Ёшларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришда ҳуқуқий тарбиянинг роли

Ҳуқуқий тарбия ҳамиша давлатнинг сиёсат, иқтисодиёт ва аҳлоққа нисбатан ўз нуқтаи назарини аҳолига аниқ етказиб беришдаги энг ишончли ва самарали воситаси ҳисобланган.

Ҳуқуқий тарбия муаммолари Франция, Италия, Буюк Британия, АҚШ каби мамлакатларда ҳам доимо диққат марказида бўлиб, у билан боғлиқ кўплаб масалалар атрофлича ўрганиб чиқилган. Ҳуқуқий тарбиянинг ижтимоий аҳамияти ўсиб келаётган ёш авлод онгига мунтазам сингдириб борилган ва бу жараёнга алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўтказилган ҳуқуқий ислоҳотлар, ҳуқуқий-демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар моҳиятини аҳоли, айниқса ёшларга етказиш бугунги кун талабидир. Бу эса, ўз навбатида таълим-тарбия, айниқса ҳуқуқий тарбияни замонавий услублар асосида йўлга қўйишни тақозо этади. Адолат ва ҳақиқат ҳар бир жамиятда ҳукм суриши лозим бўлган эзгу орзудир. Ана шу орзу давлатимизнинг бош Қомуси – Конституция ҳамда бошқа қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларининг назарий, амалий асосини ташкил қилади. Президентимизнинг “Биз қанчалик мукаммал қонунлар яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул", "Конституция ва қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва маданият ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир мансабдор шахснинг ҳаёт ва фаолият тарзига айланмоғи керак”, деб айтган фикр-мулоҳазалари, мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг шахс, жамият ва давлат ривожи учун нақадар муҳим ва аҳамиятли эканлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Ўқувчи ёшларга ҳуқуқий билим беришнинг асосий мақсади, уларда ҳуқуқий тушунчаларни шакллантириш ва шу асосда ҳуқуқий тарбияга эришишдан иборатдир. Ҳуқуқий билим олиш жараёнида ўқувчилар Конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини билиш, улардан фойдаланиш ва ҳаётга татбиқ этишга эришиши лозим. Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш нафақат таълим муассасалари, балки оиладан бошланади. Ижтимоий фанлар тизимида ҳуқуқ фани алоҳида ўрин тутади. Ҳуқуқий билимлар ҳаётда, ҳар хил аниқ вазиятларда тўғри йўналиш олиш, рухсат этилган ва тақиқланган нарсалар ўртасидаги чегарани топа билиш, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишнинг қонуний йўллари ва воситаларини танлашга ўргатади. Ҳуқуқий билимлар сиёсий савияни кенгайтиради, эътиқодлар шаклланишига, ҳаётдаги ҳуқуқий ходисаларни тўғри тушуниш, ҳуқуқий талабларга онгли равишда риоя этиш, барча фуқароларнинг ҳуқуқ нормалари (қоидалари)га амал қилиш учун фаол курашишга кўмаклашади. У ёки бу фанни ўқитишнинг асосий шакли дарс машғулотини ўтиш ҳисобланади. Ўтилаётган дарс машғулоти замонавий талабларни бажаришга қаратилган бўлиши лозим. Илмий асосда ташкил этилган дарс машғулотлари шуниси билан характерлики, улар ўқувчиларнинг шу фанга бўлган қизиқишини янада ортишига сабаб бўлади. Ҳар қандай вазиятда оқилона, тўғри хулоса чиқаришга имкон берадиган билим, малака, кўникмалар олишга имконият яратади Ҳуқуқий тарбия – ўқувчида ижобий фазилат (тўғрилик, принципиаллик, жамият манфаатларининг бузилишига тоқатсизлик, фаоллик, масъулиятлилик, пухталик, ўзаро ҳурмат, ҳар қандай қийинчиликларни бартараф қила олиш, ёмонликка қарши тура билиш, ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўза билиш қобилиятлари ва шу каби)лар шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда Президентимизнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига асосан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” тасдиқланди. Унга мувофиқ, қуйидаги масалалар белгилаб берилди: – жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ҳамда узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни сингдириш, шахсий ва жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини тарғиб қилиш; – ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик, одоб-ахлоқ тушунчаларини чуқур сингдириб бориш, асосий Қомусимизнинг муҳим жиҳатларини болалигидан бошлаб ўргатиш; – аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларимизни ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил этиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғулари билан шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кўчайтириш; – давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; – таълим ва тарбия тизими, маънавият ва маърифат билан боғлиқ барча муассасалар ўз фаолиятларини соф ахлоқий, юксак маънавий қадриятларни қарор топтириш ва омма онгига сингдириш, энг муҳими фуқароларнинг жамият ҳаётининг барча соҳалари, хусусан, ҳуқуқий масалалар доирасида ҳам фаоллигини янада ошириш. Ёшларимиз Конституцияга шунчаки рамз, расмиятчилик маҳсули сифатида қарамасдан, уни ўз ҳаётий манфаатлари муҳрланган қалқон сифатида ардоқлаши лозим. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир фуқаро Конституция ва у асосида қабул қилинган қонун ва қонуности актларини билиши, англаши, ҳаётда тўғри татбиқ қилиши керак. Чунки бу ҳужжат мазмун-моҳиятини биладиган инсон учун у ноёб ҳуқуқий қурол вазифасини ўтайди. 
 
Ундан ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қилинганида фойдалана билиши, кўплаб ўзбошимчаликларнинг олдини олишда уни моҳирона қўллай олиши мумкин. Конституцияни билмаслик эса, ҳуқуқий ожизлик белгисидир. Бу ҳолатни конституциявий кафолатларга жиддий хавф, деб баҳолаш лозим. Инсоният тараққиётининг тарихий йўли ана шундан далолат беради. Демак, Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун ҳаётий дастуриламал, ҳуқуқий тарбия ҳамда ифтихор манбаи, ҳуқуқий қурол, ишончли қалқон бўлиб хизмат қилиши зарур.
 
Б.МАВЛОНОВ, Б.МАҲМУДОВ,
Фарғона вилояти Адлия бошқармаси
Юридик коллежи ўқитувчилари

Print   Email