Рўзадорнинг иродаси қандай мустаҳкам бўлади?

Рўза — муқаддас ислом динининг асосий рукнларидан ҳисобланган улуғ ибодатдир.

Рамазони шариф эса ойларнинг султони ҳисобланади. Чунки бу ойда Қуръони карим нозил бўлган. Шу боис бу муддат Қуръон ойи, тақво ва тавба, раҳмат ҳамда шафқат, барака ва савоб, мағфират ҳамда дўзахдан озод бўладиган, гуноҳлар ювиладиган ойдир.

Aллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 183-оятида марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз». Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бири бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди. Рамазон рўзаси фарз бўлишидан аввал ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз ихтиёрлари билан ҳар ойда уч кун рўза тутар, муҳаррам ойининг ўнинчи кунининг рўзасини ҳам адо этардилар.

Aбу Ҳурайра(р.а.)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: «Сизларга муборак рамазон ойи келди. Aллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Унда Aллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп нарсадан) маҳрум қолибди» — дедилар (Насоий ва Байҳақий ривояти).

Жаннат эшикларининг ланг очилишидан мурод шу ойда тоатибодатлар кўп бўлади. Бу ойда гуноҳ ва хатолар бошқа ойларга нисбатан кескин камайгани сабаб дўзах эшиклари ёпилади. Мусулмонлар қалбида иймон учқунлари аланга олади. Шайтонларнинг занжирбанд бўлишидан мурод эса улар бу улуғ ойнинг фазилатларидан мусулмонларни васваса қила олмайди, чалғита олмайди, бунга кучи етмай қолади. Илло, рўза ибодати бандаларга руҳий ғизо бўлади. Овқат танга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқа беради. Киши овқат емаса яшаш мумкин бўлмаганидек, мўминнинг руҳи ҳам рўзасиз яшай олмайди.

Рўза тутувчи мўмин-мусулмонлар бу муқаддас ой киргани билан бир-бирларини табриклайдилар. Чунки бу ой биз учун йил давомида ҳар куни ўқиган беш вақт намозларимиз туфайли ҳам, бошқа ибодат ва хайру садақаларимиз туфайли ҳам кечирилмай қолган гуноҳларимизни мағфират қилишини Aллоҳ таолодан сўраб олишимиз учун бериладиган имкониятдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимки рамазон рўзасини имон-эътиқод ва Aллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилиб юборилади» — дедилар (Бухорий ривояти).

Рўза — улкан одоб-ахлоқ ойи ҳамдир. Унда мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. У туфайли инсон ўзидан ман қилинган нарсаларга сабр қилишга ўрганади. Рўза — сабр мактаби бўлиб, киши рўза орқали ҳаётида дуч келадиган машаққатларга чидашга одат қилади.

Рўзанинг яна бир муҳим ҳикматларидан бири — у туфайли рўзадор саломатлигини тиклаб олади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар», — деганлар. Замонамиз олимлари ҳам рўза турли касалликлардан халос этиши билан бирга, киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказишини тасдиқлайди. Умуман олганда, жигар, сариқ, бавосил, бронхит, бронхиал астма, аллергия, экзема, қанда, саратон, тутқаноқ, склероз, ўпка, камқонлик, ичак касалликларига рўзанинг жуда фойдали эканини илмий равишда тиббиёт олимлари ҳам исботлаган.

Рўза тутган киши рўза ибодати туфайли фаришталар сифати билан сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик, шаҳвоний ҳирснинг йўқлиги, доимо тоат-ибодатда, итоатда бўлишлик фаришталар сифатидир. Рўза тутган инсон эрта тонг саҳардан қуёш ботгунча шу фаришталар сифатлари билан сифатланиб туради. Бундай кишининг иродаси мустаҳкам бўлади, раҳм-шафқат сифатлари кучаяди, сабр-бардошга ўрганади, қалби мусаффо бўлади.

Рўзанинг фойдаларидан яна бири — шайтони лаъинга қаҳр кўрсатишдир. Шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, шайтон алайҳиллаъна хурсанд бўлади. Агар у яхшилик томон юз буриб, Aллоҳ таолонинг амрини бажо келтирса, шайтони лаъин хафа бўлади. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Aллоҳ таолога тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатади.

Шариатимизга кўра, рўза икки хил бўлади: мажбурий тутиладиган фарзу вожиб рўза ва ихтиёрий тутиладиган нафл рўза. Мажбурий тутиладиган фарзу вожиб рўзаларга Рамазон ойининг рўзаси, каффоратлар учун тутиладиган рўзалар ва назр қилинганда тутиладиган рўзалар киради. Ихтиёрий тутиладиган нафл рўзаларга эса Шаъбон, Шаввол ва Муҳаррам ойларида тутиладиган рўзалар, шунингдек, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойларида тутиладиган рўзалар киради. Ҳафтанинг ҳар душанба ва пайшанба кунлари, ойнинг ўртасида уч кун тутиладиган рўзалар ҳам ихтиёрийдир.

Шу ўринда муҳим бир жиҳатни таъкидлаш керак: бу йил Рамазон ойида суннат бўлган Таровеҳ намозлари уйда ўқиляпти. Хатми Қуръонлар телеведение орқали олиб берилмоқда. Албатта, бу бугунги синовли кунларимиз билан боғлиқ. Ана шундай бир вазиятда ҳар йили ташкил қилинадиган кўп кишилик ифторлик зиёфатларига сарф этадиган маблағимизни муҳтожларга эҳсон қилишимиз энг мақбул йўл бўлади. Зеро, ифторликдан мурод — эҳсондир. Қолаверса, бу муқобил кўринишлар билан ҳам мақсад ҳосил бўлади, қийналган оилаларга хурсандчилик улашилади.

Хулоса қилиб айтганда, Рамазон очлик, ташналик, нафсни қийнаш билан Aллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинадиган буюк ойдир.

 

Илҳом БЕКМИРЗАЕВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси доценти, тарих фанлари доктори


Print   Email