Бухорода X-XIII асрларда фаолият юритган Оли Моза оиласининг саховатлари ҳақида биласизми?

Баҳор ойларида бутун дунё халқлари қатори ўзбек халқи бошига келган коронавирус пандимияси ва табиий техноген офатлар халқимизни янада жипслашувига олиб келди.

Айниқса, мана шундай синовли даврда кам таъминланган муҳтож оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш ўзига тўқ инсоннинг маънавий камолот соҳибига айланишда кўприк вазифасини ўтайди.

Халқимизнинг саховати бугун пайдо бўлган ҳодиса эмас, балки бунинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бу борада X-XIII асрлар Бухоро тарихини ўрганган бир тадқиқотчи олим сифатида ишонч билан айтишим мумкинки, саховатпешалик халқимизнинг қон-қонига сингган олий қадрият. Буни мозий зарварақларидаги манбалар ҳам тасдиқлайди.

Бухорода X-XIII асрларда яшаган Оли Моза оиласи диний-дунёвий илмларга эга бўлган ҳукмдорлар даражасига кўтарилган. Уларнинг аҳоли ичида солиқ ундурувчилар бўлиши билан бир қаторда саховатпеша инсонлар сифатида ҳам ном чиқаргани тарихдан маълум.

Оли Моза оиласи вакилларидан бири йирик ҳанафий фақиҳи, йигирма йилдан ортиқ Бухорода қози лавозимида фаолият юритган ватандошимиз Бурхониддин Маҳмуд ал-Бухорий (616/1219) ўз даврида саховатпешаликда бошқаларга намуна бўлиб келган. Саховатликни эса фақиҳ ўз ота боболаридан ўрганган. Ватанпарварликнинг энг олий намунаси ўлароқ ўзи 63 ёшида Бухоро ҳимояси учун мўғуллар билан бўлган жангда ҳалок бўлади.

Маълумотларга қараганда Бухорода “Садр” ва “Қози ал-қузот” мансабига (495/1101-02) йилда илк бор Бурхониддин Маҳмуд ал-Бухорийнинг бобоси Бурхону-л-Кабир тайинланганидан сўнг, Оли Моза оиласи Бухородаги маданият, фан ва таълим ҳамда фиқҳ илми ривожига жуда катта ҳисса қўшади. Улар ўз шахсий маблағлари ҳисобидан Бухоронинг “Сиккат ад-деҳқон” маҳалласида “Хизонат ал-кутуб” номли кутубхона ташкил этади. Ушбу кутубхонани нодир китоблар билан бойитишда Бурхону-л-Кабир ва унинг икки ўғли, ас-Садр аш-Шаҳид ва унинг укаси ас-Садр ас-Саиднинг хизматлари катта бўлади.

Кўплаб бухоролик фақиҳлар ўз асарларини айнан ушбу кутубхонадаги манбалардан фойдаланган ҳолда ёзганлар. Масалан, Имод ад-дин Абу-л-Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Аби ал-Ҳасан ал-Фаробий (ваф. 607/1210 й.) ўзининг “Китоб холисат ал-ҳақоиқ” асарини ушбу кутубхонада ёзган.

Китобда саховат қилиш ҳақида шундай дейилади: “Ҳусомуддин Садр Шаҳид қўли очиқ ва камбағал инсонларга ғамҳўр инсон эди. У кишининг ҳисобидан катта қозонларда овқатлар пиширилиб мискинлар ва мусофирларга ҳамда илм талабида юрган аҳли илмга тарқатилар эди”.

Дарҳақиқат, Оли Моза оиласи Бухорода ўз шахсий маблағлари ҳисобидан вақф мулки асосида мозор ҳам ташкил этган. Ушбу мозор ҳозирги кунга қадар Бухорода “Садрлар мозори” номи билан машҳурдир.

Бир сўз билан айтганда, Оли Моза оиласи фақиҳ ва зиёли табақа вакилларига кўрсатган ҳомийликлари билан ҳам шуҳрат қозонганлар. Бухоро Хоразмшоҳлар давлати тасарруфига киргунига қадар мазкур оиланинг олти минг фақиҳга ҳар йили 4000 минг Бухоро динори ҳажмида маблағлар улашгани ҳақида манбаларда маълумотлар келади. Айниқса, Садр Шаҳиднинг ўғли Муҳаммад Садру-л-Жаҳоннинг (618/1221) сахийлиги ҳақида табақот асарларида кўплаб ривоятлар берилган. Улардан энг машҳурларини Жалолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳошимий Кунавий (672/1273) томонидан саховатпешалик ҳақидаги фикрлари тасдиқлайди. Масалан, у ёзиб қолдирган фикрларининг бирида: “Садру-л-Жаҳон шунақа даражадаги сахий инсон эдики, унинг уйидан то мадрасагача бўлган беш фарсахлик масофада мискин толиби илмлар ва бечоралар фақиҳдан доимо молиявий кўмак олиб турган”и ҳақида айтилади.

Бошқа бир ривоятга эса (603-604/1207) йилда Садру-л-Жаҳон ўз ўғли билан Бағдод орқали ҳаж сафарига отланган вақтда, унинг саховатидан миннатдор бўлган ҳар бир шаҳар ва қишлоқ аҳолиси фақиҳни ҳурмат ва иззат билан кейинги шаҳар ёки қишлоққача кузатиб қўйгани тўғрисида келтирилади.

Саховат қилиш қўлида мол-дунёси, кишилар ичида мансаб-мартабаси баланд бўлган инсонларга хос фазилатдир. Улар мўмин-мискинларга қўлидан келганича яхшилик қилиши, халқ бошига тушган синовли кунларда кўмаклашиши ортидан ўзларининг олижаноб мавқелари билан бир қаторда ҳар бир ишларида бунданда кўпроқ ютуқларга эришадилар. Бунинг ёрқин мисолини шонли тарихимизда яшаб ўтган Оли Моза оиласи вакилларининг ибратли ҳаётидан ҳам билиш мумкин.

 

Илҳом БЕКМИРЗАЕВ,

“Исломшунослик ва ислом цивилизациясини

ўрганиш ISESCO” кафедраси ўқитувчиси,

тарих фанлари доктори


Print   Email