“ЖОМЕ-УТ ТЕРМИЗИЙ” АСАРИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

Имом Абу Исо Термизий ҳадис илмига тааллуқли истилоҳларни (терминларни) ишлаб чиққан ва уларни амалда илк татбиқ қилиб кўрсатган зотлардан ҳисобланади. Асарларидаги муҳим таҳқиқлар[1] ва аниқ-равшан таржиҳлар[2] бу зотнинг ҳадис илмида алоҳида мавқега эга бўлганлигидан далолат беради.

Зеро, Имом Абу Исо Термизийнинг асарлари бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган қимматли маълумотларни жамлаши билан ажралиб туради.

Имом Термизий ўзининг “Жоме-ут Термизий” асари ҳақида қуйидагиларни ёзганлар: “Ушбу асаримни тасниф этиб бўлгач, уни Ироқ уламоларига кўрсатдим, улар бу асардан рози бўлдилар, Хуросон уламоларига кўрсатдим, улар ҳам рози бўлдилар. Кимнингки, уйида ушбу китоб бўладиган бўлса, худди унинг уйида Пайғамбар алайҳиссалом гапираётгандек бўлади”.

“Жоме-ут Термизий” асари тўрт мингга яқин ҳадисларни ўзида жамлаган. Мазкур асарга биринчи бўлиб шарҳ ёзган Имом Қози Абу Бакр ибн Арабий ушбу асар тўғрисида қуйидагиларни ёзган: “Абу Исо Термизийнинг китоби ҳаловати ва нафосати билан доимо ўқувчиларни ўзига жалб қилиб келган асардир. Бу асарда ўн тўртта қимматли илмлар жамланган:

  1. Соннафа (турларга ажратди);
  2. Аснада (иснодини баён қилди);
  3. Соҳҳаҳа (саҳиҳ, деб ҳисоблади);
  4. Ашҳаро (машҳур, деб ҳисоблади);
  5. Аддадат туруқо (ҳадис йўлларининг ададларини келтирди);
  6. Жарраҳа ва аддала (жароҳатли ва адолатли ҳисоблади);
  7. Асма (исмини баён қилди);
  8. Акна (кунясини баён қилди);
  9. Васола (санадни улади);
  10. Қотоа (санадни узди);
  11. Авзоҳал маъмула биҳи (унга амал қилинганини аниқлаб берди);
  12. Матрук (тарк қилинган);
  13. Баййана ихтилафал улама фир родди вал қобули лиасариҳи (асарларини рад қилиш ва қабул қилиш тўғрисидаги уламоларнинг ихтилофларини баён қилди);
  14. Закаро ихтилафаҳум фи-таъвилиҳи (Қилган таъвили тўғрисидаги уламоларнинг ихтилофларини зикр қилди).

Ушбу илмларнинг ҳар бири ўз бобида асл ва бетакрор услубда баён қилинган”.

Ҳофиз Ҳиндий “Бўстонул муҳаддисийн” (Ҳадис олимлари боғи) асарида қуйидагиларни ёзган: “Термизийнинг асарлари кўп бўлиб, улар орасида энг афзали “Жоме-ут Термизий”дир. Бу китоб қуйидаги жиҳатлари билан барча ҳадис китобларининг энг сараси ҳисобланади:

Биринчидан, бу китобнинг тартиби гўзал ва такрорлари йўқ.

Иккинчидан, унда фақиҳ олимларнинг мазҳаблари баён қилинган ҳамда мазҳаб аҳлларининг ҳар бирининг келтирган асосли далиллари баён қилинган.

Учинчидан, Саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб ҳадис турлари ва бирор иллат билан иллатланган муаллал ҳадислар иллати билан баён қилинган.

Тўртинчидан, Ҳадис ровийларнинг исмлари, машҳур номлари ва кунялари каби рижол илми (ҳадис ривоят қилувчи кишилар илми)га тааллуқли бўлган “Илал” китобида зикр қилинган фойдали маълумотлар “Жоме-ут Термизий”нинг охирида ҳам баён қилинган.

Хулоса қилиб айтганда “Жоме-ут Термизий” асари ҳадис илмидаги энг қимматли асарлардан биридир. Шунинг учун ҳам уламолар: “Имом Абу Исо Термизийнинг “Жоме-ут Термизий” асари мужтаҳидга кифоя қилувчи, муқаллидни беҳожат қилувчи асардир”, деб мадҳ этишган.

 

 

[1] “Таҳқиқ” — маълум бир масалани далил билан исботлаш тушунилади. 

[2] “Таржиҳ” — баҳсли масалалар орасидан бирининг афзаллигини аниқлаш тушунилади.

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

Халқаро ислом академияси 2-босқич магистранти

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси


Print   Email