БУХОРО – ИСЛОМ МАДАНИЯТИ ПОЙТАХТИ

Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича бўйича Ислом ташкилоти – ISESCO 2020 йилда Бухоро шаҳрини “Ислом олами маданияти пойтахти”,  деб эълон қилинди.

Бундай тарихий ва қувончли воқеликка Бухоро билан боғлиқ бир қанча омиллар ҳисобга олинган. Жумладан, Бухоро Ер юзида инсоният маънавий юксалишига бешик бўлган, кечмиши бир неча минг йиллик тарихга бориб боғланадиган, башариятнинг барча тараққиёт босқичларига гувоҳ ҳамда бағрида олис ўтмиш билан бир қаторда бугунги тамаддун жараёнларини ўзида намоён этгандир. Манбаларда унинг қад ростлаши милоддан олдинги VI-V асрлардан бошлангани қайд этилган. Милоднинг бошларида Рим қадимшунослари “Бухоро – Осиёдаги савдо шаҳри”, деб маълумот берадилар.

Шаҳар ўтмишда, турли даврларда ҳар хил номлар билан аталганига қарамасдан, тарих бағрига Бухоро деган ном билан муҳрланди.

Таъкидлаш жоизки, Бухорои шариф – Ислом оламининг энг машҳур ва қадимий марказларидан биридир. Ўрта аср араб манбаларида Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухоро “ал-Мадина ас-суфрийя” (Мис шаҳар), “Мадинат ат-тужжор” (Савдогарлар шаҳри), “Фохира” (Фахрли шаҳар) каби номлар билан тилга олинган. IX-X асрларда сомонийлар пойтахти саналган ушбу шаҳар кўп ўтмай, “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом динининг гумбази”, деб эътироф этилган.

Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом Бухорий, Ибн Сино, Наршахий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хўжа Муҳаммад Ориф, Хўжа Муҳаммад Анжир Фағнавий, Хўжа Али Ромитоний, Хўжа Муҳаммад Бобойи Самосий, Сайид Мир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Сайфиддин Бохарзий каби алломалар яшаб, ижод этганлар. Айниқса, ислом динида Қуръондан кейинги ўринда турувчи муҳим манба – “Саҳиҳи Бухорий” ҳадис тўплами муаллифи, муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратлари хусусида алоҳида эслаб ўтиш керак. Зеро, у зотнинг ҳадис илмига қўшган беназир ҳиссасини бутун дунё эътироф этган.

Бухоро ўз навбатида фақиҳлари, ислом ҳуқуқшунослигининг етук намоёндалари билан алоҳида эътиборга эга саналади. Жумладан, Абу Ҳафс Кабир Аҳмад ибн Ҳафс ал­Бухорий Бағдодда Имом Муҳаммаддан дарс олиб, ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўзлаштиради ва ҳанафий мазҳаби таълимотларини биринчилар қаторида Мовароуннаҳрда ёяди. Унинг қўлида кўпгина фақиҳлар ва олимлар етишиб чиққан. Шунингдек, “Қузоти сабъа” (Етти машҳур қози)дан бири бўлмиш Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо ад­Дабусий ислом ҳуқуқи бўйича “Илмул хилоф” деб аталган янги фаннинг асосчиси саналади. У аҳли сунна мазҳаблари орасидаги ихтилофларни тартибга солиб, илмий услубда ўрганиш қоидаларини яратиб, кўп илмий асарлар ёзган олимдир.

Бундан ташқари Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Шамсул­аимма ал­Ҳалвоний (ал­Ҳалвоий) ал­Бухорий, Ҳисомиддин Садруш­шаҳид Умар ибн Абдулазиз, Бакр ибн Муҳаммад ибн Али ибн Фазл ибн Ҳасан Шамсул­аимма аз­Заранжарий каби Бухоролик алломалар ислом илмлари ривожланишига катта хизмат қилганлар. Бундай буюк сиймолар ҳақида гапирганда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз – ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин, – деган сўзларини эслаш керак.

Сўнгги йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам диний ва дунёвий соҳаларда салмоқли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Бухорода Мир-Араб олий мадрасасининг таъсис этилиши, тасаввуф мактаби фаолиятининг йўлга қўйилиши аждодларга муносиб авлодларни етишиб чиқишига замин яратишида шубҳа йўқ.

Ҳозирда Бухорода 100 дан ортиқ йирик тарихий меъморий ёдгорликлар: Бухоро арки, Минораи калон, Масжиди калон, Мир Араб мадрасаси, Чор минор каби кўплаб тарихий обидалар сақланган.

Эндиликда Бухоронинг замонавий қиёфасини намоён қилувчи масканлар, мажмуалар, иншоотлар кўпайди. Шулардан бири саналган Бухоро аэропорти барча турдаги ҳаво лайнерларини қабул қила олиш имкониятига эга. У дунёнинг кўплаб шаҳарлари билан ҳаво йўллари орқали боғланган халқаро аэропортга айланди. Бухоро темир йўл вокзали бугунги талабларга жавоб берадиган даражада техник жиҳатдан жиҳозланди. Ҳозирда “Тальго” тезюрар электровозлар ва “Афросиёб” каби замонавий типдаги бошқа поездлар қатнови йўлга қўйилган. Шаҳар йўллари қайтадан обод, кенг ва равон қилиб бунёд этилди. Уларнинг икки томони гулзорларга, дарахтзорларга, арчазорларга айлантирилди.

Бугун шаҳар меҳмонларни кўркам, янгидан чирой очган, гўзал қиёфада кутиб олмоқда. Зиёрат туризми имкниятларини ошириш мақсадида тариқатнинг оламга машҳур етти пирлари – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобо Самосий, Хожа Саййид Амир Кулол ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳлари қайта тикланди ва бир йўналиш орқали зиёрат қилиш имконияти яратилди.

Табиийки, Бухорода рўй бераётган бу ўзгаришлар, янгиланишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг асосида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу шариф шаҳарга доимий эътибори, бунёдкорликларга кенг имкониятлар бераётгани, аҳолининг фидокорона меҳнати ва меҳр-муҳаббати ётибди.

2020 йилда шаҳарда Ислом олами маданияти пойтахтини кенг нишонлашга мўлжалланган бир қатор илмий, амалий, бадиий анжуманлар, тадбирлар, туристик ташрифлар режалаштирилган. Ўнлаб китоблар, рисола ва адабиётлар, илмий мақола ва телекўрсатувлар ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида тайёрланмоқда. Хусусан, тариқат пирлари ҳаёти ва фаолиятига оид “Етти пир” китобининг чоп этилиши муҳим ишлардан бири бўлди. Жорий йилнинг апрель ойларида йирик халқаро форум, 4 та халқаро конференция ўтказилиб, Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини кенг нишонланади.

Бугунги кунда Бухоро ўзининг тарихий бойлиги билан ислом маданиятининг гуркираган шаҳри сифатида ўзини тўла намоён этмоқда.

 

Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO кафедраси


Print   Email