Юсуф Ҳамадонийнинг ўлмас мероси

Юсуф Ҳамадонийнинг ўлмас мероси

Минг йиллар муқаддам умргузаронлик қилган ва шайхул ислом даражасига етишган Хожа Убайдуллоҳ Ансорий ўзигача яшаб ўтган барча алломалар, буюк шахслар, сўфийлар илмий кашфиётлари, таълимотлари, ҳикматларини ўрганишга даъват қилиб: “Дунё мутафаккирлари, улуғ инсонлари, валийларининг ҳар бир сўзини ёд олинглар, насиҳатларини эсда тутинглар, ишларини ўрганинглар, ҳаётий хулосаларидан сабоқ олинглар, ана шунда бу оламни янада гўзал, улуғвор ва пойидор қиласизлар”, деб ёзади. Улуғ шайх, алломанинг бу даъвати ўзидан кейинги барча донишмандлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилди.

Ислом оламида тасаввуф таълимоти етакчиларидан бири, Марказий Осиёда ана шу таълимотни бошлаб берган буюк мутасаввуф Хожа Юсуф Ҳамадоний эса бу даъватни нафақат ўзи учун ибрат қилиб олди, балки уни ҳаётда амалий ифодасини топтирган, улуғ салафлари орзуларини рўёбга чиқарган буюк зотга айланди. Хўш, унинг бу борадаги улуғ хизматлари нималардан иборат эди? У юртимиз тарихида қандай роль ўйнади? Ўзидан кейинги авлодлар учун қандай мерос қолдирди?

Юсуф Ҳамадонийнинг тўлиқ исми Абу Яъқуб Юсуф ибн Айюб ибн Ҳусайн бўлиб, у ҳижрий 440, милодий 1048 йилда Ҳамадон шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида дунёга келади. Дастлаб оилада, кейин Исфаҳон шаҳридаги мадрасада таълим олади. Унинг 1068 йилдан кейинги ҳаёти ўша даврда ислом оламида илм-маърифат маскани сифатида танилган Бағдод шаҳрида кечади. Бу ердаги Низомия мадрасасида таълимни давом эттиради. Улуғ аллома, мадрасанинг бош мударриси Шайх Абул Исҳоқ Шерозийга шогирд тушади. У устозидан фиқҳ, фалсафа ва мантиқ илмини чуқур ўрганади. Кейинчалик шу мадрасада фиқҳ ва ҳадис илмидан мударрислик қилади.

Юсуф Ҳамадоний Бағдодда 15 йил яшайди. У шу давр мобайнида кўплаб алломалар, шайхлар, валийлар билан танишади. Айниқса, шайх Абу Али Дармадий билан яқинлик унга тасаввуф таълимоти ғояларидан баҳраманд бўлишга имкон беради. У алломалик билан бирга сўфийлик тариқати йўлини ҳам тутади. “Инсон дунёда ҳам зоҳиран, ҳам ботинан юксак тарбия топмоғи ва тариқатда гўзал мақомга эришмоғи керак”. Юсуф Ҳамадоний ана шундай мақсадда Бағдодда хонақоҳ очиб, атрофига шогирдлар тўплайди. Унинг ислом оламидаги улуғвор ишларидан бири ана шундай бошланади.

Бағдодда алломадан таълим олган Абу Саъд Абдулкарим Самъоний “Ал-ансоб” асарида: “Юсуф Ҳамадоний 1100 йилларда Кичик Осиё, Хуросон, Мовароуннаҳр, Хоразм ўлкаларига сўфийлик тариқатини ёйиш, одамлар ўртасида тасаввуфнинг илмий қудратини намоён қилиш учун ташриф буюрди. У Марв, Хоразм, Бухоро, Самарқандда кўплаб хонақоҳлар ташкил қилди. Унинг атрофида минглаб шогирдлар тўпланди”, деб маълумот беради.

Ана шу шогирдлари орасидан Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Абдураҳмон Алийёна, Абдулқодир Ғилоний кабилар ислом оламида улуғ алломалар, сўфийлар, тариқат пирлари сифатида танилдилар. Муаррихлар Юсуф Ҳамадонийни Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразмда сўфийлик тариқатини бошлаб берган ва уни тарғиб қилган мутасаввуф аллома сифатида эҳтиром билан тилга оладилар. Ҳақиқатан ҳам, кейинчалик бу ўлкаларда яссавия, кубравия, нақшбандия тариқатларининг пайдо бўлиши аллома фаолиятининг амалий натижалари эди. Юсуф Ҳамадоний тасаввуф таълимотида хуш дар дам (сўфий ҳар бир фурсатни ғанимат билиши), назар дар қадам (сўфий ҳар бир қадамини яхшилик йўлида босиши), сафар дар Ватан (сўфий юртини мукаммал билиши ва севиши), хилват дар анжуман (сўфий зоҳиран халқ билан, ботинан эса Аллоҳ ёди билан яшаши керак) деб аталган тўртта қоидани яратди. Бу тўртта қоида хожагон тариқатининг шаклланишига асос бўлди.

Машойихлар шунинг учун хожагон тариқати Юсуф Ҳамадонийдан бошланган, дейишади. Ҳамадонийдан кейин шогирди Абдулҳолиқ Ғиждувоний бу тариқатни яна тўртта қоида билан бойитди. Баҳоуддин Нақшбанд улар устига яна учта қоидани қўшди. Натижада 11 та қоидага асосланган нақшбандия тариқати юзага келди. Хожа Юсуф Ҳамадоний ва унинг издошлари исломда қуруқ зуҳду тақводан иборат тарки дунёчиликни рад этадилар. Уларнинг таълимотига кўра, инсон бу дунёда меҳнат қилиб, ҳалоллик билан кун кечирмоғи, қалбан эса Аллоҳ ёди билан яшамоғи, исломий қоидаларга амал қилмоғи талаб этилган. Кейинчалик ана шу асосда нақшбандия тариқатининг “Дил ба ёру даст ба кор” шиори юзага келди.

Буюк аллома Юсуф Ҳамадоний ўз даврида дунёвий, илоҳий илмлар ҳисобланган фиқҳ, ҳадис,  тафсир, тасаввуф таълимоти ва бошқа соҳалар бўйича кўплаб асарлар яратган. Унинг “Рутбат ул-ҳаёт” (“Ҳаёт мезони”), “Рисолаи кашф” (“Кашф рисоласи”), “Рисола дар одоби тариқат” (“Тариқат одоби ҳақида рисола”), “Рисола фианнал кавна мусаххарун лил-инсон” (“Инсон қалбини ўрганиш ҳақида рисола”) каби асарлари бугунги кунгача етиб келган. Унинг сўфийлар одобахлоқи тўғрисидаги “Рисола дар аҳлоқ ва муножот” асари салжуқийлар ҳукмдори Султон Санжар илтимосига кўра ёзилган.

Алломанинг турли шаҳарлардаги хонақоҳларда айтган ваъзлари ҳам  шогирдлари томонидан асар сифатида тартиб берилган. У асарларида инсонларни яхшиликка ундаб: “Ақлга эргашинг, нафсга мухолифлик қилинг, тоатга мағрурланманг, дунёга берилманг”, деб ёзади. Хожа Юсуф Ҳамадоний кароматгўй валий даражасига эришган инсон бўлган. Қадимий битикларда ёзилишича, валийлар уч хил асосда каромат кўрсатишган. Баъзилари назар қуввати, бошқалари нафас қуввати, айримлари дил қуввати билан олам ва одам сирларини билганлар, инсонларни бўлғуси ишлардан огоҳ қилганлар, касалларнинг дардига даво топганлар. Хожа эса валийликда учта қувватга ҳам эга бўлган.

Ровийларнинг ҳикоя қилишларича, у Самарқандда яшаган пайтда Жета ва Тўқмоқ лашкарларининг шаҳарга бостириб келаётганини олдиндан билиб аҳолига етказган, уларни мудофаага чорлаган, ўзи ҳам қўлига қурол олиб шаҳар ҳимоясида бир неча бор қатнашган. Аллома валийлик билан бирга табиблик илмини ҳам яхши билган. Гоҳ валийлик, гоҳ табиблик билан одамларни даволаган. У ҳаётини, фаолиятини инсонларга ана шундай яхшиликлар қилиш йўлига бағишлаган.

Юсуф Ҳамадоний ҳаёти, фаолияти, мероси тўғрисида Абдулкарим Самъоний, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Али Сафий, Муҳаммад ал-Бухорий асарларида кўплаб маълумотлар берилган. Булар орасида Абдухолиқ Ғиждувонийнинг “Рисолаи соҳибия”, “Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний” асарлари алоҳида ўрин тутади.

Абдухолиқ Ғиждувоний ушбу асарларида устози ҳақида бундай деб ёзади: “Пиёда ўттиз икки марта ҳаж қилган. Ҳафс қироати билан минг марта Қуръонни хатм этган. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, фуруъ, каломга доир етти юзта китобни ёд олган, икки юз ўн нафар машойих билан танишган эди. Бир оёғи қисқа эди. Юзларида чечак хасталигидан излар қолганди. Соқоллари узун ва қизил, жуссалари озғин эди. Кимни кўрса “Хожа” деб мурожаат қиларди. Сафарга кўп чиқарди. Таомини ўзи пиширар, кийимини ўзи юварди. Овоз чиқариб кулмасди. Каромату валийлигини  намойиш қилмасди Халқни ҳаромдан тийилишга ва ҳалол меҳнат билан кун кечиришга ташвиқ этарди. Ҳалол меҳнат қилувчиларни дўст тутарди. Хатти гўзал эди. Яхши кетмон чопарди. Кимдан яхшилик кўрса ҳам, ёмонлик кўрса ҳам яхшилик қилиб қайтарарди. У ҳаётда шайхлар шайхи Абул Ҳасан Ҳарақонийни кўрган, шайх Абдулло Жувайний, шайх Ҳасан Симноний билан ҳамсуҳбат бўлган. Салмони Форсийнинг асоси ва салласини муборак билиб сақларди. Етмиш беш йил бўйдоқ яшадилар, кейин уйландилар. Ҳақ таолодан солиҳ бир ўғил фарзанд сўрар эди. Самарқанд улуғлари унинг суҳбатидан баҳраманд бўлардилар. У Самарқанд пешволарига қалъа қуриш лозимлигини айтар эди”.

Алишер Навоий “Насойим улмуҳаб бат” асарида Хожанинг охирги йиллардаги ҳаёти ҳақида тўхталиб: “Ул зот Хоразм, Бухоро, Самарқандда бир фурсат яшаганларидан кейин Марв шаҳрида муқим турди. Кейинроқ Ҳиротга келиб, анча муддат у ерда фаолият юритди. 535 ҳижрийда (милодий 1141 йилда) Марв шаҳрига қайтиб бораётганида йўлда вафот қилди. Уни ўша жойда дафн қилдилар. Орадан анча вақт ўтгач, хокини Марв шаҳрига келтириб мақбара қурдилар. Мозори Марвдадир”, деб маълумот беради.

Алломага халқнинг эҳтироми ниҳоятда юксак эди. Шунинг учун вафот этганидан кейин унинг қадами теккан жойларда – Бомиён, Ҳирот, Марв, Самарқанд, Хоразм, Бухоро ва бошқа шаҳарларда мақбаралар тикланди, табаррук зиёратгоҳлар барпо этилди. Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги у яшаган ва унинг номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар бузилиб кетган.

Муаррихлар Хожа Юсуф Ҳамадоний Хоразм, Бухоро, Самарқандда 1105-1122 йиллар оралиғида яшаган, деб маълумот берадилар. Шундан унинг Хоразм билан боғлиқ ҳаёти 11051115 йилларга тўғри келади. Бу ерда у Гурганж, Ҳазорасп, Хива, Мазминия, Маздаҳқон, Кардар каби шаҳарларда яшайди. Мадрасаларда талабаларга сабоқ беради. Хонақоҳлар очиб шогирдларига маърузалар ўқийди. Шаҳарлар орасида Хушмисон, маҳаллий аҳоли ўртасида Катқалъа номи билан юритиладиган шаҳар унга манзур бўлади. Аҳолиси кўп, кўркам, обод бу шаҳар чеккасида хонақоҳ барпо эттиради. Алломалар, шогирдлар билан учрашувлар, суҳбатлар ана шу ерда давом этади. Унинг 5-6 йиллик ҳаёти ана шу хонақоҳда кечади.

Маноқибларда ёзилишича, ислом оламида илми кароматлари туфайли Гавсул Аъзам, яъни Буюк мададкор нисбаси билан машҳур бўлган аллома Абдулқодир Ғилоний устози Юсуф Ҳамадоний билан ана шу ерда учрашган ва сўфийларга маърузалар ўқиган. Устоз-шогирднинг ҳамкорликлари умрлари охиригача давом этган. Юсуф Ҳамадоний садоқатли шогирдига эҳтиром билан муносабатда бўлган. Шу сабабли шогирдларига вафотидан кейин Абдулқодир Ғилоний қабрини қабримга ёндош қўйинглар, деб васият қилган. Катқалъа яқинидаги Юсуф Ҳамадоний барпо эттирган хонақоҳ турли даврларда кўплаб алломалар учун илму ижод маскани бўлган. XIV асрнинг ўрталарида бу ерга Юсуф Ҳамадонийнинг авлодларидан бири, унга вайсий шогирд ҳисобланган аллома, шоир, сўфий Саййид Али Ҳамадоний ташриф буюради. Бу ерда ғойибона устози ишларини давом эттиради.

Ровийларнинг ҳикоя қилишларича, у Самарқандда яшаган пайтда Жета ва Тўқмоқ лашкарларининг шаҳарга бостириб келаётганини олдиндан билиб аҳолига етказган, уларни мудофаага чорлаган, ўзи ҳам қўлига қурол олиб шаҳар ҳимоясида бир неча бор қатнашган.

Кейинчалик у Бадахшон, Хатлон, Ҳиндистонда сўфийлик тариқати ғояларини кенг ёяди. Саййид Али ҳам шогирдларига қабрини устози ҳоки ёнига қўйишларини илтимос қилади. XIV асрнинг охирларида Катқалъа яқинидаги бу хонақоҳ бузилиб кетади. Хоразмлик сўфий алломалар саъй-ҳаракати билан бу ерда учта алломанинг қабри тикланади. Улар устига мақбара қурилади. Шу тариқа олис ўтмишда масжид, чиллахона, мақбара ва бошқа иншоотларни ўз ичига олган Юсуф Ҳамадоний номи билан боғлиқ мажмуа барпо этилади.

Бу мажмуа кўп йиллар давомида халқимизнинг улуғ алломаларига эҳтироми, муқаддас зиёратгоҳ сифатида эъзозланиб келинди. Аждодларимиз уларнинг руҳониятларидан куч олиб, илмий меросларидан баҳраманд бўлди. Лекин даврлар ўтиши билан табиий офатлар, жамиятда рўй берган низолар, урушлар натижасида мажмуадаги иншоотларга зиён етди. Айниқса, XX асрда собиқ шўролар давлати давридаги эътиборсизликлар, бузғунчиликлар оқибатида мажмуадаги аксарият иншоотлар бузилиб кетди.

Шўро мафкурачилари халқимизни нафақат улуғ алломаларимизнинг бой илмий-адабий меросидан, балки улар номлари билан боғлиқ тарихий ёдгорликлар, аждодларимизнинг бунёдкорликлари маҳсули бўлган осори-атиқалар, маданият дурдоналаридан ҳам бебаҳра қолдиришга интилдилар. Улар халқимизни бой тарихидан, ўтмиш маънавиятидан узиб қўйиб ўз ғояларини сингдиришни ният қилгандилар. Хожа Юсуф Ҳамадоний мажмуасидаги тарихий иншоотлар, ёдгорликларнинг тақдири ҳам шўролар тазйиқи натижасида оғир кечди. Зиёратгоҳ ёпиб қўйилди. Қаровсизлик натижасида у ярми вайрона ҳолига тушди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин тарихимизни холислик билан ҳаққоний акс эттириш, алломаларимизнинг бебаҳо меросини тадқиқ этиш, маданий ёдгорликлар, ўтмиш обидаларини қайта қуриш, таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор берилди. Юртимиздаги кўплаб тарихий иншоотлар ўз асл ҳолида қайтадан бунёд этилди. Улуғ алломалар, буюк шахслар номлари абадийлаштирилди. Аждодларнинг улуғвор ишлари қайтадан қад ростлади.

Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Бешмерган қишлоғидаги Хожа Юсуф Ҳамадоний мажмуаси ҳам истиқлол йилларида қайтадан юз очди. Аввало, зиёратгоҳ унинг яқинидаги қабристондан девор билан иҳоталанди. Мажмуа ҳудудида зиёратчилар учун хоналар қурилди. Чинорлар экилди. Атроф ободонлаштирилди. Тарихий ёдгорлик ўрнида гумбазли, кўплаб намозхонларни сиғдирадиган масжид барпо этилди. Узун, кенг йўлак катта, муҳташам қилиб қурилган мақбарага олиб боради. Мақбара ичида халқимизнинг ҳурмат-эҳтироми сифатида тикланган Юсуф Ҳамадоний, Абдулқодир Ғилоний, Саййид Али Ҳамадоний қабрлари жойлашган.

Мақбаранинг ички ва ташқи томонлари, йўлаклар, деворлар, гумбазлар мажмуанинг тарихий кўринишига мос қад ростлаган. Бу мажмуа эндиликда аждодлар ва авлодлар бунёдкорликларининг ҳосиласи сифатида қурилиб, халқимизнинг оёғи узилмайдиган муқаддас қадамжога айланган.

Юсуф Ҳамадоний Бағдодда 15 йил яшайди. У шу давр мобайнида кўплаб алломалар, шайхлар, валийлар билан танишади. Айниқса, шайх Абу Али Дармадий билан яқинлик унга тасаввуф таълимоти ғояларидан баҳраманд бўлишга имкон беради. У алломалик билан бирга сўфийлик тариқати йўлини ҳам тутади.

Камол МАТЁҚУБОВ


Print   Email