САХОВАТПЕШАЛИК – ҲАР БИРИМИЗ УЧУН ҲАМ ҚАРЗ, ҲАМ ФАРЗ

Абдуҳаким Шаръий ЖУЗЖОНИЙ, юридик фанлари доктори, профессор (Швеция):

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси ўзбек давлатчилиги тарихида катта бир анъана ва олий бир инсонпарварликнинг ёрқин намунаси десак, муболаға бўлмайди.

Биз тарихимизга мурожаат қилиб, бундан неча юз йиллар олдин Қорахонийлар давлатида Иброҳим Тамғочхон томонидан мамлакат миқёсида жуда кўп мадраса, мактаб, хонақох, саройлар қурилгани ва халқ ичидаги сармоядор, пулдорлар, молу давлатга эга кишилар хайрияга ўз ҳиссаларини қўшганларини биламиз.

Хайру саховат натижасида Ўзбекистонда илм-фан ривожланади. Албатта, ҳар бир саховатпешалик замирида юксалиш, жамиятдаги соҳаларнинг ривож топиши барқарорлашади. Масалан, катта-катта шаҳарларимиздаги мадрасалар, илм муассасалари ҳам мана шундай саховат ва кўмак орқали янада ривож топиб боради.

Темурийлар даврининг охирги пайтида Ҳазрат Навоийни кўрамиз. Навоийнинг отасидан унга катта молу давлат қолади. Ҳусайн Бойқаро ҳам унга ёрдам қўлини чўзиб турарди. Навоий бобомиз ўзининг 90 фоиз даромадини хайрия, саховат ишлари йўлида ишлатган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурни олайлик, қаерда бўлмасинлар хоҳ у ўз юртлари, хоҳ ўзга юртлар бўлсин, доимо саховат йўлини тутганлар. Бу улуғ аждодларимиз меҳнаткаш ва ҳамиша яхшилик билан ҳамнафас бўлиб келган халқимизга ўрнак.

Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсат ҳам яхшилик ва эзгулик намуналарини ифода этиб келмоқда. Шунинг учун халқимиз бу неъматнинг қадрини билиши керак. Муборак Рамозон ойи хайру эҳсон ойи. Ҳар бир киши қўлидан келганича инсонларга ёрдам бериши лозим. Мен истардимки, халқимиз мана шундай эзгу намуналардан ўрнак олсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бир сўз билан айтганда, давлат раҳбаримизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббусини барчамиз қўллаб-қувватлашимиз ва бу жараённинг бевосита ва билвосита иштирокчисига айланишимиз зарур. Саховатпешалик ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Инсоний, миллий вазифамиздир.


Print   Email