

 

Нодир Каримов,
Тошкент давлат шарқшунослик институти докторанти


Print   Email