“Пандномаи Мотуридий” халқимизга хос ҳикматлар мажмуи

Асрлар давомида ислом оламида тўғри йўл сифатида эътироф этиб келинаётган мотуридия таълимотининг асосчиси, Самарқанд шаҳрида яшаб ижод қилган буюк аллома Абу Мансур Мотуридий “Китоб ат-тавҳид”, “Таъвилот ал-Қуръон ал-карим”, “Мақолот” ҳамда “Пандномаи Мотуридий” номли қатор асарларида инсонга хос бўлган энг улуғ фазилатлар, жумладан, саховат ва меҳр-шафқат мавзусига алоҳида саҳифалар бағишлаган, ўз саховати билан атрофдагиларга ўрнак бўлган.

Мотуридия таълимотининг машҳур вакили Абу Муин Насафийнинг “Табсират ал-адилла” асарида Имом Мотуридийнинг мазкур фазилати ҳақида бундай дейилади: “Имом Мотуридий зоҳид, камтар ва, албатта, қўли очиқ инсон эди. Имом Мотуридий ўз шогирдларига ҳам ушбу фазилатларни тарғиб қилар ва бу борада, аввало, ўзи ўрнак бўлар эди”.

Юртимизнинг кўҳна Насаф воҳасида яшаб ижод қилган яна бир аллома Жамолиддин Қарший ҳам “Мулҳақат ус-сура” (“Суралар (маъноси)га риоя”) асарида Имом Мотуридийнинг ниҳоятда қўли очиқ ва бағрикенг инсон бўлганини таъкидлаб ўтган.

Аллома асарлари билан танишиш асносида юқоридаги фикрлар ўз тасдиғини топади. Хусусан, унинг “Пандномаи Мотуридий” (“Имом Мотуридий панд-насиҳатлари”) рисоласида қуйидаги ҳикматларни ўқиш мумкин:

 —  юрт ободлиги, халқ фаровонлигини истасанг, очиққўл бўл;

— ўзгаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, оғирини енгил қилиш бойликдан афзал;

 — ҳар бир яхшилик, эҳсонингни холис қил;

— бировнинг оғирини енгил қилиш ва хайр-эҳсон қилишни буюк иш деб бил.

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон ал-карим” тафсирида Аллоҳ таоло бандаларини улар учун манфаатли бўлган нарсаларга (яъни саховат қилишга, инсонларга меҳр-оқибат кўрсатишга) буюради ва уларга зарар етадиган нарсалардан (яъни бахиллик, манманлик, кибрдан) қайтаради, дунё яхшиликлари илм, ибодат ва инсонларга меҳр-оқибат кўрсатишдир, охират яхшиликлари эса жаннат ва мағфиратдир, деган сўзларни ўқиш мумкин.

Имом Мотуридийнинг биз, авлодларга насиҳатлари замон ва макон танламаслиги — доим долзарблик касб этиши бугунги пандемия шароитида ҳам ўз исботини топмоқда. Дарҳақиқат, саховат ва кўмак, бағрикенглик ва одамийлик фазилатлари инсон учун муҳим. Бу сўзларни қуйидаги ҳадис қувватлайди: “Набий алайҳиссаллом: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар”.

Имом Мотуридийнинг шогирди Абу Муин Насафий “Баҳр ул-калом” асарида бойлик ва мискинликнинг шариатдаги мавқеини очиб, бойликнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва ундан унумли фойдаланиш борасидаги тавсияларга тўхталган. Унинг таъкид лашича, неъматга сазовор бўлган ҳар бир инсон уни тасарруф қилишда ҳаддидан ошмаслиги, яъни исрофга йўл қўймасдан саховат кўрсатиши, хайр-эҳсон қилиши, силаи раҳм ва кўмакда қоим бўлиши, динимизда улуғланган фазилатларга риоя қилиши зарур.

Абу Муин Насафий соғлом инсон учун касб қилиш ва ҳалол меҳнат билан пул топиш фарз экани ва, албатта, орттирган маблағларидан ён-атрофидаги бечораҳол инсонларга саховат, меҳр-мурувват кўрсатиб яшаши зарурлигига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирган:

Расулуллоҳ айтдилар: “Кимки турли риёлардан четлашган ҳолда ўз оиласи ва қўшнисига инъом (саховат, меҳр-мурувват) кўрсатиш учун ҳалол йўл билан молу дунё топса, қиёмат куни унинг юзи худди бадр кечасидаги тўлин ойдек бўлади...”

Аллома ўз фикрларига хотима ясар экан, “Бақара” сурасининг 267-оятини, яъни “Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан эҳсон қилингиз!” деган сўзларни ёдга олади.

Унинг таъкидлашича, ушбу оятда Аллоҳ эҳсон, саховат қилишга буюрмоқда. Демакки, ҳалол йўл билан кун кўриб, хайр-эҳсон ва саховатда бардавом бўлган киши Аллоҳнинг ушбу оятига тўлиқ риоя қилган бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг ташкил этилиши айни вақтда амалга оширилаётган эзгу ишлардан биридир. Пандемия даврида муҳтожликлар ва мушкулликларга дучор бўлган оилалар, кексалар ва болалар, аёллар, меҳрибон онажонлар учун бу ҳаракат ниҳоятда муҳим. Шундай экан, улуғ аждодларимиз, динимиз ва ақидамиз, эътиқодимиз ва муқаддас қадриятларимизга содиқ бўлиб, бу ҳаракатда муносиб иштирокчи бўлайлик!

Муборак Рамазон Ҳайити барчамизга,бутун халқимизга, қутлуғ ва баракотли бўлсин! Парвардигор Ватанимизни, юртдошларимизни паноҳида сақласин!

 

Саидмухтор ОҚИЛОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти


Print   Email