Хива – дунё тарихий шаҳарлари дурдонаси

Хива хонлигида архитектура ёдгорликларини сақлаш ва таъмирлаш ишлари қадимдан одат тусига кирган бўлса-да, осори атиқаларни йиғиш ва музей ташкил қилишга ХIХ аср охирида Муҳаммад Раҳимхон II даврида киришилган.

Бунга Хива хонлигида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик маҳсулотлари, осори атиқалар ҳамда архитектура ёдгорликларининг фотосуратлари жаҳон кўргазмаларида намойиш этилиши сабаб бўлган.

Чунки 1890 йилда Тошкентда, 1895 йилда Нижний Новгородда, 1900 йилда Парижда, 1904 йилда АҚШнинг Олои шаҳрида ўтган халқаро ярмаркаларга Хивадан 16 соҳа бўйича ҳунармандчилик ишлари намуналари юборилган. Париждаги кўргазмада 143 та тарихий обиданинг Бомачинский томонидан олинган фотосуратлари намойиш қилинган.

1890 йилдаги кўргазмага қўйилган ажойиб мис ўймакорлиги иши учун усталар — Мавлонберди ва Сафар бобо Россия империяси Молия вазирлигининг бронза медали ва фахрий ёрлиғини олишга мушарраф бўлган.

Муҳаммад Раҳимхон II 1898 йил 12 апрелда Кўҳна Урганч, Хўжайли ва Қўнғирот ҳокимларига: “Қадимдан қолғон ёдгор нимарсаларни йўқ қилдирмасунлар, ҳар тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморатлар бўлса, не тариқа бино бўлғонларини ва кўҳна тилла ва танга ва фуллар бўлса борлаб топиб мунда юборсун”, деб буйруқ беради. Лекин тўпланган буюмлар Россияга юборилиши натижасида Хиванинг ўзида музей очилиши орқага сурилиб, 1920 йилдагина амалга ошади.

1920 йил 11 апрелда Хоразм муваққат ҳукумати вакиллари ва РСФСР ҳукумати фавқулодда вакили иштирокида бўлиб ўтган қўшма йиғилишда Хива шаҳрида “Хива халқининг ўтмиши ва ҳозирги пайтдаги маданиятига оид барча буюмларни, шунингдек, хонлик зулмининг жазо қуролларини халққа кўрсатиш ва келгуси авлодлар учун сақлаб қолишни назарда тутиб, халқ музейи ташкил этилсин” , деган қарор қабул қилинади.

Ушбу қарор ижросига киришган Маориф ва маданият нозирлигининг 17 апрелда халққа қилинган эълонида, жумладан, бундай дейилган эди: “Қалъа шўроларининг маҳкамаларига, 26 апрель 1920 йилда Хивада музей ва виставка очиладур. Шунга керакли нимарсаларни тезлик бирла аҳолидан сўрашиб олиб, мазкур муддатдин икки кун аввал Хивага еткурмакларингиз зарурийдир”. Эълонда махсус кишилар қўлларида мандат билан аҳолидан музейбоп буюмларини соҳибининг қўлига хат бериб олишлари кўрсатилган. Бу хат билан буюмнинг соҳиби истаган пайтда ўз буюмини қайтариб олиши ҳам мумкин бўлган.

Музей-кўргазма 1920 йил 27 апрель куни Бутунхоразм халқ вакиллари I қурултойи қатнашчилари иштирокида эски хонлар қароргоҳи Кўҳна арк биносининг арзхонасида очилди.

1924 йилгача Хива шаҳрининг ичкари қалъасидаги 1831-1839 йилларда қурилган улкан Тошҳовли саройида Оллоқулихоннинг авлодлари яшаган ва бу саройни ўз мулки ҳисоблаб, унинг жиҳозларини сота бошлаган. Бундан хабар топган ҳукумат музейни Тошҳовли биносига кўчириб, саройни ҳам ўз ҳисобига киритган ва Хива музейи яна бир экспозицияга кўпайган.

1957 йилда Тошҳовли саройида музей экспонатлар фонди ва Тарих музейи қолдирилиб, бу ердаги бошқа музейбоп экспонатлар даврларга ажратилиб, Ичан қалъадан ташқарида “Хоразм тарихий инқилобий музейи” ва “Хоразм табиати” музейи номи билан Нуруллабой саройига кўчирилган. Буюк ипак йўлида жойлашган ушбу шаҳардан хоразмлик олимларнинг асарлари ва кўпгина бадиий ҳунармандчилик намуналари дунёга тарқалган. Ушбу осори атиқалар ҳанузгача Рим, Париж, Лондон, Копенгаген, Берлин, Истанбул, Қоҳира, Санкт-Петербург, Москва, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги йирик музейлар экспозицияларини безаб турибди. ХIХ асрда жаҳон бўйлаб музейлар ташкил қилиниши амалиётга татбиқ қилинган бўлса, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб қадимий тарихга ва меъморий обидаларга бой бўлган шаҳарларнинг ўзини музей шаҳарлар деб аташ анъанага киритилди. 1969 йил 29 июлда Хива давлат тарихий меъморчилик Ичан қалъа музей-қўриқхонаси ташкил этилди.

Бу пайтга келиб Хивада, асосан, иккита катта музей фаолият кўрсатарди. Уларнинг бири Хива хонининг Нуруллабой саройида, иккинчиси шаҳарнинг ичкари қалъасидаги Оллоқулихоннинг Тошҳовли саройида жойлашган эди. Хиваликларнинг сўзларига қараганда, иккинчи музейдаги экспонатлар жуда бой бўлиб, унда кўплаб қадимги буюмлар, санъат асарлари, хонлик давридаги қимматбаҳо тошлар ва олтин-кумушлар билан безатилган қурол-яроғлар, чинни буюмлар намойишга қўйилган.

Хива шаҳрининг ХIХ аср охири ва ХХ асрнинг бошларидаги кўриниши, унинг ички ва ташқи қалъа деворларининг ўз ҳолича сақланиб қолганлиги шаҳарнинг ўзини музей деб аташ ва уни қўриқхона деб эълон қилиш учун асос бўлди. Шуниси қизиқки, шаҳар ХХ асрнинг 60-йилларида ҳам юз йил олдинги кўринишини бузмаган эди. Ундаги меъморий обидаларнинг асл ҳолича туриши, шаҳар ичидаги аҳолининг яшаш уйларининг ташқи кўриниши, кўчаларнинг энсиз ва торлиги, уйлар томларининг текис қилиб бостирилиши ва сомон сувоқ қилингани ҳар бир кишини ҳайратга соларди. Шаҳар ичида яшайдиган аҳолининг ташқи қиёфаси, уларнинг кийимларида сақланган анъанавийлик ва муомаласидаги одамийлик шаҳарни қўриқхонага айлантириш учун асос эди.

Хива шаҳрининг ўзи музей. Унинг экспонатлари қалъа девори билан ўралган тўрт дарвозали шаҳар, хонлар саройлари, масжид, мадраса, минора, мақбара ва шунга ўхшаган иморатлардир. Бу обидаларнинг ичида Хоразм халқининг минг йиллик тарихидан гувоҳлик берувчи алоҳида музейлар жойлашган. Ўзбекистоннинг энг кўҳна музейларидан бири бўлган Хива Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида мангуликка дахлдор 54 та тарихий меъморий обида бор. Бу қадим шаҳарда ҳозирги вақтда 375 хонадон сақланиб қолган ва уларда 2610 киши истиқомат қилади. Музей-қўриқхонанинг 19 та доимий экспозициясида Хоразмнинг қадимдан бугунги кунигача бўлган тарихи акс этган.

Дунёнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Хива асрлар мобайнида инсониятнинг маънавий ва моддий маданияти ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келган. Хивани бежиз очиқ осмон остидаги музей шаҳар деб аташмайди. Жаҳон туризми марказларидан бири саналган бу шаҳарда 140 дан ортиқ меъморий обида ва археологик ёдгорлик сақланиб қолган.

1990 йил 12 декабрда Хива шаҳрининг Ичан қалъа қисми ЮНЕСКОнинг маданий мерослар қўмитаси қарори билан жаҳон маданий мерослари рўйхатига киритилди. 1997 йилда эса бу қадимий шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи жаҳон миқёсида нишонланди.

2019 йилда Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонасига ташриф буюрганларнинг умумий сони 401781 нафарга етди, уларнинг 144738 нафари хорижий сайёҳдир.

Йил давомида Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари томонидан вилоят туманларига илмий экспедициялар ташкил қилиниб, 874 та музейбоп материал тўпланди. Уларнинг 438 таси асосий фондга, 436 таси илмий-ёрдамчи фондга киритилди. Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) II нинг фойтун араваси реставрация, Кўҳна арк мажмуасидаги арзхона ва зарбхона интерьерлари, Хива хонлиги бўлимига қарашли қозихона интерьери реэкспозиция қилинди. Музей-қўриқхонада, шунингдек, хориждаги музейлар билан тажриба алмашиш ишлари ҳам самарали йўлга қўйилган. Янги ташкил қилинадиган “Қадимги Хоразм”, “Хоразмшоҳлар” ва “Хоразм хонлари тарихи” экспозицияларини шакллантириш жараёнида Хоразм тарихига оид хорижий музейларда сақланаётган маълумотларни тўплаш ва улардан нусха олиш мақсадида музей илмий котиби, тарих фанлари номзоди Комилжон Худойберганов, Япония, музей фонди мутахассиси Ҳамза Мадалиев Украина ва Россияда хизмат сафарида бўлди. 2019 йил 2-3 июнь кунлари Москвадаги Шарқ халқлари музейи ва Евроосиё археология музейлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Музей фаолиятига инновацион технологияларни қўллаш борасида 6 та йўналишда — ақлли ахборот тахтачалари, смарт-откриткалар жамланмаси, смарт-музей, интерактив харита, жонли каталог, виртуал музей, шаҳарнинг 3D кўринишлари ишлаб чиқилди. Музейнинг “Қадимги Хоразм тарихи”, “Жоме масжиди” ва “Амалий санъат” бўлимларида 7 та тилда ахборот берувчи 32 та аудиогид қурилмаси ўрнатилган. Тошҳовли саройини таъмирлаш мақсадида АҚШ элчихонаси томонидан ажратилган 150 минг АҚШ доллари қийматидаги грант қўлга киритилди. 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий уй-музейи таъмирланиб, қайта жиҳозланди ҳамда музейда 17 декабрь куни Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги кенг миқёсда нишонланди. Мана бир асрки, Хива музейи мутахассислари ўлка табиати ва тарихининг ноёб буюмларини тўплаб, уларни асраб-авайлаш, жаҳоннинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳларга намойиш қилиш, келгуси авлодга етказиш билан шуғулланмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг март ойида Ичан қалъа мажмуасига ташриф буюриб, Амир Тўра мадрасасида амалга оширилган ишлар билан танишди. Ушбу мадраса Хитойнинг 9,5 миллион долларлик грант маблағи ҳисобидан қайта тикланди. Натижада у шаҳардаги энг гавжум туристик объектлардан бирига айланди.

— Тарихий биноларни сақлаш ҳамма даврларда энг катта муаммо бўлиб келган. Хива Ўзбекистонда тарихий обидаларни таъмирловчи реставраторлар мактаби бўлган. Бугун ана шу мактабни қайта тиклаш вақти келди, — деди Президентимиз. — Амир Тўра мадрасаси реставраторларни ўқитадиган мактаб бўлади. Бу ерда усталарга Самарқанд, Фарғона, Қўқон реставрация мактаблари анъаналари ўқитилади. Сайёҳлар кундузи реставраторлар ишини кўрса, кечки пайт бу ерда тарихий саҳналар, хон қабуллари намойиш этилади. Шундай қилсак, бу обидаларда ҳаёт қайнайди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, музей-қўриқхонада 30 март — 2 апрель кунлари Бутун дунё туркий халқлар анжумани — ТУРКСОЙ йиғилиши ўтказилиши режалаштирилганди. Бундан ташқари, Тошҳовли саройида 27 апрелда дунёга машҳур япониялик фотосуратчи Жин Акинонинг фотокўргазмасини ташкил қилиш ҳамда унда намойиш қилинган фотосуратлар асосида жаҳоннинг беш хорижий тилида китоб-альбом чоп этиш мўлжали бор эди. Коронавирус пандемияси туфайли ушбу режалар амалга ошмади. Бироқ карантин муддати якунлангач, музей-қўриқхонадаги фаолият яна давом этади.

Шоназар МАТЁҚУБОВ,

Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонаси директори


Print   Email