ТАЖВИДГА ОИД МАНБАЛАР

Марказий Осиёдан тафсир илмида Абуллайс ас-Самарқандий, Абулбаракот ан-Насафий, Абу Ҳафс ан-Насафий, Маҳмуд аз-Замахшарий, фиқҳ илмида Абу Ҳафс Кабир, Бурҳониддин ал-Марғиноний, Абу Бакр ал-Косоний, Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-Шариъа ал-Бухорий, калом ва ақида илмида Абу Мансур ал-Мотуридий, Абулмуин ан-Насафий каби мутафаккирлар етишиб чиққан. Улар қаторида  тажвид ва қироат илмида ҳам ислом оламига ибрат бўлган зотлар бор.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақ­ланаётган тажвид илмига оид қўлёзмалар бунинг ёрқин далилидир. Бироқ, улар тўғрисида умумий тасаввур ҳосил қилиш учун илмий маълумотлар йўқ ҳисоби. Бирламчи ҳисоб-китобларга қараганда, арабча манбаларнинг 141 та нусхаси, форсча ва туркийча манбаларнинг эса 182 та нусхаси айнан тажвид илмига оид қўлёзмаларни ташкил қилади. Уларнинг аксарияти Имом аш-Шотибийнинг (1144 – 1194) “Ҳирз ал-амоний” ва Шамсиддин ал-Жазарий (1350 – 1429) қаламига мансуб арабча «ал-Муқаддима» асари ёки Мирзо Зоҳид (XVIII аср) деган маҳаллий қорининг форсча «Қавоид ал-Қуръон» асарлари нусхалари бўлишига қарамасдан дунё илмий жамоатчилигига номаълум, жаҳоннинг бошқа қўлёзма фондларида топилмайдиган бир қанча манбалар ҳам бор. Улар ҳалигача илмий тадқиқотлар доирасига тортилмаган, кўпчилигининг мукаммал илмий тавсифлари ҳам йўқ.

Абулқосим аш-Шотибий қадим Андалусиянинг Шотиба шаҳрида туғилган. У кўзлари ожиз ҳолда туғилган бўлишига қарамасдан Қуръони каримни барча қироатлари билан тўлиқ ёд олган эди. Шунинг­дек, «Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим» ва «ал-Муватто» сингари ҳадис тўпламларини мукаммал ёд олганлиги манбаларда қайд қилинган.

Абулқосим аш-Шотибийнинг бутун дунёга машҳур тажвид ва қироат илмига бағишланган асарининг тўлиқ номи «Ҳирз ал-амоний ва важҳ ат-таҳоний фи-л-қироат ас-сабъ ал-масоний» деб аталган ва муаллиф нисбаси билан «Шотибия» деб ҳам шуҳрат қозонган. Мазкур асар шеърий манзума шаклида тузилган бўлиб, байтларининг барча бандлари «лом» ҳарфи билан тугатилган. Шунинг учун ҳам асар илм аҳли орасида «Ломия» номи билан ҳам машҳур бўлган. Асар 78 бобдан иборат бўлиб, 1173 байтни ўз ичига олади. «Шотибия»нинг 18 та ноёб қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади. Мазкур фондда асарнинг «Иброз ал-маоний», «Мубарриз ал-маоний», «Канз ал-маоний», «Сирож ал-Қори», «Кошиф ал-маоний» ва «Қутбия» каби ўнга яқин шарҳлари нусхалари ҳам мавжуд. Бу жиҳат асарнинг Ўрта Осиёда нақадар шуҳрат қозонганини ҳам ёққол кўрсатади. Имом аш-Шотибийнинг мазкур қасида манзумасидан ташқари «Китоб вуқуф ал-мудаллал ал-ароис ал-Қуръон би-л-ҳалл ал-мукаллал» номли асарининг ҳам ноёб қўлёзма нусхаси сақланади.

Шамсиддин ал-Жазарий эса соҳибқирон Амир Темур даврида Мовароуннаҳр ва унинг пойтахти Самарқандга келиб илмий фаолият олиб борган қироат олими ҳисобланади. Унинг ўндан ортиқ асарлари шуҳрат қозонган бўлса-да, бироқ энг муҳим асари айнан тажвид илмига бағишланган. У «ал-Муқаддима ал-жазария» деб аталади. У ҳам «Шотибия» сингари манзума шаклида тузилган бўлиб, арузнинг ражаз баҳрида ёзилган. У 108 байтдан иборат. ЎзР ФА ШИ қўл­ёзмаларининг Асосий фондида унинг 20 га яқин нусхалари бор. Мазкур асарнинг Тошкубризода (1495 – 1561) ва Мавлоно Али ал-қори (ваф. 1606) томонидан қилинган шарҳларидан ҳам бир неча нусхалари мавжуд. Шамсиддин ал-Жазарийнинг яна қироат илмига оид «Тийбат ан-нашр» ва «ан-Ниҳоя» каби асарларининг қўлёзма нусхалари ҳам мазкур фондда мавжуд.

Марказий Осиё мадрасаларида XIX асрда жуда машҳур бўлган тажвидга оид асарлардан бири Мирзо Зоҳид деган олимнинг қаламига мансубдир. У ҳам ўтмишдошларига ўхшаб ўз асарини назмда битган бўлиб, «Назм ал-қавоид», «Қавоид ал-қурро», «Қавоид ал-Қуръон», «Махорижи ёрон» ва «Махориж ал-ҳуруф» каби номлар билан аталади. Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисми араб ҳарфларининг махражлари, яъни ҳарфларнинг талаффуз ўринларига ба­ғишланган. Бу қисм 40 байтдан иборат. Иккинчи қисми эса 57 байт­дан иборат. У Абдуррауф деган шахсга бағишланган. Асарда «Баҳри Абдуррауф кардам назм, Ба иноёти ҳазрати Мавло!» (Ҳазрати Мавло, яъни Аллоҳнинг ёрдами билан Абдуррауф учун назм қилдим) деган байт бор. «Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР» каталогида мазкур Абдуррауфни мадрасанинг талабаси бўлса керак, де­йилади. Бизнингча, у муаллифнинг ўғилларидан бири бўлиши керак. Одатда бу хилдаги асарлар фарзандлар учун атаб

ёзилади.

«Назм ал-қавоид»нинг биринчи қисми: «Ин чиҳил байтро шуда таърих, Дар баёни «махорижи ёрон» (Ушбу қирқ байтга «махорижи ёрон» баёнида сўзи таърих бўлган) деган байт билан тугатилган. Бу ерда «махорижи ёрон» сўзи таърих бўлса, у абжад ҳисобида 1106 ни англатади. Демак, асар ушбу ҳижрий санада битилган. Бу милодий 1694 – 1695 йилларга тўғри келади. «Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР» каталогида ҳам ушбу сана қайд этилган. Унда 1117 ва 1112 саналар ҳам кўрсатилган. Агар унга биз «баён» сўзини ҳам қўшиб ҳисобласак, у ҳолда 1169 санаси ҳосил бўлади ва у 1755 йилга тўғри келади. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди картотекаларида эса асарнинг ёзилган вақти бўйича 1101, 1111 каби бошқа саналар кўрсатиб ўтилган. Ҳатто 3927/I рақамли қўлёзма нусхаси картотекасида, 901/1495, 2463/VII рақамли қўлёзма нусхаси картотекасида эса 1175/1762 сана асарнинг ёзилган йили сифатида қайд қилинган. Демак, бу турли хилликлар асарни жиддий тадқиқ этиш заруратини туғдиради ҳамда муаллиф ва асар тўғрисида илмий маълумотлар етарли эмаслигини билдиради.

«Назм ал-қавоид»нинг биринчи қисми араб ҳарфларининг махражларига оид бўлиб, муаллиф айтишича, улар 16 та махражга эга. Иккинчи қисмда эса «ғунна», «тафхим», «қалқала», «мад» каби тажвид қоидалари назмда тушунтириб берилган.

«Назм ал-қавоид»нинг 63 та қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади. Бироқ, картотекаларда уларнинг айримларининг муаллифи сифатида Зоҳидий ёки Абдуррауф деб кўрсатилган.

Марказий Осиёда форс тилида битилган манбалардан яна бири Ибн Имод деган муаллиф томонидан ёзилган бўлиб, «Хулосат ат-танзил» деб аталади. У 803/1400 йили ёзилган. Унинг энг қадимги нусхаларидан бири 929/1522 санада китобат қилинган. «Ҳадят ул-

орифин»да «Ибн Имод» тахаллусли андижонлик олим тўғрисида хабар берилган бўлиб, унинг тўлиқ номи Камолиддин Муҳаммад ибн Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Юсуф ибн Имод ибн ал-Ғози ал-Андугоний деб келтирилади. Унинг 1326 йилда таваллуд топгани ва 1375 йили ёзган калом илмига оид «Сидқ ал-калом» номли асари тўғрисида гапирилади. Андугон эса Фарғонанинг бир қишлоғи сифатида келтирилади. Бизнингча, мазкур муаллиф умрининг охирларида тажвидга оид манзума ҳам яратган.

Тажвидга оид форсий манбалардан яна бири «Қавоид ал-Қуръон» деб номланади. Унинг муаллифи Ёрмуҳаммад ибн Худойдод ас-Самарқандий бўлиб, XVI асрда яшаган олим ҳисобланади. Мазкур манбанинг 15 га яқин нусхалари мавжуд. Энг қадимий нусхаси асар ёзилган 920/1514 санадан бир йил кейин Муҳаммад Акбар ал-Жомий номли хаттот томонидан насх хатида 49 варақли қилиб кўчирилган.

«Ал-Минаҳ ал-фикрия» асари муаллифи Али ал-қори ўз шарҳини ёзишда Ёрмуҳаммад ас-Самарқандийнинг «Қавоид ал-Қуръон» китобидан ҳам фойдаланган. Жумладан, у Ёрмуҳаммад ас-Самарқандийнинг «буф» (بوف) ҳарфларига сукунлик «мим» йўлиққанда «мим»ни изҳор қилиш тўғрисидаги фикрини келтириб ўтган. Бироқ, мазкур «ал-Минаҳ ал-фикрия»ни нашрга тайёрлаган Усома Атоё Ёрмуҳаммад ас-Самарқандийни самарқандлик бошқа бир қироат ва тажвид олими, «Изоҳ ал-хаволиф», «Руҳ ал-мурид», «Ақд ал-фарид фи илм ат-тажвид», «ат-Ташжир» ва «ал-Мабсут ва-л-мазбут» асарлари муаллифи  – Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ас-Самарқандий (ваф. 1378) билан янглиштирган. Лекин, у ҳолда унинг исмига «Ёр» қўшимчаси нега қўшилиб қолганига изоҳ бермаган. Бизнингча, Мулла Али ал-қори бу ерда айнан «Қавоид ал-Қуръон» асари муаллифи Ёрмуҳаммад ас-Самарқандийни назарда тутган.

Мавлоно Исмат номи билан шуҳрат қозонган бухоролик адиблардан бири Исматуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Неъматуллоҳ ал-Бухорий (XVI аср) томонидан тажвид илмига оид «Нажот ал-қори» номли асар битилган. Шайбоний Абдуллатифхонга бағишланган мазкур манбада Қуръон ўқиш хосиятлари, айрим оятларнинг фазилатлари ва хато ўқиш ҳукмлари баён қилинган. Унинг икки қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади. Асар насрда ёзилган бўлиб, ҳарфларнинг махражлари тўғрисидаги муаллифнинг манзумаси ҳам унга илова қилинган.

Ҳофизи Калон номи билан танилган бухоролик олимнинг «ад-Дуррат ал-фарида» ҳамда «Анис ал-қурро» номли асарлари мавжуд. У Убайдуллоҳхон даврида Бухорода илмий фаолият олиб борган олим ҳисобланади. «Анис ал-қурро»нинг 927/1521 йили кўчирилган нусхаси автограф бўлиши ҳам мумкин. Муаллифнинг «Хулосат ал-ҳукамо» номли форс тилидаги асарни ўзбек тилига таржима қилгани ҳам маълум.

Фарғоналик олимлардан бири, Сидқий тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммад Содиқ ибн Абдулбоқи ал-Фарғоний томонидан 1000/1591 йили “Риёз ал-аброр” номли асар битилган. 41 варақдан иборат ушбу асар қўлёзмаси Қуръон қироатига бағишланган форс тилидаги ноёб манба ҳисобланади. Яна шу йили муаллифнинг «Ҳадойиқ ал-ахёр» номли асари ҳам ёзилган. Унинг ҳам бир неча қўлёзма нусхалари ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади.

Бухоролик тарихчи, мутасаввиф Саййид Зинда номи билан танилган Али ибн Азизон ибн Мир Ҳусайн ал-Бухорий 1107/1695 санада битган «Туҳфаи Ғиждувоний» номли асар ҳам Қуръон ўқиш қоидаларига бағишланган. Асарнинг тошкентлик хаттот Абдулваҳҳоб Шоший томонидан 1865 йили китобат қилинган бир нусхаси 45 варақдан иборат. Асар аштархонийлардан бўлган Субҳонқулихон даврида 1107/1695 йили ёзилган. Китоб номи аслида «Қироат ас-Сибтайн» деб аталган бўлиб, форс тилида 635 байт­дан иборат қилиб тузилган манзума ҳисобланади. Муаллифнинг «Самарот ал-машойих» номли асари эса Ўрта Осиёда фаолият юритган тасаввуф аҳлининг фаолиятини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

XIX асрга келиб ҳам тажвидга бағиш­ланган бир қанча асарлар ёзилди. Мазкур асарларнинг аксариятини Қуръони каримни тўлиқ ёд олган қорилар, ҳофизи Қуръонлар битганлиги уларнинг муаллифлари номларидан ҳам кўриниб туради. Исмоил қори деган муаллиф томонидан ҳам «Қавоид ал-қурро» номли асар битилган. Жалол қорининг «Муттафақ ал-қироат», Дўст қорининг «Мажмаъ ал-қавоид», Нуриддин Муҳаммад қорининг «Мақсуд ал-қори», Абдулкабир қорининг «Матлуб ал-қироат», Муҳаммад Шоди қорининг «Файз ар-Раҳмон», Ҳасан қорининг «Аҳсан ал-қори», Ҳофиз Абдуллоҳнинг «Марғуб ал-қори» ва Абдунносир домла Сайфуллоҳ ўғли томонидан битилган «Туҳфат ат-толибин» номли асарларни ҳам мисол келтириш мумкин.

Қуръон ўқиш қоидаларига оид XIX асрда битилган манбалардан бири «Ҳуж­жат ал-воқифин» деб номланган. Уни Бухоро Аркидаги масжид имоми Қори Абдурраҳим ат-Торобий ал-Бухорий 1300/1883 йили битган. Асарнинг бир неча нусхалари мавжуд. Шунинг­дек, олимнинг «Туҳфаи Сиддиқхоний» ва «Шарҳ Қасидаи Банот-суод» номли асарларининг ҳам қўлёзма нусхалари сақланиб қолган.

Хулоса қиладиган бўлсак, юқорида ҳам айтганимиздек, Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инс­титутида ҳали илмий тадқиқотларга жалб қилинмаган, илмий тавсифлари яратилмаган қўлёзма манбалар жуда кўп. Шундай манбалар қаторида ислом фанларига оид, айниқса, тажвид илмига бағишланган қўлёзмалар ҳам мавжуд. Институт фондидаги тажвид илмига оид қўлёзма манбалар темурийлар давридан бошланади. XVI асрда эса муҳим асарлар битилган эди. XIX асрга келиб бир қанча мўъжаз рисолалар, айнан кичик ёшли болаларга мўлжалланган форс ва туркий тилдаги назмий ва насрий асарлар ёзилди. ХХ аср бошларида эса уларнинг ўндан ортиғи тошбосмаларда ҳам нашр қилиниб кўпайтирилган эди. Уларнинг муаллифлари ҳаёти ва ижоди, асарларидаги маъно-мазмун ҳалигача тўлиқ ўрганилган эмас. Уларни ўрганиш Марказий Осиё ва унинг юраги бўлмиш Ўзбекистон тарихининг ҳанузгача очилмаган саҳифаларини тўлдиришда жуда катта аҳамиятга эга. Бу асарларни тадқиқ қилиш натижасида буюк олимларимизнинг исломий илмларга қўшган ҳиссаси янада кўпроқ бўлгани англашилади.

 

Абдуманноб Исматуллаев
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти


Print   Email