«АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД» АСАРИ — ТАОМУЛИЙ ИБОДАТЛАР МАЖМУАСИ

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ авлодларга «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», «Ал-адаб ал-муфрад», «Ат-тарих ас-сағийр», «Ат-тарих ал-авсот», «Ат-тарих ал-кабир», «Китоб ал-илал», «Биррул волидайн», «Асомо ас-саҳоба», «Китоб ал-куна» каби 20 дан зиёд бой ва қимматли илмий мерос қолдирган буюк муҳаддисдир. 

 

Муҳаммадсиддиқ Усмонов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинаси бўлими мудири

 

Унинг бебаҳо асарлари ичида «Ал-адаб ал-муфрад» алоҳида аҳамият касб этади. Уламоларимиз исломдаги ибодатларни иккига – шаръий ва таомулий қисмларга бўлганлар.  «Ал-адаб ал-муфрад»да бу аниқ акс эттирилган. Унга кўра, шаръий ибодатлар Қуръон ва ҳадислар орқали фарз ёки вожиблиги собит бўлган намоз, рўза ва ҳаж каби арконлардир. Баъзи уламолар уларни Аллоҳ таолонинг ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳ билан бўладиган алоқасидир, деганлар. Бу каби ибодатларнинг маъно-моҳияти, уларни қачон ва қандай адо этиш йўсинлари Қуръон оятлари ва ҳадисларга асосланган шаръий далиллар орқали тайин қилинган. Аммо шуни ҳам таъкидлаш лозимки, шаръий ибодатлардан кўзланган мақсад одамларнинг руҳан ва жисмонан юксалишидир.

Агар шаръий ибодатларни  фарз қилган оят ва ҳадисларга синчковлик билан разм солсак, бу ибодатлардан кўзланган ғоя ва мақсадлар аниқ баён қилинган. Масалан, намоз ҳақидаги оятда: «(Эй Муҳаммад,) Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб – Қуръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо этинг! Албатта, намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур», – дейилган. (Анкабут, 45-оят).

Таомулий ибодат, деганда эса, бандаларнинг бир-бирлари билан бўладиган ўзаро муомала ва турли йўсиндаги муносабатларидаги меъёрлар тушунилади. Ислом дини инсонлар ўртасидаги бу муомала ва муносабатларни ижтимоий ҳаёт доирасида ибодат даражасига кўтарган.  Бунга исломда муҳим талаб­лардан саналган тўғрисўзлик, омонатдорлик, иффатлилик, одиллик, инсофлилик, меҳр-шафқат, вафодорлик, садоқат, ҳалоллик ва шу каби инсон камолотини белгиловчи кўплаб фазилатларни киритиш мумкин.

Мусулмонларнинг Ҳабашистон диё­ри­га қилган биринчи ҳижратларида Жаъ­фар ибн Абу Толиб Ҳабашистон ҳукм­дори Нажжошийнинг ислом дини ҳақида берган саволига шундай жавоб берган эди: «Эй подшоҳ! Биз, Аллоҳ таоло токи ўз ичимиздан наслу-насаби, омонатдорлиги маълум бўлган бир кишини пайғамбар қилиб юбормагунича, жоҳилият даврида яшар эдик, санамларга ибодат қилар эдик, ҳаром ўлган жони­ворларни ҳам истеъмол қилаверар, фис­қу-фаҳшлару, беҳаёликлардан тап торт­мас эдик, шунингдек, силаи-раҳм алоқаларини боғламас, қўшниларга озор етказар эдик, шу аснода Аллоҳ таоло бизга бир пайғамбарни юборди. У бизни Аллоҳга, Унинг Ўзигагина ибодат қилишга, ота-боболаримиз томонидан тош ва ёғочлардан иборат бўлган бут ва санамларга ибодат қилишдан воз кечишга чақириб, сўзлаганда ёлғон қўшмай рост сўзлашга, омонатларни адо этишга, силаи-раҳм алоқаларини боғлашга, қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишга, ҳаром ва фаҳш ишлардан, шунингдек,  қон тўкишдан тийилишга буюрди...»

Эътибор берилса, бу воқеа ҳаёт-мамот ҳал бўладиган жуда бир оғир ҳолатда юз берган эди. Зулму зўравонлик­ларга мубтало бўлган мусулмонлар олис йўл босиб, нажот истаб, энди подшоҳнинг ҳузурига кирганларида, ортларидан душманлари кириб келади ва подшоҳга қимматбаҳо совға-саломлар тортиқ қилиб, қочоқларни қайтариб беришни талаб қиладилар. Бу машҳур қисса бизга ислом динининг асл моҳиятини англашга ойдинлик киритса ажаб эмас.

Одамлар бир-бирлари билан қиладиган муомала-муносабатларидаги олий хулқлар ҳадисларда зикр қилинган таомулий ибодат, деб аталади.  Уламолар шаръий ибодатлар ғоя ва мақсад эмас, балки ғояга олиб борувчи восита, таомулий ибодатлар эса диндан кўзланган мақсаддир, деганлар ва таомулий ибодатлар дуруст, яъни талаб даражасида бажарилмагунича, шаръий ибодатлар тўғри ва комил бўлмайди, деган қоидага иттифоқ қилганлар.

Яна бир мисол келтирайлик: «Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларидан сўрадилар: «Муфлис ким биласизларми?» «Ҳа, ҳеч вақоси йўқ одам», дейишди. Муҳаммад алайҳиссалом: «Йўқ, муфлис охиратга намоз-у рўзалари, садақа-ю эҳсонлари туфайли кўп савоблари билан борган, аммо дунёда фалончининг молини ноҳақ еган, фалончини сўккан ва фалончини урган одамдир. Ҳақдорлар унинг савоб амалларини олиш билан ҳақларини оладилар, савоблари ту­га­гач, ҳақдорларнинг гуноҳларини ўз зим­масига олади, сўнг у ерда юз тубан ҳол­да судраб, дўзах­га улоқтири­лади», дедилар».

Ушбу ҳадисга кў­ра, дунё ва охират муаммолари шаръий ибодатларнинг ўзи билангина ҳал бўлмаяпти, балки шаръий ибодат билан бирга таомулий ибодатлар талаб даражасида бажарилгандагина дунё ва охират саодатига эришиш мумкинлиги ойдинлашмоқда.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ­нинг «Ал-адаб ал-муфрад» асарида эса асосан муҳим таомулий ибодатлар ифодаланган ҳадислар бирин-кетин бобларга жойлаштирилганига гувоҳ бўламиз. Асар дастлаб 24 бобга ажратилиб, 46 ҳадисни ўз ичига олган «Ота-онага яхшилик қилиш» бўлимидан бошланган. Ота-она ҳар бир фарзанд учун табаррук ҳисобланиб, аввало унинг ёруғ дунёга келишига сабабчи бўлишган. Аллоҳ таоло бандаларини аввал ёлғиз Ўзигагина ибодат қилишга, сўнгра ота-онага яхшилик қилишга буюрган. 

Уламоларнинг юқоридаги ибодат мо­ҳияти борасидаги фикрларига асос­ланиб, бу бўлимга киритилган ҳадисларни энг яқин йўл билан Аллоҳ розилигига етказувчи таомулий ибо­датларни ифо­даловчи ҳадислар, дейишимиз мумкин.

Иккинчи бўлим «Болалар тарбияси ва уларга меҳрибонлик қилиш» деб номла­ниб, болалар билан боғлиқ турли муносабат ва мавзулар ёритилган 57 боб ва  99 ҳадисни ўз ичига олган. Бу бобда ҳам ҳадисларнинг барчасида бандаларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи таомулий ибодатлар санаб ўтилган.

Учинчи бўлим «Эр-хотиннинг масъулиятлари» деб номланади. Унда ҳам таомулий ибодат рукнларидан баъзилари ёритилган.

Шу ўринда, уламоларнинг бир му­ҳим қоидаси, яъни ғоя ва васила тушунчасини эслаб ўтиш ўринлидир. Васила – бу асл мақсад эмас, балки ғояга олиб борувчи йўлдир. Ғоя эса, ҳақиқий мақсад бўлиб, унга васила орқали эришилади. Мана шу қоидага биноан, уламоларимиз шаръий ибодатларни васила, таомулий ибодатларни  эса ғоя ва мақсад, деб ҳисоблаганлар.

«Ал-адаб ал-муфрад» асарининг асосий мавзуси таомулий ибодатларни ёритишга бағишлангани жиҳатидан жуда катта аҳамият касб этади. Зеро, таомулий ибодат диннинг асосий ғоясидир.

 

Рухсат этилган ҳасад

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу). Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Ҳасад (ҳавас) фақат уч нарса борасида (яъни уч кишига ҳавас қилиш) жоиздир: Аллоҳ Қуръон (ўрганишни) эҳсон этганга, кечаю кундуз у билан (Қуръон билан) машғул бўлганга, Аллоҳ мол ато этган кимсанинг кечаю кундуз у молдан (Аллоҳ йўлида) сарфлаганига.

Касбнинг афзали ҳалол савдогарлик ва ўз қўли билан ишлаб, ризқ топишдир» (Имом Бухорий ривояти).


Print   Email