ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА ТИББИЁТ ҚАЙ ДАРАЖАДА РИВОЖЛАНГАН?

Aмир Темур ва темурийлар даврида табобат илмига, даволаш, орасталик ишларига, бу соҳадаги қурилишларга катта аҳамият берилган.

Тарихий манбаларда Соҳибқирон Хитойга юриши даврида касал бўлиб қолганида шахсий табиби Мавлоно Фазлуллоҳ Табризий даволагани келтирилган.

Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Фасиҳ Хавофийнинг «Мужмали Фасихий», Хондамирнинг «Хулосат ал-ахбор» ва бошқа асарларида келтирилган маълумотларга кўра, ўша давр шифохоналарида мадраса ва бошқа ўқув юртларида билим олган юзлаб табиблар ишлаган. Бу даврнинг етук шифокорлари шифохоналарда беморларни даволаш баробарида мадрасаларда мударрислик ҳам қилган. Темурийлар даври табибларининг баъзилари ажойиб шеърлар ва ўзидан аввал ўтган олимларнинг тиббиётга оид асарларига араб, форс ва туркий тилларда шарҳлар ёзган. Амир Темур саройида Мавлоно Иззаддин Масъуд Шерозий ва Мавлоно Фаррух каби машҳур табиблар хизмат қилишган. Эркаклар ва аёллар учун шифохоналар алоҳида бўлганми? Ҳиротда Умаршайх Мирзонинг хотини бўлган Маҳди улё Милкат оға қурдирган «Доруш-шифо» машҳур эди. Темурийлар даврида бу каби шифохоналар қурилишига алоҳида эътибор қаратилган. Эътиборлиси, аёллар ва эркаклар учун алоҳида шифо масканлари Мовароуннаҳрнинг деярли барча шаҳарларида бўлган. Амир Темур ва темурийлар даврида орасталик ҳамда озодаликка катта эътибор берилган. Буни Соҳибқироннинг ўз аскарларига қўллаган чоратадбирлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Юртимиз музейлари экспозиция залларида айнан темурийлар даври аскарларининг ўзига тегишли бўлган идиш-товоқлари намойиш этилган. Амир Темур ҳар бир жанг олдидан аскарларининг соғлиғини текшириб, уларнинг ўзигагина тегишли бўлган шахсий буюмлари билан қуролланишини назорат қилган. Бундан ташқари, Соҳибқирон келин танлашга алоҳида эътибор берган. Чунки келинлар насл давом эттирувчи эканини инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғломликларини алоҳида текширган.

Тозаликка катта аҳамият берилган Халқни ичимлик сув билан таъминлаш учун кўпгина ҳовуз, канал, ариқлар қазилган. Тарихий манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, Амир Темур ва темурийлар даврида юқумли касалликлар тез-тез тарқаб турар эди. Бунинг олдини олиш учун керакли чоралар кўрилган. Хусусан, тозаликка катта аҳамият берилган, айниқса, ариқ ва ҳовузлардаги сувлар ниҳоятда тоза тутилган. Темурийлар даври табобатида, асосан, Ибн Сино кўрсатмаларига риоя қилинган. Табиблар асарлар ҳам битишган. Жумладан, Амир Темурнинг набираси Пир Муҳаммад Баҳодирга бағишланган «Инсон анатомиясига оид рисола» асари муқаддимасида одам танасининг турли аъзолари, жумладан, суяк, асаб, мускуллар ва қон томирлар тасвирланган. Темурийлар даври табобат илмига оид адабиётлар ўрганилар экан, уларда, асосан, инсон руҳияти, анатомияси ва қон томирларига оид касалликлар ёзилганлигини айтиш мумкин. Маълумки, Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» ва ундан кейинги тиббий асарлар араб тилида ёзилган. Темурийлар даврида эса тиббий асарлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда ёзилгани сабабли форс тилида эди. Худди шу даврлардан илмий атамаларга маҳаллий ўсимлик ва дориларнинг форс тилидаги номлари ҳам киритила бошланган. Айнан темурийлар даврида «Тиб қонунлари»нинг турли қисмларига кўплаб шарҳлар, қисқартмалар ёзилган.

Заҳарни аниқлаб берган идишлар Шунингдек, темурийлар даврида шаҳзодалар учун ясалган идишларнинг қандай металдан ясалишига ҳам эътибор қаратилган. Ана шундай буюмлар сирасига нефритни киритиш мумкин. Маълумки, нефрит тошининг келиб чиқиши X асрда Хитойга бориб тақалади. Хитойликлар уни «ғалаба тоши» деб тақиб юришган. Нефритнинг оқ, яшил, қора ранглари бизга маълум. Биз маълумот бермоқчи бўлган нефрит пиёлалар темурий шаҳзода Мирзо Улуғбекка тегишли бўлиб, ҳозирда у Буюк Британия музейида сақланмоқда. Бу пиёлаларнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, шаҳзодаларни ташқи хавфдан ҳимоялаш мақсадида ҳам фойдаланилган. Яъни нефрит пиёлалар заҳарни фош қилиш хусусиятига эга бўлган. Агар пиёлаларга заҳар солингудек бўлса, уларнинг ранги ўзгарган. Шифокорлар қанча маош олишган? Амир Темур даврида тиббиёт фани юксак даражага кўтарилган эдики, у вақтда ҳатто ўлган одам жасадини балзамлаш усулини ҳам билишган. Масалан, Соҳибқироннинг набираси Муҳаммад Султоннинг қабри очиб кўрилганда, унинг жасади мўмиёлангани аниқланган. Қабрга турли хушбўй доривор моддалар сепилган экан. Шунингдек, қабрдан райҳон баргларининг қолдиғи топилган. Соҳибқирон илм аҳлини қўллабқувватлаган, турли фанлар, айниқса, амалий аҳамиятга эга йўналишларни ривожлантириш тарафдори бўлган. Амир Темур ўз замонасидаги ижтимоий гуруҳларни 12 тоифага бўлган. Шулар қаторида табиблар, мунажжимлар, муҳандислар бир тоифага киритилган. Уларни салтанатга ривож берувчи, деб атаган. Шифохоналарда ишловчи табибларга яхши маош тўланган. Темурнинг махсус фармони билан уларнинг маоши олимлар, мунажжимлар, тарихнавислар ва муҳаддисларнинг маошига тенглаштирилган.

Ҳам жисм, ҳам руҳ даволанган Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, Амир Темур ва темурийлар даврида барча соҳалар кенг ривожлангани каби тиббиёт илми ҳам жадал ривожланган. Табиблардан инсонларни дори-дармон, шифобахш гиёҳлар ёрдамида даволаш билан бир қаторда, уларни ваҳимага солиб қўймаслик учун руҳий томонлама даволаш йўлларини қўллаш ҳам талаб қилинган. Бу эса ўша пайтдаги шифохоналарда китоблар мутолааси, ҳадислар ўқиш орқали амалга оширилган. Тарихнинг барча даврларида инсониятга Аллоҳ томонидан турли касалликлар синов тариқасида берилган. Бундай ҳолатларда ҳар бир инсон ўз кечинмалари, хатоларини фикрлаб, келгусида уларни такрорламаслик ва ҳали қиладиган эзгу ишларига тўлиқ ишонган ҳолда бардавом бўлиши талаб этилади.

 

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

тарих фанлари доктори.


Print   Email