ЎЗБЕКИСТОНДА ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ, ДИНЛАРАРО МУЛОҚОТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОС ВА КАФОЛАТЛАРИ

ЎЗБЕКИСТОНДА ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ, ДИНЛАРАРО МУЛОҚОТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОС ВА КАФОЛАТЛАРИ

Аннотация: Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикасининг виждон эркинлиги ва диний эътиқод масаласидаги давлат сиёсати, мамлакат Конституция ва бошқа қонунларида виждон эркинлигининг кафолатлари,

давлатнинг динлар ва конфессиялараро  мулоқотни олиб боришга яратиб берган шарт-шароитлари,

Ўзбекистон қонунларида прозелитизм ва миссионерликка йўл қўйилмаслиги масалалари ёритиб берилган.

Шунингдек, диний ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ўрни ва ролини аниқлашда давлатнинг вазифаларини аниқлаштириш лозимлиги таклифи берилган.

Калит сўзлар:  Виждон эркинлиги, диний ташкилот, конфессиялараро, диний бағрикенглик, прозелитизм, миссионерлик, эътиқод.

Аннотация: В данной статье рассматриваются государственная политика Республики Узбекистан в отношении свободы совести и вероисповедания, гарантии свободы совести в Конституции и других законах страны, условия, созданные государством для ведения межконфессионального и межконфессионального диалога, а также в законах Узбекистана, запрещающих прозелитизм и миссионерство. Предполагается также, что необходимо уточнить функции государства в определении роли и роли религиозных организаций и других институтов гражданского общества.

Ключевые слова: Свобода совести, религиозная организация, межконфессиональность, религиозная терпимость, прозелитизм, миссионерство, вера.

Annotation: This article discusses the state policy of the Republic of Uzbekistan on freedom of conscience and religious beliefs, the guarantee of freedom of conscience in the laws and the Constitution of the Republic, the conditions created by the state for interfaith and interfaith communications, the prohibition of proselytism and missionary work. And also measures have been proposed to educate young people: how to protect against fanaticism, extremism, proletism and missionary work; determining the role of the state in determining the role of civil society and religious organizations.

Keywords: freedom of conscience, religious organization, interfaith, religious tolerance, proselytism, missionary work, faith.

Ўзбекистон Республикаси  давлат мустақиллигини эълон қилар экан, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва мамлакат суверенитети ғояларига содиқ эканлигини билдирди. Бунда ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашни Конституциянинг муқаддимасидаёқ мақсад  қилган эди.

 Мана шу қоидага амал қилган ҳолда ўтган даврда мамлакатда кўплаб қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Давлат томонидан   фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат юритилди.  Динлар ва конфессиялараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатликни сақлаш,  жамиятда  ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш юзасидан салмоқли ишлар қилинди.  Бунинг натижаси сифатида юртимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурмоқда.

Ўзбекистон халқининг маънавий бирлиги – мамлакатнинг  сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ривожланиши, мустақилликни мустаҳкамлаш, халқни бунёдкорлик ва тараққиёт йўлида бирлаштириш учун зарур шартлардан биридир. Тарихий тараққиёт давомида инсоният динга  ва диний ташкилотларга муносабатни шакллантирибгина қолмай, балки конфессиялараро мулоқотнинг ўзига хос мувозанатини ҳам вужудга келтирди. Инсоният тарихида шахснинг ўз оиласига, атрофидагиларга, ватанига меҳр-муҳаббати, меҳнатсеварлик, қонун нормаларига итоат қилиш, ватанпарварлик, миллатлараро ва конфессиялараро мулоқот маданиятини ривожлантирадиган, шахс маънавий-ахлоқий ривожланишига ҳисса қўша оладиган динлар ва диний қадриятлар тарафдорлари сифатида тарбиялаш борасида ибратли тажриба тўпланди.

Ахборот ва коммуникация технологиялари ривожланиб, инвестицион муҳит янада яхшиланиб, дунё мамлакатларидан инвесторларни  кенг жалб этиб бораётган замонавий ўзбек жамиятида конфессиялараро мулоқот муҳитининг кенгайиб бориши билан бирга бир қатор таҳдидлар ҳам айрим юзага келмоқда. Мазкур жараёнда ўзликни англаш, миллатлараро тотувликни сақлаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигини таъминлаш ва диний бағрикенглик муҳитини янада барқарорлаштириш ўта муҳим масаладир.

Дарҳақиқат, 28 йил аввал мустақил ҳаёт йўлини танлаган ўзбек жамиятида бугунги кунда миллий ва диний қадриятлар мавқеи кучайиб, миллатлараро тенглик ва бағрикенглик мулоқоти, тотувликни ривожлантиришга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Ҳукумат томонидан яратилаётган шарт-шароитлар билан бирга аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшларга диний ва дунёвий илмларнинг уйғун мукаммал ўзлаштириши, субмаданиятнинг миллий маданиятга трансформация жараёнларини аналитик таҳлил қилиш қобилиятини кучайтириш ишлари долзарблик касб этмоқда.

Мамлакатимизда бугунги кунда 2270 та диний ташкилот фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 2091 таси исломий, 179 таси ноисломий диний ташкилотлар, 12 та диний таълим муассаса, 15 та диний вакиллик, 2064та масжидлардан иборатдир.[1] (01.09.2019)

Ҳуқуқий нуқтаи назардан  қараганда, республикада фуқароларнинг дин эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқи амалга оширилмоқда. Бу конституцияда ва қонун нормаларида қуйидагича ўз аксини топган.

Конституциянинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”[2] дейилади.  Буни биз Конституциянинг  46-моддасидаги “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”[2] деган нормасида, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонуннинг 2-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларида, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 9-моддаси, Фуқаролик процессуал кодексининг    8-моддаси, Оила кодексининнг 2- ва 3-моддалари, Фуқаролик кодексининг  17-моддаси биринчи қисми [3], Меҳнат кодексининг 6-моддаси, Жиноят кодексининг 5-моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг     3-моддаси нормаларида ҳам кўрамиз.

Конституциянинг 7-боби шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга бағишланган бўлиб, 31-моддасида  ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги эътироф этилган.

Конституциянинг ушбу моддасидаги қоидалар 1998 йил 1 майда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида мазмунан бойитилди ва ривожлантирилди.

Қонуннинг 3-моддасида “Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишига ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда диний таълим беришга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар” [4] деб белгилаб қўйилган.

Ҳақиқатан ҳам, фуқароларнинг бирор бир динга эътиқод қилиш ёки қилмаслиги қонун билан кафолатланган ҳуқуқи бўлиб, айни пайтда мамлакатда истиқомат қилаётган турли динларга эътиқод қилувчи ва эътиқод қилмайдиган фуқаролар ўртасида муроса ва ҳурмат ўрнатишга кўмаклашиши белгиланган тартибда қонуний рўйхатдан ўтган барча диний ташкилотларга тенг имкониятлар берилиши,  Конституцияда белгилаб қўйилганидек, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этилиши далилидир.

Ўзбекистон Республикаси қонунларидаги тенглик принципи мамлакатда фаолият олиб бораётган кам сонли диний ташкилотлар ва унга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқлари чекланишининг олдини олиш,  шунингдек, туб аҳоли асрлар давомида эътиқод қилиб келган динга устунлик ва имтиёзлар бериш каби ҳолатларнинг олдини олиб тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилади.

Прозелитизм ва миссионерликка йўл қўйилмаслиги масаласи ҳам бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.  Чунки эътиқод масаласи ҳар бир инсоннинг кафолатланган шахсий ҳуқуқи бўлиб, уни мажбурлаш ёки турли усуллар билан бирор бир динга оғдириб олиш нафақат қонун ҳужжатларига, балки миллий қадрият ва одатларга ҳам хилофдир. Статистик маълумотларга қараганда, республикамизнинг Навоий, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида миссионерлик ҳаракатлари олиб борилаётганлиги аниқланган. Бундай ҳаракатлар фуқаролар ўртасида турли қарама-қаршиликлар, миссионерлик ҳаракати қурбонига айланган шахс ва унинг яқинлари, оила аъзолари ўртасида келишмовчилик ва низоларни келтириб чиқаради.

Қонунларимизда  презелитизм ва миссионерлик ҳаракатлари  учун жазо чоралари белгиланган.

Виждон эркинилиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг     5-моддасида  “Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди. Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар” [4]дейилади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 240-моддасида: диний ташкилотнинг қонуний фаолиятига ёки диний маросимларни ўтказишга тўсқинлик қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ёхуд уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, худди шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитиш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” [5]дейилади.

Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан кафолатлаб қўйилган диний эркинликлар билан боғлиқ нормаларни бузганлиги учун қуйидаги жазо чоралари қўлланилади:

2162-моддада диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, яъни нолегал диний фаолият билан шуғулланиш, диний ташкилотлар раҳбарларининг мазкур ташкилотлар уставини рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши, руҳонийлар ва диний ташкилотлар аъзолари томонидан болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, шунингдек диний маросимга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳларни ташкил этиш ва ўтказиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,— энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади дейилади.

Бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,— энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади[6].

2441-модда  жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш ҳақида бўлиб, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш — энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган ҳулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш — энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”[6] дейилади.

2441-модда    биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:

олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;  хизмат мавқеидан фойдаланиб; диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб; оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган[6].

2442-моддада:  диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш — беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, ўша ҳаракатлар: оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса; вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда содир этилган бўлса, — ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади[6] дейилади.

Башарти шахс тақиқланган ташкилотлар мавжудлиги тўғрисида ўз ихтиёри билан хабар қилган ва жиноятни очишга ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.

2443-моддада  диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мустаҳкамланган[6].

Демак, эътиқод эркинлигини инсон ўз хоҳиши ва виждон амри асосида эркин амалга оширмоғи лозим.

Юртимизда виждон эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган яна бир норматив ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони  билан 2017 йил 7 февраль куни қабул қилинган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларга бағишланган ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишини ҳам кўришимиз мумкин. Унда:

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборотни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга ўз вақтида ва муносиб қаршилик кўрсатиш;

фуқаролик, миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш;

давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар қудрати ва салоҳиятини ошириш…[7] каби  нормалар ўз аксини топган.

Қонунларда шундай нормаларнинг акс эттирилганлиги Ўзбекистонда ҳақиқатдан ҳам умумэътироф этилган нормалар асосидаги бағрикенглик тамойилига асосланган қонун ижодкорлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикасидаги давлат қурилиши ижтимоий аҳиллик, сиёсий барқарорлик, кўп миллатли халқ манфаатларининг устунлиги, ватанпарварлик,  демократия тамойилларига асосланади.

Демак бундан кейин ҳам давлат, биринчидан, ривожланиб бораётган ўзбек жамиятининг асрий қадрият ва анъаналарини ҳисобга олган ҳолда умумэътироф этилган нормаларга таяниб, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда диний ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ўрни ва роли масаласини аниқлаштириб олиши;

иккинчидан, динлар ва конфессиялараро  тотувлик ва тушунишни янада яхшилаш учун конструктив фикр алмашиш имкониятини берувчи учрашув  ва музокаралар ташкил этишни янада фаоллаштириш чораларини кўриши;

учинчидан, асрлар давомида халқимизнинг бой маданий маънавий меросини шакллантиришда беқиёс ҳисса қўшган муқаддас ислом дини қадриятлари, ёзма манбалар ва дин пешволари салоҳиятидан фуқароларнинг маданий ва диний савиясини ошириб боришда  кенг фойдаланиши;

тўртинчидан,  ўсиб келаётган ёш авлодни турли ақидапараст, экстремистик ғоя ва қарашлар, прозелитизм ва миссионерлик ҳаракатлари таъсиридан ҳоли ҳолда тарбиялаш вазифаларининг самарли олиб борилишини ташкил этиши лозим.

Фируз Рашидов

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси

References / Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумоти
  2. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси www.Lex.uz
  3. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси. www.Lex.uz
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни www.Lex.uz
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекси www.Lex.uz
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят кодекси” www.Lex.uz
  7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4947 сонли фармонига илова, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси. Lex.uz

Print   Email