Бойлик саховат кўрсатиш учун берилади

Ўзгаларга моддий ва маънавий жиҳатдан холис кўмак кўрсатиш йўлида Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ўз маблағини сарфлаш динимизда доимо мақталадиган амалдир.

Аллоҳ таоло саховат ва эҳсон қилувчиларни севади: “(Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”.

Машҳур уламо Имом Абу Мансур Мотуридий мазкур оят шарҳида “саховат туфайли сарфланган бойликнинг ўрнини Аллоҳ тўлдириб қўйиши”, “дўстларга саховат кўрсатиш билан уларни ҳалокатдан сақлаш зарурлиги”, “саховатдан тану жон саломат бўлиши”ни таъкидлайди. Шунингдек, ушбу оятдаги “ўзингизни ҳалокатга ташламанг” жумласини “саховат кўрсатишда бахиллик қилманг, акс ҳолда ҳалокатга йўлиқасиз”, дея тафсир қилган.

Дарҳақиқат, бойлик жамғариб сақлаш учун эмас, яхши йўлда сарфлаш мақсадида берилган неъматдир. Юқоридаги оятда бойликни яшириб, ундан фойдаланмаслик ҳалокат экани таъкидланмоқда. Бойлик саховат билан асло камаймайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай ваъда қилади: “...Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга тўлиқ қайтарилур”.

Имом Мотуридий қийинчилик ва мусибат вақтларида саховат қилишга ёрдам берадиган учта омилни тавсия этган:

биринчиси, қўлингиздаги бойликнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ эканини ёдда тутинг. У сизга давлатни омонатга берган. Бойликни сарфласангиз, уни қўриқлашдан, елкангиздаги ортиқча юкдан қутулиш баробарида савобга ҳам эга бўласиз.

Иккинчиси, Аллоҳнинг битмас-туганмас хазинаси ва неъматларини, сахийлигини қалбан ҳис қилинг. Ўзи муҳтож бўлиб бошқаларга саховат қилганлар Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлади! Бойлик — Аллоҳга олиб борадиган йўллардан бири! Ундан унумли фойдаланинг!

Учинчиси, бойлик саховат учун яратилгани ва шунинг учун берилганини ёдда тутинг! Бойлик фойдасиз нарсаларга сарфлаш учун эмас, балки ҳар икки дунё саодатини қўлга киритиш учун яратилган. Зеро, саховатнинг савоби ҳам қиёматда бир неча юз баравар кўпайтириб берилади.

Имом Насафий юқоридаги оятни: “Ўзингиз суйган ва эъзозлаган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча яхшиликнинг ҳақиқатига ета олмайсизлар... Маҳбуб (севимли нарса)ни қурбон қилмай туриб, матлуб (мақсад) га эришиб бўлмайди”, деб шарҳлаган.

Умар ибн Абдулазиз шакар савдоси билан шуғулланар ва одамларга шакар улашарди. Ундан: “Одамларга нега шакарнинг пулидан бермайсиз?” деб сўрашганда: “Ўзим суйган нарсадан саховат қилишни истайман”, деб жавоб берар эди.

Имом Бухорий ривоят қилган бир муборак ҳадисда келтирилишича, Муҳаммад алайҳиссалом: “Сизлар ўзингиз яхши кўрган нарсаларни биродарингизга ҳам раво кўрмагунингизча зинҳор комил мўмин бўла олмайсизлар”, деб марҳамат қилган эканлар.

Муқаддас динимиз ана шундай олижаноб инсонпарварлик ғояларига чақирар экан, бугун имкон қадар саховатли бўлишимиз айни муддаодир. Бинобарин, халқимиз минглаб йиллардан бери бундай эзгу ишларда пешқадам бўлган. Бу борада халқимиздан яхшилик кўрган кўплаб миллат вакилларининг ҳақли эътирофларига гувоҳмиз.

Бугун бутун инсониятни мушкул аҳволга солган коронавирус пандемияси асорати сифатида айрим ватандошларимиз олдида моддий ёки маънавий жиҳатдан муҳтожлик кузатилиши мумкин. Шундай пайтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилиш, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш халқимизга ярашади.

Муҳаммадсиддиқ УСМОНОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Манбалар хазинаси” мудири


Print   Email