УЛАМОЛАРНИНГ ИМОМ АБУ ИСО ТЕРМИЗИЙ ҲАҚИДАГИ ЭЪТИРОФЛАРИ

Имом Абу Исо Термизий ўз даврида илм ва тақвода пешқадам бўлганлар. Буни у зот ҳақида сўз юритган барча уламолар эътироф этганлар. Уламоларнинг бу зот ҳақидаги мақтовли сўзлари муболаға бўлмай, аслида у зотнинг ўзларига хос сифатлари бўлган.

Қуйида уламоларнинг Имом Абу Исо Термизийни таърифлаб айтган айрим фикрларини келтирамиз:

Ҳадис ва “жарҳ ва таъдил” илмлари олимларидан Абу Яъло Ҳалилий (милодий 1054 йилда вафот этган) қуйидагиларни билдирган:    

 “Абу Исо сиқа (ишончли), улуғлигига иттифоқ қилинган, омонат ва илм билан машҳур олимдир”.

Муарриҳ ва муҳаддис олимлардан Абу Саид Самъоний  (милодий 1166 йилда вафот этган) қуйидагиларни ёзган:

“Имом Абу Исо Термизий ўз асрининг имоми, ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан бири “Жомеъ”, “Таворих” ва “Илал” каби китоблар тасниф этган пишиқ олимдир. Бу зотнинг ҳифзлари ўта кучли бўлганидан, ҳатто зарбулмасал қилинган”. 

Шайх Ибн Аллак Умар Марвазий (милодий 970 йилдан кейин вафот этган): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этганда Хуросонда илм ва тақвода Абу Исо Термизийнинг мислидек давомчи қолдирмаган эди”.   

Муҳаддис Тақиюддин Исъирдий (милодий 1225 йилда туғилган) қуйидагиларни баён этган:

“Абу Исо Термизийдан Муҳаммад Исмоил Бухорийнинг ҳадис ёзишининг ўзи бу зотнинг фахрига кифоя қилади”.

Аллома муфассир Абу Жаъфар ибн Зубайр (милодий 1308 йилда вафот этган): “Абу Исо Термизийнинг ҳадис илмида бошқа ҳеч ким у зотга шерик бўлмайдиган ягоналик жиҳатлари бўлган”.

Шом муҳаддиси Ҳофиз Миззий (милодий 1256 йилда вафот этган) қуйидагиларни ёзган:

“Абу Исо Термизий машҳур ҳофиз ва Аллоҳ у билан мусулмонларни манфаатлантирган имомлардан биридир”.

Ҳадис, фиқҳ ва тафсир каби кўплаб илмларда етук олим, юздан ортиқ асарлар муаллифи Мулла Али Қори (милодий 1605 йилда вафот этган) қуйидагича таъриф берган:

“Имом Абу Исо Термизий танҳо ҳужжат, пишиқ-пухта ишончли ҳадис ҳофизи бўлган”.     

Имом Абу Исо Термизий ҳақида бу каби эътироф ва мақтов айтган уломолар кўб бўлиб, барчаси бу зотнинг ҳадис илмида барча тан олган имом бўлганидан далолат қилади.    

Бутун ҳаётини илм, ҳадис ўрганиш йўлидаги залворли меҳнат билан ўтказган Имом Абу Исо Термизий ҳижрий 279 (милодий 892) йилда “Буғ” (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани) қишлоғида вафот этган.

 

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Халқаро ислом академияси 2-босқич магистранти

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 


Print   Email