Фарзанд тарбиясида адолат тарозуси тенг бўлмоғи керак

Фарзанд тарбияси ҳар бир ота-она учун энг масъулиятли вазифалардандир. Айниқса, ўғил-қизларимиз орасида тенглик, адолатни таъминлаш тарбияда муҳим роль ўйнайди. Афсуски, кўп ҳолларда биз бунга кўп ҳам эътибор беравермаймиз.

Аслида эса уларга доим бир хилда муомалада бўлишимиз даркор. Улар орасини ажратсак, бирини иккинчисидан устун қўйсак, турлича муносабатда бўлсак, бир кун келиб улар орасига билиб-билмай ҳасад (ғайрлик) уруғини сочган бўламиз. Бу эса уларнинг оқибатсиз бўлиб ўсиши ёки ҳулқига таъсир этиши мумкин. Фарзанд тарбияси мана шундай нозик жиҳатлари борлиги учун ҳам оғир ва, ўз навбатида, энг савобли вазифалардан бири ҳисобланади.

Бу масъулиятли вазифада оталар учун Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ажойиб ваъдалари бор: «Инсоннинг ўз фарзандини тарбия қилиши бир соъ (1040 дирҳам, 3500 грамм) миқдоридаги садақа бергандан хайрлидир» (Жобир (р.а.) ривояти) деб марҳамат қилганлар.

Фарзандларга адолатли бўлинг

Ҳар жабҳада ота-она фарзандларини бир-биридан айирмаслиги керак. Кийим-кечак олиб беришда, едириб-ичиришда, ҳатто совға беришда ҳам тенгликни сақлаган ҳолда, уларга ранги, қиймати бир хил бўлганларини бериш лозим.

Нўъмон ибн Башир (р.а.) шундай деган экан: «Отам менга бир ҳадя қилди. Шунда (онам) Амра бинти Равоҳа: «Сен Расулуллоҳ (с.а.в.)ни гувоҳ қилиб келтирмагунингча рози эмасман» деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) келганларида (отам) деди: «Мен Амра бинти Равоҳадан (туғилган) ўғлимга бир ҳадя қилдим. Аёлим унга сизни гувоҳ қилишимни сўради, эй Расулулллоҳ!» деди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.): «Қолган фарзандларингга ҳам шундай ҳадя бердингми?» деб сўрадилар. У киши: «Йўқ», деди. Шунда у зот: «Аллоҳдан қўрқинглар, фарзандларингиз орасида адолат қилинглар!» деб таъкидладилар. Шунда отам қайтиб келиб, ҳадясини қайтариб олди» (Бухорий ривояти).

Ҳадя бераётганда ҳам болаларни бир-биридан устун қўймаслик талаб этилади. Аммо айрим фарзандларига адолат нуқтаи назаридан янада эътиборлироқ бўлишнинг зарари ҳам йўқ. Масалан, бир фарзанд алоҳида иқтидорини ва тиришқоқлигини намоён қилди. Бошқа болаларига уни ибрат қилиб, иқтидори ва тиришқоқлиги учун алоҳида ҳадя бериш жоиздир. Шарти, унга эргашган бошқа болаларга ҳам худди шундай ҳадя бериш зарур. Агар акси бўлса, адолатга хилоф бўлади. Бундан мақсад — илм-маърифат ва касб-ҳунарга рағбатлантиришдир.

Уч қизни камолга етказганга жаннат ваъда қилинган

Жоҳилият даврида қиз болалар ҳурмати топталган, уларга бир буюмдек қаралган, ҳатто қиз кўрганидан ор қиладиган «ота»лар фарзандини тириклайин кўмишгача борган. Ислом дини қизларга, умуман, аёллар ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратди, уларни камситмасликни таъкидлади, қадр-қимматини олий даражаларга кўтарди. Совға олиб келганда, биринчи қиз фарзандларга бериш ҳақидаги кўрсатма ҳам ислом таълимотида қиз фарзанднинг ўрни нечоғли катта эканини билдиради.

Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Совға беришда фарзандларингизни тенг кўринглар! Агар бирортасини афзал кўришинг керак бўлса, қизларни ўғил болалардан афзал кўрасан», деганлар (Саид ибн Мансур ривояти).

Ислом шариатида қиз боланинг ҳурматини жойига қўйиш, уларни эъзозлаш ҳақида алоҳида кўрсатмалар келган. Қиз фарзанд туғилганда хурсанд бўлиш, совғани аввал қизлардан бошлаш, уч нафар қизни имонли-эътиқодли, одобли қилиб тарбияласа, жаннатий бўлиш ҳақидаги ҳадиси шарифлар фикримиз исботидир. Хусусан, унда: «Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур», дедилар» (Термизий ва Абу Довуд ривояти).

Ислом динида адолат ва тенгликни сақлаш нафақат моддият билан боғланади, балки фарзандларга меҳр-муҳаббат бериш ва эркалашда ҳам адолатни сақлаш керак экани таъкидланади. Шунингдек, фарзандларга меҳр кўрсатишнинг ўзи ҳам, уларни ўпиб эркалаш ҳам катта савоб экани айтилади. Ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай дейилади: «Гўдакларингизни кўп ўпинг, ҳар ўпганда Жаннатдаги даражангиз юксалади» (Бухорий ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, фарзандларимизга берган меҳримиз, тарбиямиз кун келиб қадримизни юксалтиради. Нафақат оиламиз, балки миллатимиз, халқимизнинг эртанги куни порлоқ бўлишини таъминлайди. Шу боис ўғил-қизларимизни тарбиялашда алоҳида масъулият, қунт билан ёндашишимиз керак. Бунда ҳеч бир жиҳатни эътиборсиз қолдиришга ҳаққимиз йўқ.

 

Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси.


Print   Email