Ғалабанинг 75 йиллигига. Уруш ҳеч кимни аямаган...

9 май – Ғалаба куни эл-юртимизнинг асл фарзандлари беш йил давомида мардона жанг қилиб, ёвуз душманни тор-мор этган, мислсиз талафотлар эвазига эришган шон-шараф айёмидир. Ш.Мирзиёев

Мозийга назар ташласак, унда халқимиз қозонган кўплаб муваффақиятларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Форсларнинг энг буюк ҳукмдорини қатл қилган Тўмарис ғалабаси, Доро лашкарини сарсон қилган Широқ жасорати, Александр Македонскийни танг ҳолга солган Сўғднинг паҳлавон йигитлари зафари, ғайридин Қорахитойларнинг босқинларига чек қўйган, мўғуллар исёнига ғолибона қаршилик кўрсатган Хоразмшоҳларнинг баланд кўтарилган зафар туғлари, бутун ислом оламини салибчилар ва мўғулларнинг қабоҳатидан сақлаб қолган Хоразмшоҳлар авлоди – Миср ҳукмдори Сайфиддин Қутуз ҳамда Соҳибқироннинг элларга тинчлик ва ҳамжиҳатлик бахш этган музаффар юришлари... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Мутахассислар томонидан инсоният тарихида сўнгги 5 минг йил мобайнида 15 мингга яқин катта-кичик урушлар бўлгани айтилади. Бу урушларда ғолиб ёки мағлуб бўлганлар ўзлари учун тегишли хулосалар чиқара олганми? деган ҳақли савол туғилади. Юқорида биз санаб ўтган аждодларимиз томонидан эришилган ғалабалар ҳақида тафаккур қилсак, бобокалонларимизнинг бу зафарлари ҳанузгача қалбимизда ғурур, Ватанни севиш, унга жон фидо қилиш каби муқаддас туйғуларнинг жўш уришида асосий маънавий манбаа бўлиб келмоқда. Яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳам тарихимизнинг ажралмас бўлаги, аждодларимизнинг улкан зафари сифатида алоҳида эътибор билан нишонланилади. Хўш, ушбу байрамни кенг миқёсда нишонлаш қанчалик муҳим?

Сир эмаски, ўтган асрда инсоният иккита шафқатсиз уруш гувоҳи бўлди. Биринчи жаҳон урушига 70 миллиондан ортиқ одам сафарбар қилиниб, уларнинг 10 миллиони оламдан ўтган. Иккинчи жаҳон урушида 110 миллион одам иштирок этиб, 70 миллионга яқин одам ҳалок бўлди. Бу рақамларнинг ўзи ҳам ушбу урушлар кўламининг қанчалар кенг бўлганлигини кўрсатиб турибди. Инсоният бошига тушган бу улкан мусибат бизни ҳам четлаб ўтмади, оталаримиз, оналаримиз урушнинг аччиқ таъмидан татиб кўришга мажбур бўлдилар. Аниқроқ айтадиган бўлсак, башарнинг бу кўргилигини жим кузатиш эмас, мардонавор енгишни ўз бурчи деб билди халқимиз. Келинг, урушнинг юртимиз тақдирига қандай таъсир қилганини рақамларда кўриб чиқсак. Аслида, 1939 йил бошланган Иккинчи жаҳон урушининг қуюни 1941 йил ёзига келиб юртимизга ҳам бостириб келди. Ўша пайтда республикамизда истиқомат қиладиган олти ярим миллион аҳолининг бир ярим миллиони жанг майдонларига сафарбар этилди. Бу умумий аҳолининг 22 фоизини, қишлоқ хўжалигига асослаган юртимиздаги меҳнатга яроқли аҳолининг 40-42 фоизи эди. Қурол кўтариб, урушга йўл олган ҳар учта ҳамюртимиздан биттаси табаррук жонини қурбон қилган бўлса, 133 мингга яқин асл ўғлонларимизнинг муборак жасадлари ёт ерларда қолиб кетди. Олтмиш мингдан ортиқ мард ўғлонлар умрларининг охиригача уруш қолдирган ногиронлик муҳрини ўз вужудларида олиб юришга маҳкум бўлди. Бомбалардан олисда бўлса ҳам қорахатлар гумбури вайрон қилмаган хонадон қолмади Ватанимизда. Йўқ, халқимизни бу кулфатлар бука олмади, мардонавор боболаримиз-у момоларимиз хоҳ фронтнинг қайноқ нуқталарида бўлсин, хоҳ фронт ортидаги машаққатли меҳнат жабҳаларида бўлсин, бошни тик тутиб, қайта ва қайта янги марраларни забт этаверди. Жанг қилаётган фарзандлари, оталари, ака-укаси, вафодор ёри учун мамлакатда қолган барча, ёш-у қари, аёл-у эркак қўлни-қўлга бериб, тинимсиз ва заҳматли меҳнат қилдилар. Урушнинг тўрт йили давомида халқимиз фронт учун 4 миллион 806 минг тонна пахта, 1 миллион 66 минг тонна ғалла, 195 минг тонна шоли, 1 миллион 593 минг тонна гўшт етказиб берди. Юртимиздан фронт учун олиб кетилган қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, металлургия маҳсулотларини санаб адоғига етиш, унинг қийматини ўлчаш ниҳоятда мушкул иш. Таъкидлаш лозимки, бунинг учун халқимиз далада, завод ва фабрикаларда қанчалик заҳматли меҳнат қилган ва бу фронтларда жанг қилаётган аскарларнинг машаққатидан кам бўлмаган. Меҳнатсевар халқимизнинг гарданида мамлакатда қолган 4 миллион аҳолининг эҳтиёжи билан бирга фронтларда жанг қилаётган бир неча ўн миллион аскар ва зобитларнинг ҳам ташвиши турарди. Матонат тимсоли саналган аждодларимиз бундай оғир кунларда нафақат бу икки муаммони ҳамжиҳат бартараф этди, балки, қуршовга олинган шаҳарлардан кўчирилган 1 миллион аҳолини ўзининг қайноқ бағрига қабул қилди, яримта нонини баҳам кўрди. Уларнинг 200 мингги етим қолган болалар эди. Бу болалар юртимизда оила бахтини қайта топдилар. Аслини олганда уруш даврида юртимиз аҳлининг кўрсатган умуминсоний жасорати ҳамда саховати чексиз ва бебаҳодир. Келинг, юқоридаги фикримизни давом этсак. Тарихимиз кўрган зафарлар ичида Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг аҳамияти бу урушга қўшган ҳиссамиздек чексиз ва бебаҳодир, назаримизда. Аммо биз учун бу уруш ва ғалаба тинчликнинг, меҳнатнинг улкан неъмат эканини англатган унутилмас сабоқдир. Айтиб ўтганимиздек, ўтмишимизда биз эришган ғалабалар бисёр, уларнинг барчасини ўрганишимиз, ибратидан, тарихнинг буюк ҳикматидан баҳраманд бўлишимиз зарур. Айниқса, сўнгги ойларда бутун дунёни ўз домига тортган коронавирус пандемияси муносабати билан юртимизда эълон қилинган карантин ҳам мазмун-моҳияти билан янги асрнинг халқлар тинчлиги ва ҳотиржамлигига соя солаётган офати сингари юртдошларимизни улуғ бир “жанг”га чорлайди. Бу “жанг”да ғалаба қозонишда халқимизни бирлаштирувчи, муваффақиятимизни таъминловчи асосий омил аждодларимиз яратган тарихий меросдир.

Бекзод АБДИРАИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти бўлими раҳбари

Print   Email