АБУ БАКР ЖАССОС ШАХСИЯТИ ВА ИЛМИЙ УНВОНЛАРИ

Олимнинг куняси Абу Бакр, исми Аҳмад, отасининг исми эса Али бўлган. Розий унинг нисбаси бўлиб, Рай шаҳрида туғилганини англатади. Аҳмад ибн Али Жассос лақаби билан машҳур имом фақиҳ бўлиб, мутаржимлар унинг исми, куняси ва лақаби борасида иттифоқ қилганлар.

 

 
Бурҳониддин Ахмедов 

Ўзбекистон халқаро ислом
академияси

мустақил тадқиқотчиси

 

 

 

Манбаларда олимнинг отаси ва бобоси ҳамда фарзандлари ҳақида маълумотлар учрамайди.

Туғилиши:

Хатиб Бағдодийнинг Саймарийдан, у эса Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийдан қилган ривоятига кўра, Абу Бакр Аҳмад ибн Али Жассос Розий 305/917 йилда ўзи нисбат бериладиган Рай шаҳрида туғилган, ҳижрий 325 йил, яъни 20 ёшигача шу ерда истиқомат қилган, сўнг Бағдодга келган.

Абу Бакр Розий ҳақида келтирилган маълумотларга кўра, у Хуросоннинг Рай шаҳридан бўлиб, ҳаётининг асосий қисмини Бағдодда ўтказгани сабабли унга ар-Розий ал-Бағдодий нисбалари берилган. Шу боис олимнинг она шаҳри ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Тарихий маълумотларнинг гувоҳлик беришича, қадимий Рай шаҳри ҳозирги Эроннинг Теҳрон шаҳри яқинида жойлашган. Бугунги кунда мазкур шаҳар йўқолиб кетган бўлиб, Теҳрондан 8 км жануби-шарқда унинг айрим ёдгорликлари сақланиб қолган. Бу шаҳарга ислом дини халифа Умар ибн ал-Хаттоб даврида кириб келган бўлиб, Аббосийлар даврида Рай мусулмон оламининг илмий, савдо ва саноат марказларидан бири ҳисобланган. Ислом тарихида мазкур шаҳардан кўплаб машҳур илм намояндалари етишиб чиққан. Жум­ладан, табиб Абу Бакр Розий (ваф. 912 й.), мутакаллим Фахруддин Розий (ваф. 1209 й.)ларни санаб ўтиш мумкин.

Вафоти:

Саймарий шундай ёзади: «Шайх Абу Бакр Аҳмад ибн Али Розий уч юз етмишинчи йил, зулҳижжа ойида вафот этди (370/980), унга шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий жаноза намозини ўқиб, ўз қўллари билан қабрга қўйди». Бу якшанба куни еттинчи зулҳижжа ойи­га, яъни олимнинг олтмиш беш ёшига тўғри келиб, шу санада вафот этганлигида ихтилоф йўқ. Дафн қилинган жойи маълум эмас, Сузкин Бағдодда вафот этган, деган.

Илмий унвонлари:

Тарихчилар Абу Бакр Розийнинг сифатлари ҳақида етарли хабар беришмаган бўлса-да, ўз асридаги кўзга кўринган олим ва муфассир бўлиб етишганлигини аниқлаш қийин эмас. Олимлар Абу Бакр Жассос ҳақида турли мақтов ва илиқ сўзларни айтганлар. Улар Абу Бакр Жассос­ни қуйидаги мансаб ва сифатлар билан зикр қилганлар:

 

ЎҚИНГ: ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИ АҚШДА КАШФ ЭТГАН ОЛИМ

 

 

 

Имом. Бу унвон илм ва тақвода пешқадам бўлган алломалар учун берилган. Барча муаррих ва олимлар Абу Бакр Жассоснинг имом эканини бир овоздан таъкидлаганлар. Жумладан, Ибн Касир ҳам Жассоснинг имом даражасидаги олим эканини таъкидлайди: «Аҳмад ибн Али Абу Бакр Розий ҳанафий мазҳаби фақиҳи бўлиб, Абу Ҳанифа асҳобларининг имомларидан бири саналади».

Тарихчилардан Хатиб Бағдодий ўз асарида Абу Бакр Жассос ҳақида шундай деган: «У ўз вақтида асҳоби раъйнинг имоми бўлган».

Ҳужжатул ислом. Абу Бакр Косоний ўзининг «Бадоиъ ас-саноиъ» асарида Абу Бакр Жассосни ҳужжатул ислом (ислом дини ҳужжати) дея эътироф этган. Бу ноёб унвонлардан бўлиб, камдан-кам олимларга насиб этган. Мазкур унвон сўзлари ва фатволари динда ҳужжат даражасида қабул қилинадиган олимга нисбатан қўлланилган. Шубҳасиз, ҳанафий мазҳабига оид мўътабар манбаларда Абу Бакр Жассоснинг сўзлари ҳужжат, яъни сўнгги хулоса сифатида келтирилади.

Ҳанафий мазҳабининг етук алломаси Абу Бакр Жассос ислом оламида машҳур фақиҳ сифатида танилган. Аммо алломанинг фиқҳ ва тафсирдан бошқа илм соҳаларида ҳам кенг изланишлар олиб боргани ва турли илмий унвонлар билан халқ орасида шуҳрат қозонганини ҳамма ҳам билмаса керак. Шунингдек, Абу Бакр Жассоснинг исми, куняси ва тахаллуси ҳам олимлар томонидан турлича талқин қилинган. Қуйида айнан шу масалаларга ойдинлик киритилган бўлиб, алломанинг шахсияти ва илмий даражалари атрофлича тадқиқ қилинган.

Муфассир. Абу Бакр Жассосни машҳурлик чўққисига олиб чиққан асари, шубҳасиз, «Аҳкам ал-Қуръан» китобидир. Бу асар фиқҳий йўналишда ёзилган тафсирлар сирасига киради. Аҳмад ибн Муҳаммад Аданавий ўзининг «Табақот ал-муфассирийн» асарида Абу Бакр Жассосни III ҳижрий асрда яшаган муфассирлар табақасида санаб ўтган. Шунингдек, Доктор Муҳаммад Ҳусайн Заҳабий ҳам Абу Бакр Жассосни фақиҳ муфассир сифатида зикр этган.

Ҳофиз. Маълумки, ҳадис илмида етук муҳаддисларга нисбатан ҳофиз атамаси қўлланилади. Ҳофиз деганда юз мингта ҳадисни матн ва иснод жиҳатидан тўлиқ эгаллаган ҳамда ровийларнинг ҳолати, яъни жарҳ-таъдил ва тарихини билган муҳаддис тушунилади. Муҳаммад ибн Абдулбоқий Зурқоний «Шарҳ ал-Маваҳиб ладунния» асари иккинчи фаслининг еттинчи мақсад (бўлим)ида Абу Бакр Жассосни таърифлаб, шундай деган: «Имом ва ҳофиз Абу Бакр Розий Аҳмад ибн Али ибн Ҳусайн ҳанафий мазҳаби имомларидан бўлиб, Найсабур муҳаддиси ҳисобланади. Ибн Уқда ҳам уни ҳофизлар қаторида санаган».

Муҳаддис. Ҳадис илмида муҳаддис унвони фақат ҳадис тинглаш билан чекланмасдан, уни исбот қилиш йўлларини ҳамда ровийларнинг адолати ва жарҳ (нуқсон)ини яхши билган кимсага нисбатан ишлатилади. Бу унвон ҳофиз унвонидан бир поғона пастда туради. Яъни, ҳофиз муҳаддис ҳисобланади, лекин муҳаддис ҳофиз бўлмаслиги мумкин. Зурқонийнинг Абу Бакр Жассосни муҳаддис сифатида зикр қилганини юқо­рида қайд этдик. Дарҳақиқат, Абу Бакр Жассос нафақат фиқҳ ва тафсир илмида, балки ҳадис борасида ҳам ўзига яраша мавқега эга бўлган. «Ал-фавоид ал-баҳия» асарида ёзилишича, Абу Бакр Жассос Абдулбоқий ибн Қониъ (265 – 351/878 – 962)дан ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, Абу Бакр Жассос Абул Аббос ал-Асомм Найсабурий, Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Форис Асбаҳоний, Сулаймон ибн Аҳмад Табароний ва бошқа бир қатор муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган.

Фозил. Бу ҳам олимларга берилган энг улуғ унвонлардан бўлиб, фазилатли ва олийжаноб маъноларини билдиради. Хайруддин Зириклий Абу Бакр Жассос ҳақида ёзар экан, уни шундай таърифлайди: «Абу Бакр Жассос Рай аҳлининг фозил кишисидир».

Фақиҳ. Шубҳасиз, Абу Бакр Жассос ҳам усул ал-фиқҳ, ҳам фуруъ ал-фиқҳни мукаммал эгаллаган етук олим бўлган. Шу боис у манбаларда фақиҳ сифатида тилга олинади. Жумладан, Ибн Касир ҳам Жассоснинг имом даражасидаги олим эканини таъкидлаб, унинг ҳанафий мазҳаби фақиҳи эканини «Ҳанафий мазҳаби фақиҳи Аҳмад ибн Али Абу Бакр Розий» ибораси билан ифодалаган. Абу Бакр Жассос фиқҳ илмида кўпроқ шуҳрат қозонган. Буни Хатиб Бағдодийнинг Жассосни фақиҳ олим сифатида таништириб айтган қуйидаги сўзларидан ҳам билиб олишимиз мумкин: «У фиқҳни Абул Ҳасан Кархийдан ўрганди ва фиқҳ илми билан мунтазам шуғулланиб, бу борада риосат – етакчиликни қўлга киритди. Ҳатто фақиҳлар фиқҳ илмини ўрганиш мақсадида унинг ҳузурига кела бошладилар».

Мужтаҳид. Шамсуддин Заҳабий Абу Бакр Жассосни мужтаҳид аллома сифатида зикр қилган. Бу ерда мазҳаб ичидаги мужтаҳид назарда тутилган. Мазҳабда ижтиҳод қиладиган олимлар табақасига Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва Абу Ҳанифанинг бошқа шогирдлари киради. Улар устозлари Абу Ҳанифа тузиб берган қоидалар асосида далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга қодир бўлган олимлар саналадилар. Мазкур табақа вакиллари Абу Ҳанифага баъзи фаръий ҳукмларда ихтилоф қилсалар-да, лекин асосий қоидаларда унга тақлиб қиладилар. Дарҳақиқат, Абу Бакр Жассоснинг илмий мероси унинг мазҳаб мужтаҳидлари табақасидан эканлигига далолат қилади.

 

ЎҚИНГ: «АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД» АСАРИ — ТАОМУЛИЙ ИБОДАТЛАР МАЖМУАСИ

Ироқ олими. Шамсуддин Заҳабийнинг таъкидлашича, Абу Бакр Жассос Ироқда жуда машҳур бўлган. Шунинг­дек, Амир Котиб Итқоний бу ҳақда шундай деган: «Шайх Абу Бакр Жассос Ироқ олимларининг улуғларидан саналади».

Абу Бакр Жассоснинг илмий мавқеи ва муфассир сифатида унвон ҳамда даражалари муҳим мавзу саналади. Абу Бакр Жассос, шубҳасиз, Аҳли сунна валжамоанинг ҳанафий мазҳабида етук фақиҳ, муфассир ва буюк аллома эканига тарихий манбалар гувоҳлик беради. Алломанинг ҳаёти, ижоди ва асарлари унинг нақадар теран фикр, чуқур билим ва юксак дид соҳиби эканидан далолат беради. Айниқса, машҳур олимларнинг Абу Бакр Жассос ҳақидаги илиқ фикрлари, яхши таърифлари ва мақтовлари олимнинг ҳанафий мазҳаби, ҳатто бутун ислом оламида тутган мавқеи нақадар юксак бўлганидан дарак беради. Алломанинг асарлари ва қарашлари кейинги авлодларга ҳам катта таъсир ўтказгани сир эмас. Шу боис унинг илмий меросини чуқур тадқиқ қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан саналади.

 


Print   Email