Буюк аждодларимиз меросини ўрганиш хайрли амалдир

Президентимизнинг ўтган йили сентябрь ойида имзолаган фармонида давлат архивларида сақланаётган ва 1917 йилгача бўлган тарихий давр архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш белгиланган.

Айни пайтда архивларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар авваллари танишиш мумкин бўлмаган кўплаб ҳужжатларни ўрганмоқда. Жумладан, таниқли драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига оид ҳали очиқланмаган маълумотлар ҳам бирин-кетин юзага чиқмоқда.

Мозий ишларига назар ташлар эканмиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг XIX асрнинг иккинчи ярмида муайян ижтимоий-сиёсий жараёнлар таъсирида Туркистон маърифатпарварлари, уламолар орасида вужудга келган, тарихий манбаларда “жадидлар” ва “қадимчилар” деб ном олган икки гуруҳга бўлган муносабати эътиборга моликдек кўринади.

“Қадимчилар” ғоясига кўра, шариат миллий-анъанавий қадриятларни сақловчи восита бўлган. Бундай ёндашувни баъзи жадид намояндалари қарашларида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, айни пайтда айрим жадидлар ҳам ўз фаолиятларини шариатдан четга чиққан ҳолда тасаввур этган эмаслар.

Масалан, жадидлар маиший турмушни, миллий урф-одатларни ислоҳ қилиш борасида талайгина ишларни амалга оширганлар ва бунда ислом дини ва шариат аҳкомларига таянганлар. Хусусан, турли маросимлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчиликларни кескин танқид қилдилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойина” журналининг 1913 йил 6-7-сонларидаги “Аъмолимиз ёинки муродимиз” мақоласида мусулмонларни Қуръони каримнинг “Аъроф” сурасидаги 31-оят — “Кулу ва ишрабу ва лотусрифу”га риоя қилган ҳолда исрофгарчиликка йўл қўймасликка чақиради. “Тўй ва таъзияга сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб (қисқа фурсатда) овропойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар”, дейди.

Шу билан бирга, Беҳбудий мусулмонлар барча нарсани шариат қолипига солиб, илм ва тараққиётда бошқа халқларга нисбатан анча ортда қолиб кетганликларидан изтиробга тушади. Самарқанд муфтийси бўлган Беҳбудий ислом ақидалари ҳамда шариат қонунларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, мусулмонларга зуғум қилаётган баъзи эшон ва муллалар, “қадимчилар” ёки қўштирноқ ичидаги уламоларни қаттиқ қоралайди. Ҳақиқий уламо барча мусулмонлар ҳаётини мувофиқлаштириб турувчи ижтимоий куч бўлиши керак, деб ҳисоблайди. “Уламолар ва ҳар бир миллатнинг ақлий меҳнат билан шуғулланувчи шахслари, — деб ёзган эди Беҳбудий, — ўз миллатларининг келажакдаги йўлини кўрсатиб беришлари, маслаҳатлар беришлари, урф-одатлар ислоҳоти учун масжидларда ваъз-насиҳатлар қилишлари, мактаб ва мадрасаларда бу дунё ва охиратда керакли бўлган илмларни ўргатишлари, газета ва китоблар ёрдамида миллатни қай тарзда бой қилиш тўғрисида мулоҳаза ва мубоҳасалар қилишлари керак”.

Беҳбудий ўзининг деярли барча ижтимоий-сиёсий, илмий, диний-маърифий чиқишлари(китоблар, дарсликлари, мақолалари)да миллатни, айниқса, ёшларни янги, замонавий илмларни эгаллашга ундайди. Том маънодаги маърифатпарвар, зиёлига хос одоб билан “қадимчи” ёки “анъаначи” уламоларнинг нафақат диний, балки дунёвий илмлардан бохабар бўлишлари зарурлигини уқтиради. Янги илмдан бебаҳра уламолар ҳам фаръий (иккинчи даражали) ва сатҳий — чуқур ўйламай ўзи каби ноқилларни (нақл қилувчи, демоқчи) ёмон кўриб, ёмон кўз ила қарашлари ноўрин эканлигини таъкидлайди (Мунтахаби жуғрофия, 1-жилд. 1905 йил).

Беҳбудийнинг 1905 йилда нашр этилган “Мунтахаби жуғрофия” дарслиги 1-жилди “Янги ҳукамоларнинг сўзидан намуна” бўлимидаги фикрлар унинг “жадид” ва “қадим”га бўлган муносабатларини яққол ифодалайди. Жумладан, у бундай ёзади: “...ҳайъати жуғрофий ҳикмати табийия ва казо-казони билатургон ёшларимиз, ҳақиқати исломдан бехабарларимиз эски афсоналарни мусулмон китоблариға кўруб мусулмон китобларидан эътиқодлари бўшайдур. Кейинги вақтға шундай кам эътиқод ёшларимиз тез кўзға кўринадур. Эмди бунга бир даво — чора лозимдур. Эй азиз эски ва янгилар, бир-бирингиздан хабар олмоқ ва фикрингиз, илмингиз, иштибоҳингизни айтмоқ, эшитмоқ, дардингиз давосига чора ахтармоқингиз лозимдур ва илло бу ҳолат ила биз кундан-кун, зоҳиран ва ботинан кейин қолурмиз. Кошки фақат ўзимиз кейин қолсак, балки аҳкоми диниямиз кейин қолганидек, эътиқодимиз ҳам кейин қолиб, дунё ва охиратға зомин ва масъул бўламиз”.

1917 йилда Туркистон ўлкасида содир бўлган инқилобий ҳодисалар жамиятда кескин бурилишларни ясади. Большевизм туб жой миллатнинг “қадим” ва “жадид”ларга бўлинганидан устамонлик билан фойдаланиб, маҳаллий халқ орасига қутқу солди, ажратиш ва жамиятни синфий асосга қуриш ҳаракатини кучайтирди.

Маҳаллий аҳоли большевиклар илгари сурган синфий кураш, пролетар инқилоби ва пролетариат диктатураси, “адолатли социалистик жамият”ни барпо этиш ғояларидан жуда узоқ эди. Шунинг учун ҳам ҳокимиятнинг советлар қўлига ўтишини кўпчилик мусулмон зиёлилар, тараққийпарвар шахслар қатъиян қоралаганлар.

Ўлкадаги асосий омманинг орзу-умидлари мустамлакачилик зулмидан озод бўлиш, мустақил демократик миллий давлат барпо этиш, асрий урф-одатлар, анъаналар, диний эътиқоднинг сақланиб қолишидан иборат эди. Айнан мазкур мақсадларга эришмоқ учун ўлкадаги барча миллатпарвар кучлар бир ёқадан бош чиқариши, бирлашиши даркор эди. Бу Беҳбудийнинг чиқишларида ҳам ўз ифодасини топди: “Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё (бойлар)! Эй ғайратли ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи, бири-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъиға, дин ва миллат йўлиға хизмат этингиз” (Муҳтарам самарқандийларға холисона арз, “Ҳуррият” газетаси. 1917 й. 13 май).

Бир мақсад йўлида кураш олиб бораётган миллат зиёлиларининг жадид ва қадимчилар гуруҳларига ажралиши эрк ва озодлик учун бўлган курашга ўзининг салбий таъсирини кўрсатиш муқаррарлигини чуқур англаб етган Маҳмудхўжа Беҳбудий:

“...Туркистон мусулмонлари, Россиядан ажралмаган ҳолда қадимчилар ва жадидлар ўртасидаги зиддият ва ихтилофларимизни тугатиб, бирлашмоғимиз лозим... агар биз, Туркистон мусулмонлари, биргаликдаги саъй ҳаракатларимиз билан ислоҳотлар ва иттифоққа интилсак, зиёлилар ва тараққийпарварларни бой ва уламолар билан бирлаштирсак, унда биз бу билан динимиз, миллат ва ватанимизнинг гуллаб-яшаши учун улкан хизмат қилган бўламиз”, дейди. (Баёни ҳақиқат, “Улуғ Туркистон” газетаси. 1917 й. 12 июнь).

Афсуски, Туркистон халқларининг ҳам, тараққийпарвар уламоларнинг ҳам миллат равнақи, юрт озодлиги, мамлакат тараққиёти борасидаги юксак орзулари ушалмай қолди. Ватанимиз қарийб 70 йиллик мустабидликка мубтало бўлди.

Ҳар қандай диний эътиқод инкор қилинган ва ман этилган социалистик жамиятда диний уламо жоҳил, диндорлар эса жамият тараққиётини орқага тортувчи қора кучлар сифатида талқин этилди. Жадидчилик “маҳаллий буржуазиянинг миллатчилик, пантуркистик ғояларини ўзида мужассамлаштирган “мафкура” сифатида қораланган бўлса, “қадимчилик” ёки қайд этганимиздек “анъаначилик” жаҳолат ва диний мутаассибликни, феодализмнинг оғир асоратларини ўзида ифода этган оқим сифатида баҳоланди.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, Ватанимиз тарихини бирламчи манбаларга таянган ҳолда ҳаққоний ёритишга алоҳида эътибор қаратилди. Тарихимиз саҳифаларидаги турли жараёнларга, воқеа ҳодисаларга ўз миллий мафкурамиз нуқтаи назаридан ёндашила бошланди.

Жадидчилик маърифатпарварлик ҳаракати сифатида талқин қилинди, миллий ва диний қадриятларимиз тикланди. Уламолар эса яна халқимиз орасида ўзининг муносиб мавқеини эгаллади.

Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари интилинаётган бугунги кунда эса Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари басирати кучли, чин миллатпарвар, ўзининг илми, маънавий поклиги, гўзал ахлоқи, комил эътиқоди билан шонли тарихимизда ўчмас из қолдирган буюк аждодларимизнинг ибратомуз ҳаёти ва меросини ўрганиш, шубҳасиз, энг зарур ва хайрли амалдир.

 

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори ўринбосари


Print   Email