Оила қадриятининг умри бардавом бўлмоғи шарт

Боқий ва фоний дунё акс этган мадраса

Абдулазизхон мадрасаси – Бухородаги меъморий ёдгорликлардан бири.

Мадраса Бухорода кўпгина муҳташам бинолар қурдирган, аштархонийларнинг бешинчи вакили Абдулазизхоннинг буйруғи билан меъмор Мимхоқон ибн Хўжа Муҳаммадамин томонидан 1652-йилда қурилган. Ушбу мадраса Бухородаги Улуғбек мадрасаси қаршисида қурилган бўлиб, ўрта асрларнинг сўнгги босқичига мансуб. Мадраса тузилиши оддий ва ҳужралари икки ошёнли. Катта пештоқ нафис ва нодир кошинкори нақшлар билан зийнатланган. Исломий нақшлар қаторида афсонавий жониворлар тасвири ҳам берилган. Мадраса ҳужралари, айниқса, жанубий айвон пештоқи турли-туман мовий ранг бўёқлар билан чизилган нақшлар билан безатилган. Гумбаз шипининг ганчли муқарнаслари орасида исломий нақшлар ва зарҳал безаги бор. Бугунги кунда мадраса ҳовлисида сайёҳлар учун миллий мусиқа ва фольклор томошалари кўрсатилади. Шимолий-шарқий бурчагидаги миёнсаройда Бухоро ёғоч ўймакорлиги намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилган. Шунингдек, 1997 йил Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Бухородаги барча меъморий иншоотлар қаторида Абдулазизхон мадрасаси ҳам қайта таъмирдан чиқиб, ЮНEСКО ташкилотининг Бутун жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Хусусан, ХVII асрда Бухоро маҳобатли меъморчилигининг етук намунаси саналган мазкур меъморий обиданинг барпо этилиши тўғрисида тарих зарварақларида битилишича, Абдулазизхон олтинчи маротаба муборак Маккаю Мадинага зиёратга жўнаган пайти сафар чоғи, тунда унинг тушига нуроний бир чол киради. Ўшанда ушбу нуроний чол Абдулазизхонга: “Сен сафардан қайтганингдан кейин ўз ватанингда шундай бир меъморий обида қурдиргинки, бу обида юртингдаги бошқа обидаларга сира ҳам ўхшамасин. Қурдирадиган меъморий обидангда эса боқий ва фоний дунё ўз ифодасини топсин. Асрлар оша халқ ундан баҳраманд бўлиб, сени ёдга олсин”, – дебди. Абдулазизхон сафардан қайтганидан кейин Бухородаги барча кўзга кўринган усталарни чақириб, меъморий обидани қуришларини ва мазкур обиданинг деворларидаги бежирим безаклар бир-биридан фарқ қилиши кераклигини, шу билан биргаликда, деворлардан бирида ўзининг сиймоси ҳам акс эттирилишини айтибди ҳамда: – Айтган шартларим ўз вақтида бажарилсин, – дея таъкидлабди. Бироқ, ўша даврда одам суратини чизиш таъқиқланганига қарамай, уста меъморлар бор маҳоратларини ишга солиб, Абдулазизхон айтган мадрасани қуришга киришибди. Бетакрор меъморий обида аста-секинлик билан ердан қад кўтара бошлабди. Орадан бир неча вақт ўтгандан сўнг меъморий обиданинг маълум бир қисми қуриб битказилибди. Абдулазизхон ўзи қурдираётган обиданинг бир қисми қад ростлаганини эшитиб, у ерга ташриф буюрибди. Усталар мадрасани Абдулазизхон айтганидан ҳам зиёда қилиб қуришган экан. Абдулазизхон мадрасага кириб, усталарнинг ишини кўздан кечирар экан, ўнг томонда жойлашган хонақоҳ томонга юрибди. 
 
У хонақоҳ деворларидаги суратларни диққат билан томоша қилибди. Бунда, хонақоҳнинг жанубий деворига илон ва чаёнлар сурати ишланган бўлиб, бу фоний дунёнинг машаққатлари ҳақида маълумот берган. Шимолий қисмида тасвирланган чизгилар эса бу фоний дунёнинг азоб-уқубатларига бардош берадиган инсонларга боқий дунёда жаннат эшиклари очиқлигидан далолат бериши назарда тутилган. Хонақоҳнинг ғарбий деворига ишланган иккита айиқ сурати эса мансаб ва бойлик кишиларни синаб кўриш учун берилишини англатса, деворнинг шарқий қисмида бойлик ва мансабга берилиб, яратганни унутмаслик ҳақидаги оятлар битилганлигининг гувоҳига айланибди. Абдулазизхон усталарнинг маҳоратини кўриб, бир томондан жуда қувонган бўлса, бошқа томондан эса ўзининг сурати ишланмаганлигидан жаҳли ҳам чиқибди ва меъморга қараб: – Нега менинг суратимни чизмадинг, энди сени жазолайинми? – деб юзланганида, меъмор Абдулазизхонни хонақоҳ эшигидан ташқарига олиб чиқибди ва деворнинг ғарбий қисмида чизилган меҳроб ичидаги бир даста гул тасвирига диққат билан қарашни сўрабди. Шунда қарасаки, бир даста гулда унинг расми гавдаланиб турганини кўриб ҳайратланибди. Абдулазизхон яна бир карра моҳир усталарнинг юксак маҳорати ва зукколигига қойил қолибди. Шундан сўнг, Абдулазизхон тожу-тахтдан бутунлай воз кечиб, тоат-ибодатга берилибди. У подшоҳликдан воз кечгандан кейин мадрасанинг қолган қисми битказилмай қолиб кетган. Аммо, шундай бўлсада, ушбу мадраса Бухоронинг кўркига-кўрк қўшиб, ҳозирга қадар қад ростлаб, ўзининг қадимий ва бетакрор қиёфасини сақлаб турибди. Мазкур мадрасани томоша қилишга келган киши бу дунёдаги боқий ҳаётнинг моҳиятини турфа чизгиларда ифодалаган уста меъморларнинг заковати ва маҳоратига тан бермай, қолмайди.

Жаннат оналар оёғи остида, матонат ўзбек аёли бағрида

Илк қадамларини ёввойиларча турмуш кечириш билан бошлаган кишилик жамияти бу тор дунёда яшаб қолиш учун нималар қилмаган дейсиз. Вақт сайин олдинга интилар экан, ҳам ўзи, ҳам ўзгалар билан курашган. Ўзидан неча марта йирик, кучли, йиртқич ҳайвонларга ҳам ҳужум қилишдан тоймаган. Улардан сақланиш йўлларини ҳам излаган.

Олимлар қўлида ҳозирча бор ашёвий далилларга қараганда, тарихдаги биринчи “росмана” уруш беш ярим минг йиллар бурун Сурия шимоли-шарқининг чеккасидаги Ҳамуқор шаҳрида юз берган. Росмана дейишимизга сабаб, бу тўқнашув овчилик, термачилик, балиқчилик билан кунини кўриб келаётган одамларнинг овқат илинжидаги ҳужуми (ови) ёки ўзи, ўлжасини асраш ниятидаги жон талвасаси эмас, балки олдиндан пишиқ ўйланган режа бўйича бажарилган иш эди. Кишилик ўтмишида юз бергани аниқлаштирилган ўн беш мингдан кўпроқ уруш саноғи ҳам худди шу воқеадан бошланади.

Урушнинг яхши-ёмони бўлмайди. Унга қандай от берилмасин – оқланган-оқланмаган, муқаддас, ғазавот, салибчилик, ватан, озодлик, биринчи жаҳон, иккинчи жаҳон... – уруш барибир уруш бўлиб қолаверади. Ўн беш минг марта уруш бўлдими, демак, шунча марта одамзот бир-бирини аёвсиз қирган. Ҳаммаси бўлиб 3,5 миллиард кишининг ёстиғи қуриган (кўз ўнгимизга келтириш учун: 2020 йил 9 май ҳолатига кўра, Хитой аҳолиси 1,4 миллиардга тенг).

Инсоният уруш қуролларини такомиллаштиришдан чарчамаган. Илк қуроли тош бўлган ақлли инсон йилдан йил, асрдан асрга уни сайқаллаб, янада мукаммал, қирғинли, қўрқинчли қилишдан тоймади. Шу тариқа, ахийри ядро қуролини кашф этди, бу билангина чекланмай, икки марта росмана синаб ҳам кўрди: 255 000 аҳолиси бўлган Хиросимага ташланган бомба қирқ беш сония ўтиб портлаши биланоқ 70 000–80 000 киши ўша заҳотиёқ жон таслим қилган, нурланиш касали туфайли кейинги ойларда вафот этганларни ҳам қўшиб санаганда, қурбонлар сони 140 000 га етган. Шаҳар биноларининг 90 фоизи ё бутунлай, ё қисман бузилган. Нагасакидаги йўқотишлар эса 75 000 кишига тенг бўлган.

Шу тариқа, кишилик тарихида энг фожиали саналмиш Иккинчи жаҳон урушига нуқта қўйилган. Дунё кўламида олганда, унинг домига ўша пайтларда мавжуд 73 давлатдан 62 таси тортилган (уларда Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи яшаган). 110 миллион киши қуролли тўқнашувларда қатнашган. Ҳарбий ва ҳарбий бўлмаганлардан камида 75-80 миллион одам уруш қурбони бўлган. Биргина тўртта давлатда (СССР, АҚШ, Буюк Британия, Германия) 652 700 та самолёт, 286 700 та танк, ўзиюрар, зирҳли машина, 1 миллиондан ошиқ замбарак, (Германияни санамаганда) 4,8 миллиондан ортиқ ўқсочар (пулемёт), 53 миллион милтиқ, автомат, шунингдек, сон-саноқсиз бошқа қурол-аслаҳа ишлаб чиқарилган.

Ҳарбий харажат ва йўқотишлар ўша пайтдаёқ 4 триллион долларга (ҳозирги 57,3 триллион долларга) чақилган (кўз ўнгимизга келтириш учун: АҚШнинг 2019 йилдаги ялпи ички маҳсулоти – 21,48 триллион доллар).

“Барбаросса” ҳарбий режаси деярли олти ой (1940 йил декабридан 1941 йил июнигача) обдон пишитилган – ялпи урушга тайёргарлик, ҳужумни бошлаш, душман ҳудудларини эгаллаб бориш, озиқ-овқат, қурол-аслаҳа, ёнилғи, кийим-бош етказиб бериш ва бошқалар. Лекин унинг бажарилиши чоғида қанча одам нобуд бўлади, қанча шаҳару қишлоқлар бузилиб, йўқ бўлади, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаган.

СССР Давлат режа қўмитасининг уч йил бурун махфийлиги олиб ташланган маълумотларига кўра, 1941-1945 йилларда тўғридан-тўғри уруш туфайли 19 миллиондан ортиқ ҳарбий, 23 миллион атрофида фуқаро ўлган. Ҳарбийлар ва фуқаролар орасидаги умумий табиий йўқотиш, яъни ўз ажали билан ўлиш 10,8 миллионни, шу жумладан, тўрт ёшгача бўлган болалар 5,76 миллионни ташкил қилган. Бошқача айтганда, тилга олинган муддатда совет аҳолиси йўқотган 52,81 ­миллион кишидан 42 миллиондан кўпроғи уруш қурбони бўлган.

Мана шундай улкан, ақлга сиғмас йўқотиш, беҳуда харажатларга қарамай, инсоният уруш фалсафасидан бутунлай қутулолмаган. Бу ҳам етмагандек, урушга аталиб афсоналар, достонлар битилган, илмий, бадиий ва санъат асарлари яратилган. Урушдан яхшилик қидирадиган таълимотлар ҳам бор. Бироқ уруш доимо фожиа эканини уқтирувчи қараш барибир устундир.

Ушбу мақолани ёзишда инсоният тарихидаги турли уруш-талашлар билан боғлиқ воқеалар ва уларнинг кейинчалик тарихчилар, адабиёт ва санъат аҳли томонидан ёритилишини эплаганча эслаб кўрдик. Ёндашувларнинг ҳар қандайи бор, бироқ уруш ва она мавзуси ярқ этганини тополмадик. Светлана Алексиевичнинг Нобель мукофатига лойиқ кўрилган асари ҳам урушда қатнашган жангари аёлларга бағишланган.

Энди мана бу ҳужжатли далилга қаранг: 1945 йил охирларида СССР аҳолиси орасида 20 дан 29 ёшгача бўлган хотин-қизлар сони худди шу ёшдаги эркаклардан икки марта кўп бўлган. Шу ўринда юқорида келтирилган “биргина” сон – 42 миллионни, жумладан, 538 000 дан ортиқ юртдошимизни эслаб, уларни ҳам она туққанмиди, саволини ўртага ташласак. Бундан ташқари, урушга кетиб, на ўлиги, на дараги бор 158 000 дан кўпроқ ватандошимизнинг ҳам онаси бормиди, деб сўрасак... Сўнг ўйласак, кўз олдимизга келтирсак, ўринларига ўзимизни қўйиб кўрсак.

Ўшандагина “Матонат мадҳияси” замиридаги ғоя ва давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари мағзига етиб борамиз: “Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, Зулфия ая ёлғиз ўзи беш ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказган. Иккинчи жаҳон урушида Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон деган бешта азамат ўғлидан жудо бўлган. Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ҳар қандай инсонни ҳам яксон қилиб ташлайдиган бундай оғир зарбага чидаш мумкинми? Лекин матонатли, метин иродали ўзбек онаси бу чексиз кулфатга бардош бера олди. Уруш туфайли Зулфия Зокированинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Онаизор умрининг охирига қадар сув келса — симириб, тош келса — кемириб, қаҳрамон ўғилларининг азиз хотираси билан, келинлари, набираларининг ҳаёти, юртнинг ташвиш ва қувончлари билан яшади. Зулфия аянинг меҳр-оқибатли келинлари ҳам ундан ўрнак олиб, унга мадад бўлиб, барчаси ўз ёрига, оиласига содиқ қолди — бошқа турмуш қурмади”.

Онасини йўқотган фарзандлар отасининг олдидан уни уйлантириб қўйиш борасида бир сидра ўтишлари фарз саналади. Бироқ отасидан айрилганда, бошқасини қўя турайлик, онасининг бирор ерга боришини назорат қиладиган ўғиллар ҳам йўқ эмас. Бу билан асрий анъаналаримизни бузишни таклиф этмоқчи эмасмиз. Асло! Негаки мазкур ёзилмаган қоидани ҳам, аслида, ўлим тўшагида ётган, ўзидан кейин чолининг иссиқ-совуғи борасида қайғурган, ҳеч кимга хор бўлишини истамаган ўзбек аёлининг ўзи киритганига бизда ҳеч бир шубҳа йўқ. Худди шунингдек, Зулфия ая келинларини янги турмуш қуришга ундагани, аммо улар кўнмаганлари борасида ҳам иккиланмаймиз.

Мана шундай аёлларни жаннати дейдилар. Шу маънода, барчамизга ёд бўлиб кетган “жаннат оналар оёғи остида” ҳадисини одатдагидан ўзгачароқ англашга уриниб кўрсак. Олдинига юз берган воқеани тўлиғича эсласак: ғазотга бориш ниятда бўлган мусулмон йигит расулуллоҳ қошига келиб, бу борада маслаҳат сўраганида, ул зот, онангиз борми, деб сўраганларида, ҳа, жавоби янграган. Шунда пайғамбаримиз, сиз, ўғлим, онангизнинг хизматини ғанимат билинг, чунки жаннат унинг оёғи остидадир, деган эканлар.

Мазкур ҳадисдан муддао, “жаннатга кириш учун ғазот қилиш шарт эмас, онанинг хизматида бўлишнинг ўзи жаннат эшикларини очиб беради”, деган фикрни мусулмонлар онгига сингдиришдир, албатта. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб авж олаётган йилларда ўзбек аёлида ҳам, унинг ўғлида ҳам танлаш, кимнингдир ҳузурига бориб кенгашиб иш тутиш, нажот топишнинг имкони йўқ эди. Бунинг нималигини ёлғиз ўғилнинг урушга кетиши, у ерда бўлиши, қайтиши онларини ўз бошидан ўтказган инсон сифатида биз яхши биламиз. Эл-юрт, миллат-оила ҳимоясини истисно қилганда, ҳеч ким ўз хоҳиши билан урушга боришни истаган эмас, истамайди ҳам. Бироқ кетишга тўғри келдими, кетганга осон, қолганларга қийин бўлади. Қолиш барчага оғир кечади. Энг оғири эса онага! Негаки у бир вақтнинг ўзида ҳам кетгандан хавотирда юради, ҳам қолганларни тинчлантириш, тушкунликка туширмаслик, уларга умид ва ишонч бағишлаш – ҳаётни тўхтатмаслик ­масъулияти билан кун санайди.

Тўрт келин – қисқа умрларининг чучугидан кўра аччиғини роса тотиб бўлганлар, онасининг этагидан қаттиқ тутиб олган болакай, икки қўлдаги икки бола, яна бири бешикда-ю, бошқа бири онасининг қорнида – мири кам бу дунёнинг қаҳри, бедодликларидан бутунлай бехабарлардан олдинда қўлини бағрига босиб, чиндан ҳам сув келса симиришга, тош келса кемиришга тайёр Зулфия ая “мана мен борман-ку”, деяётгандек. Энг асосийси, Президентимиз алоҳида урғу берганидек, бу қандайдир бир тўқима сиймо эмас, “балки ҳаётимизда чиндан ҳам бўлган тарихий воқеа – мўътабар бир инсон ва унинг оиласи тўғрисидаги ҳақиқат”дир. Ҳақиқат бўлганда ҳам бутун оламга татийдиган, ўзбек аёлининг бағридаги матонатни исботлаб қўядиган ҳақиқатдир.

 

Азамат ЗИЁ,

тарих фанлари доктори, профессор

Буюклар ҳақида улуғ сўзлар

Темурийлар Ренессансининг улуғ шоири, буюк мутафаккири, таниқли давлат ҳамда жамоат арбоби, “ўз даврининг энг маданий кишиси” Навоий шоҳ ва шоир Бобурнинг ҳаёт ҳамда ижод йўлида алоҳида ўрин тутган.