Барча болалар тенг ва ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади...

Маълумки, ҳозирги кунга қадар 1 июнь — «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» сифатида бутун дунёда кенг нишонланиб келинмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, «бола» деганда ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) тушунилади. Инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари болаларга ҳам тегишли бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат томонидан кафолатланади.

Барча болалар тенг ва ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади, давлатимиз томонидан уларнинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига кўра, бола ҳуқуқларининг асосий кафолатлари тегишли нормалар билан мустаҳкамланган бўлиб, жумладан боланинг яшаш ҳуқуқи, индивидуалликка ва уни сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, ҳимояга бўлган ҳуқуқи, жиноят процессининг иштирокчиси бўлган бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқи, ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқи, ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи, ахборот олиш ҳуқуқи, фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, хусусий мулкка бўлган ҳуқуқи кафолатлари, турар жойга бўлган ҳуқуқлари, меҳнат қилиш ҳуқуқи, дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуқи, соғлиғини сақлаш ҳуқуқи, билим олиш ҳуқуқи кафолатлари мазкур Қонунда ўз ифодасини топган.

Хусусан, қонунга мувофиқ боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи кафолатлари бўйича унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади. Вояга етгунча қонунга мувофиқ тўла муомалага лаёқатли деб эътироф этилган (эмансипация) бола ўз ҳуқуқларини, шу жумладан ҳимояга бўлган ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳамда мажбуриятларини мустақил бажаришга ҳақлидир.

Шунингдек, Қонунда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг оила муҳитига бўлган ҳуқуқи кафолатлари белгиланган бўлиб, унга кўра давлат боланинг оилада бўлишига тўсқинлик қилувчи шароитларни бартараф қилиш, бола оиласидан ажратилган ҳолларда эса уни оиласига тезроқ қайтариш бўйича зарур чораларни кўради.

Давлат ногирон болаларни ҳамда жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тарбиялаётган оилаларга моддий ёрдам, маслаҳат ёрдами ва бошқа ёрдам кўрсатади ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола тўғрисида ғамхўрлик қилишда имтиёзли ҳуқуқ бу вазифани бажаришга қодир бўлган қариндошларига берилади.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 1959 йиги Бола ҳуқуқлари Декларацияси, 1989 йилги Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенцияси ва 1990 йилги Болаларни ривожланиши ва ҳимояси, яшашини таъминлаш ҳақидаги Бутун дунё декларацияси соҳадаги халқаро ҳужжатлардир.

Шунингдек, бола ҳуқуқларининг кафолатлари бўйича давлатимиз томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари таҳлилига тўхталадиган бўлсак, мустақиллик йилларидан ҳозирги вақтга қадар жами 265 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, шундан 10 таси Қонун ва қолган 255 таси қонун ости ҳужжатлардир.

Бундан ташқари, она ва боланинг соғлиқни сақлаш ва бошқа ҳуқуқларининг кафолатлари ҳамда бу борадаги давлатимиз томонидан ижтимоий сиёсатни амалга ошириш бўйича мамлакатимизда 2014 йил “Соғлом бола йили” ва 2016 йил «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилинган.

Ушбу давр мобайнида мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эътибор муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида давлат дастурлари қабул қилиниб, соҳага оид чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тизимини давлатимиз томонидан янада ислоҳ қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорига мувофиқ қуйидагилар белгилаб қўйилди:

ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар «Меҳрибонлик» уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади;

болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади; болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди;

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли;

болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.

Шунингдек, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли эканлиги, бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шартлиги қарор билан белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, ўз навбатида мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари кафолатини таъминловчи асосий омилларидан биридир.

 

Д.БАЗАРОВА,

Тошкент давлат юридик университети Профессори


Print   Email